Меню

Қашқадарё

03.11.2016 2540

ФАОЛИЯТ ТУРЛАРИ КЕНГАЙМОҚДА

 

Бунда ўтган даврда мазкур соҳада иш олиб борувчи 1015 та янги субъект фаолияти йўлга қўйилгани муҳим ўрин тутди. Уларнинг аксарияти, аниқроғи 721 таси қишлоқ жойларда ташкил этилгани аҳамиятлидир. Бугунги кунда ушбу субъектларнинг 538 таси чакана савдо ва умумий овқатланиш, 194 таси маиший хизмат кўрсатиш, 55 таси молия, 38 таси қурилиш, 33 таси соғлиқни сақлашга ихтисослашган.

Қарши шаҳридаги “Садаф-М” МЧЖ фаолияти йўлга қўйилганига ҳам унча кўп бўлмади. Бир муддат транспорт хизмати кўрсатиб келган ушбу тадбиркорлик субъекти томонидан яқинда иккита янги йўналиш йўлга қўйилди.

- Жорий йилнинг августида умумий овқатланиш шохобчасини ташкил этдик, - дейди корхона раҳбари Жамшид Ашуров. – Бироз аввал замонавий ускуналар билан жиҳозланган стоматология марказимиз иш бошлади. Мазкур режамизни амалга ошириш учун 150 миллион сўм маблағ сарфладик. Унинг бир қисми банк кредитидир. Бунинг натижасида 10 кишини иш билан таъминладик. Айни пайтда аҳолига қониқарли хизмат кўрсатиб келаяпмиз.

Таъкидлаш жоиз, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида вилоятимизда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси жадал ривожланмоқда. Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида хизматлар соҳасининг улуши 36,3 фоизни ташкил этаётгани бунинг тасдиғидир. Хизматларни асосан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари таклиф этмоқда. Жорий йилнинг 9 ойида тижорат банклари томонидан хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига 26,3 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилгани ҳам ушбу тармоқ ривожига хизмат қилди.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!