Меню

Қашқадарё

07.10.2017 1921

ФАОЛ ЁШ ОИЛАЛАР

Мақсад – катта ҳаётга қадам қўйган ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, моддий фаровонликка эришишини таъминлашдир. Бугун бу борада юртимизда салмоқли ишлар амалга оширилаяпти.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 23 сентябрдаги “Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашда қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам ана шу эзгу мақсад рўёбига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ушбу ҳужжат Президентимизнинг 2017 йил         5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони талабларини бажариш юзасидан, шунингдек, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол қатнашиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилаларга узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш, шу орқали уларнинг уй-жой ва маиший шароитларини янада яхшилаш мақсадида қабул қилинди.

Айтиш жоизки, ёш оилалар учун уй-жойлар қуришда давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги ҳамда 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларида назарда тутилган тартибга амал қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарорига мувофиқ, 2018-2021 йилларда мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар учун  уй-жойлар қуриш параметрлари тасдиқланди. Унга кўра, вилоятимизда кейинги 4 йилда бундай оилалар учун 640 уй-жой бунёд этилиши белгиланган. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан тақдим этиладиган аризалар сонига қараб бу рақам келгусида ўзгариши мумкин. Шундай қилиб, мазкур даврда воҳамизнинг қишлоқ массивларида янгиланган намунавий   лойиҳалар асосида 280 та арзон уй-жой қурилади. Бундан  ташқари, шаҳар ҳудудида жами 360 хонадонни ўз ичига олган кўп қаватли уйлар қад ростлайди.

Тегишли дастурлар доирасида узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш шартларига ҳам аниқлик киритилган. Жумладан, шаҳарларда кўп квартирали арзон уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш учун ипотека кредити 3 йиллик имтиёзли давр билан 20 йил муддатга берилади. Бунда кредитнинг фоиз ставкаси миқдори дастлабки 5 йил мобайнида йиллик 7 фоизни ташкил этса, кейинги даврда эса Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорига тенг бўлади. Уй олишга даъвогар ёш оилалар квартира қийматининг 25 фоизи миқдорида дастлабки бадал пулини тўлайдилар. Қишлоқ жойларда барпо этиладиган арзон уй-жойлар учун тақдим этиладиган ипотека кредити эса юқоридагидек фоиз ставкасида, фақат 15 йил муддатга берилади.  Қолаверса, икки, уч қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) ҳамда 2, 3 хонали бир қаватли уйлар қийматининг 15 фоизи, икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган уйлар баҳосининг 25 фоизи миқдорида дастлабки бадал пули тўланиши лозим.

Мазкур қарор билан жорий этилаётган янги тартибга кўра, фаол ёш оилаларга ипотека кредитлари бўйича бир қатор  имтиёзлар тақдим этилмоқда. Уй-жой сотиб олиш учун дастлабки бадал пуллари кейинчалик қайтариш шарти билан    Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади. Ипотека кредити бўйича биринчи беш йил ниҳоясига етгандан кейинги бутун муддат учун ҳисобланадиган фоизларнинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдорида тўлаш кўзда тутилмоқда. Шу муносабат билан, уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитлари бўйича қўшимча имтиёзлар бериладиган, Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилаларни танлаш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш қайд этилди.

Албатта, бу каби тадбирлар юрт ривожига ҳисса қўшаётган, ўз истеъдод ва иқтидорини намоён этиб, фаоллик кўрсатаётган ёш оилалар вакилларини муносиб рағбатлантиришга, уларнинг саодатли ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган. Бу эса келажагимиз бунёдкорлари ҳисобланган ёшларни ҳар ишда ташаббускор бўлишга ундайди. Бу ишлар ўз навбатида мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати мазмун-моҳиятига ҳам тўла мосдир.

М.ШУҲРАТОВ

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар (ЎзА).

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!