Меню

Қашқадарё

08.12.2018 1636

ФАРЁД ВА АЛЁР

Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади.

Республика давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 17-модда.

Ҳозир ёш бола ҳам кеча ёки бир неча соат, ҳатто дақиқалар илгари дунёнинг қайсидир бурчагида содир бўлган воқеа тафсилотини замонавий "ойнаи жаҳон"лар орқали билиб олиш имкониятларини яхши ўзлаштирган...

Ўзимизнинг сайтлардаги энг сўнгги янгиликлар билан танишиб ўтиргандим. Ана, фотомухбир дўстларим Жамшид ва Собир олган суратлар - кенг ва равон  кўчалар, кўркам иншоотлар, анвойи гулларга бурканган файзли хиёбонлар, истироҳат боғлари, рангин фавворалар, офтоб нурларида камалакдай товланган зилол томчилар, завқланиб қийқираётган болажонлар, чеҳраларида бахтиёрлик табассуми жилва қилган ота-оналар, набираларини бағрига босиб, шукрона дуосига қўл очган момолару боболар...

Бир томонда бунёдкорлик манзаралари... Равон йўлларга туташган эски лой кўчаларда ғишт, қум, шағал, ёғоч ортилган ҳайбатли машиналар... Бинолар оша улкан юк кранлари миноралари кўзга ташланади. Бузилаётган эски иморатлардаги қадрдон манзараларга кўниккан, куни кеча бузилган, томи қийшайган бўлса-да, умрнинг гўзал  лавҳаларига бешик бўлган ота ҳовлини қўмсаган кўзларга гоҳо ёш ҳам келади. Аммо бу кўзёшлар кўнгилда ҳув анави иморатнинг қаватларидай кун сайин юксалаётган ҳавас тафтида   дарҳол қурийди-кетади. Қалбларда туғилган табассум чеҳраларга кўчади. Кафтлар соябонга айланиб, нигоҳлар юқори қаватдаги янги хонадон деразаларига қадалади. Янги ўрнатилаётган деразалар ойнаси декабрь қуёшида ярқираб кетади... 

Менга қурилиш майдони атрофидаги манзаралар рассомнинг турфа бўёқлар қоришиб ётган палитрасини эслатади. Мана, ҳозир рассом келадию, мўйқаламини бўёқларга ботириб, палитра бўйлаб юргизади. Мақбул ранг тайёр бўлгач, мўйқалам оппоқ мато бўйлаб сирғалади. Кўз ўнгингизда дастлаб ажиб эскизлар, сўнг бетакрор этюдлар, сержило пейзажлар яралаверади - бир томонда бузилаётган эски иморатлар, пахса деворлар, тўсинлар, темир-терсаклар, бир томонда парқу булутлар сузган мовий осмонга туташиб кетган, замонавийлик ва миллийлик уйғун бўлган маҳобатли бинолар, гўё қирмизи пояндоз тўшалгандек товланган йўлаклар, гўзал хиёбонлар, "дом"дагиларга бепоён адирлар нафасини келтирувчи ям-яшил майсазорлар...

***

"Курсор"имни сайтнинг навбатдаги сарлавҳаси устига босдим. Кўз ўнгимда ҳозиргина кўрганларимнинг бутунлай акси бўлган даҳшатли манзаралар суратлари гавдаланди. Дунёнинг оловли нуқталаридан олинганди бу тасвирлар... Сурия, Ироқ, Афғонистон, Мяньма...

Автомат кўтарган болалар... Худкушликка ўргатилаётган қоракўзлар... Бошпанасиз, оч-наҳор қочиб бораётган беватан одамлар...

Харобага айланган кўча манзарасига узоқ тикилиб турдим. Манави портлаш зарбидан олд қисми ўйилиб, қолган деворлари қорайиб қолган уйда ҳам бир пайтлар ширин-ширин ташвишлари билан одамлар яшашган.

Шу уй ҳовлисида ҳам болалар қийқириб ўйнашган. Қанча хотиралар, орзу-умидлар, эзгу ниятларга бешик бўлгандир-а бу хонадон?!

Осойишта тунда кимлардир мусаффо осмонда кезган тўлин ой ва ярқираб турган юлдузларга қараб ширин хаёллар сургандир?!

Бу уйнинг тандирида ҳам тонг саҳардан иссиқ-иссиқ нонлар ёпилгандир?!

Эрталаб дастурхон атрофида оиланинг барча аъзоси жам бўлиб, кундалик турмуш ташвишлари ҳақида сокин суҳбатлар қуришгандир?! Дуолар айтилиб, диллардаги шукрона тилларга ҳам кўчгандир?!

Қанча тўйлар, тантаналар, файзиёб давраларга гувоҳ экан-а бу хонадон? Қанча гўзал куй-қўшиқлар янграгандир бу масканда ҳам?!

Эрта тонгдан бу уйдан чиққан кишилар юмушига, болалар ҳам бехавотиргина мактабига отлангандир?

...Энди-чи?!

Қайда экан ҳозир бу шўри қуриган одамлар? Соғ-омонмиканлар?!

Балки муҳожирлик азобида қайсидир кўприк остида ё чиқиндихонада тунаб юришгандир?!

Балки ўз юртида ҳар дақиқада бўлиши мумкин бўлган портлашлар зарбидан юрак ҳовучлаб яшашаётгандир?!

Кўзлари жавдираган ўша болалар энди мактабу кенг ҳовлидаги ўйинларини, тўю тантаналарни, музқаймоғу ширинкулчаларни тушларида кўришаётгандир?!

Қанча ширин орзу-ҳаваслар, эзгу ниятлар қовжираб, армонга айланди экан бу манзилда?..

Балки...

***

"Чиқ... чиқ..." - сабрим чидамай, компьютер "сичқонча"си тугмаларини чиқиллатиб, яна фараҳбахш юртимиз манзаралари суратларига қайтаман...

Ҳар икки сайтдан ҳам биттадан сурат олиб, мониторимда ёнма-ён жойлаштирдим. Суратларнинг гоҳ унисига, гоҳ бунисига синчиклаб назар солдим. Аллақандай сўз билан тушунтириш мушкул бўлган ўзгача бир муқоясага гувоҳ бўлдим.

Кўз ўнгимда мана бу манзаралар таққоси намоён бўлди - зулмат ва зиё... уруш ва тинчлик, ёвузлик ва эзгулик, эрксизлик ва эркинлик, таназзул ва тараққиёт, хароблик ва ободлик, бузғунчилик ва бунёдкорлик,  қашшоқлик ва фаровонлик, жаҳолат ва маърифат, изтироб ва табассум, қайғу ва шодлик, фарёд ва алёр...

Донишларимизнинг айтишича, яхшилик, яхши ният бор жойда илоҳий нур кўтарилар экан. Бу шундай нур эканки, бошқаларга ҳам татир экан. Минг шукур, ана шундай нурафшон ва тинч-осойишта манзилда яшаш бахти бизга насиб этган. Дунёнинг кўплаб  халқлари орзу қиладиган бундай бахтни ҳар дақиқа, ҳар сонияда асрашимиз зарурлигини яхши биламиз.

Биз шундай халқмиз, ота-боболаримиз бизга шундай таълим беришган - уйимизда тансиқ таом тайёрланса, боғимиз мевага кирса, бир товоқ ош ё бир сават мевани қўни-қўшнимизга, маҳалладошимизга илинамиз. Минг йиллар аввал "Авесто"да битилган "эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал" ғояси қон-қонимизга сингиб кетган. Дарвоқе, шу муқаддас китобда "кимки ғалла экса, у ҳақиқатни экади... кимнинг уйида ғалласи бўлса, у ерга девлар яқинлашмайди" деган ҳикматлар ҳам бор...

Кўнгилда яна бир тилак бор - юртимиздаги барча яхшиликларни дунёга ҳам илинайлик, эзгу ниятларни, эзгу амалларни кўпроқ қилайликки, унинг нури башариятга таралсин! Юртимизга ярашиб турган тинчлик, фаровонлик,  бунёдкорлик, тараққиёт шукуҳи улардан мосуво бўлганларга ҳам насиб этсин!

Нуриддин ЭГАМОВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!