Меню

Қашқадарё

02.05.2017 1895

ФАОЛИЯТИДА МУВАФФАҚИЯТГА ЭРИШГАН ИШБИЛАРМОНЛАР МУНОСИБ РАҒБАТЛАНТИРИЛАДИ

Қайд этиш жоиз, ҳар йили анънавий тарзда ўтказилиб келинаётган мазкур танлов мамлакатимизда бизнес муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш, иқтисодиётда хусусий секторнинг роли ва аҳамиятини ошириш, тадбиркорларнинг касб маҳорати ва билим даражасини юксалтириш борасида зарур шарт-шароитлар яратиш имконини бераяпти. Шунингдек, ушбу тадбир ички бозорни маҳаллий хомашё асосида ишлаб чиқарилаётган сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ҳамда кўрсатилаётган хизматлар билан тўлдириш, шу орқали аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва бандликни оширишга ҳисса қўшаётган, тегишли даврда ўз фаолиятида юқори натижаларга эришган, ташаббускорлиги ва янгиликларга интилувчанлиги билан ажралиб турган ишбилармон ва тадбиркорларни муносиб рағбатлантириш учун айни муддао бўлаётгани билан ҳам аҳамиятли.

Танлов доирасида ташкил этилаётган кўргазмаларда иштирокчи тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар ўзлари етиштираётган ва тайёрлаётган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, либослар, мебель буюмлари, миллий ҳунармандчилик намуналари, қурилиш материаллари ва бошқа кўплаб маҳсулотларни тақдим этишмоқда. 

Таъкидлаш ўринлики, кўрик-танловнинг бу босқичида нуфузли ҳакамлар ҳайъати иштирокчилар фаолиятини бир қатор мезонлар асосида баҳолаб боради. Уларнинг якуний хулосасига кўра, уч асосий йўналиш бўйича йилнинг энг яхшилари номлари эълон қилинади ва улар танловнинг ҳал қилувчи – республика  босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади. Қолаверса, ҳудудий босқичда иштирокчилар бир қатор номинациялар бўйича ҳам тақдирланади.

М.ШУҲРАТОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!