Меню

Қашқадарё

31.01.2017 2127

ФАЙЗЛИ ГЎШАДАГИ МАЗМУНЛИ ҲОРДИҚ

Қарши шаҳрининг Мустақиллик кўчаси бўйлаб бунёд этилган мўъжаз хиёбон бугун ҳақли равишда ана шундай дилтортар масканлардан бирига айланди. Кун тунга уланиши арафасида турмуш ташвишларидан ҳорғинлик сезган киши борки, оиласи, дўсту яқинлари қуршовида беихтиёр мазкур оромбахш жойга талпинаверади. Бу ерда қад ростлаган гўзал фаввора таратаётган салқинлик, атрофдаги барқ урган яшиллик киши юрагининг ўтли ҳовурини босадигандек, кўнглидаги ғуборларни тарқатадигандек, дилгирликларини аритадигандек гўё. Хиёбонда ўрнатилган катта экран эса ҳамшаҳарларимизнинг янада мазмунли дам олишига хизмат қилаяпти. Модомики, мамлакатда тинчлик, осойишталик шукуҳи ҳукмрон бўлсагина, ҳар кунни байрамдек ўтказиш, сайру саёҳат қилиш, маданий ҳордиқ кўнгилга сиғади, татийди. Шу боис мазкур хиёбон доим одамлар билан гавжум, доим болалар кулгисига тўла.

Асосийси, ҳозирги вақтда бундай роҳатбахш гўшалар бир эмас, бир талай. Биргина Қарши шаҳрида ўнлаб шу каби сўлим масканларни учратиш мумкин. Юксакликка шу қадар тез бўй чўзаётган юртимизда уларнинг салмоғи тобора ортаётгани дилга хушнудлик ва мамнунлик бағишлайди.

М.ШУҲРАТОВ

Суратда: Қарши шаҳри Мустақиллик кўчаси бўйида барпо этилган хиёбоннинг умумий кўриниши.

Муродулла КОМИЛОВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!