Меню

Қашқадарё

21.04.2016 2046

ФАҚАТ УНДА ҲАЁТ МУЖАССАМ...

Бир сўз билан айтганда, Коинот бағрида эркин сузиб юрган бу улкан сайёра ҳақиқий мўъжиза: у ҳали-ҳозирча ҳаёт мавжуд бўлган ягона сайёра бўлиб, инсон унинг бағрида эркин, фаровон умр кечираётир...

ҲАММАСИ ЕР ҲАҚИДА

Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, Ер  тахминан 4,5 миллиард йил олдин пайдо бўлган. Экватор бўйича Ернинг йўл узунлиги 40 минг 10 километрни ташкил этади. Ер юзасидан марказигача бўлган масофа 6 минг 378 километрдан иборат. Ер қатламининг 70 километрини  қаттиқ, зич қатлам – литосфера ташкил қилади. Астрономларнинг аниқлашича, Ер Қуёш тизимидаги ягона темир-тошли, маъданли тупроқ қатламига, йирик ва зич массага эга бўлган планетадир.

 Маълумотларга кўра, жаҳоннинг умумий ер майдони, Антарктида ва Арктика музликларини ҳисобга олмаганда, 13,1 миллиард гектардан 14,9 миллиард гектаргача бўлган ҳудудни ташкил этади. Шундан ишлов бериладиган ер майдонлари 11 фоиз, яйлов ва ўтлоқлар 23-25 фоиз, ўрмон ва бутазорлар 31 фоиз, аҳоли яшайдиган ерлар эса бор-йўғи 2 фоиз. Қолган барча ер майдонлари кам маҳсулдор ерлар ва тоғлар, доимий музликдаги тоғ жинсли майдонлар, чўллар, музлик ва ботқоқликлардан иборат.

Ер массаси 5,97х1024 килограммга тенг. Бу эса Меркурий, Марс ва Ойнинг биргаликдаги массаси ўлчовидан ҳам катта (5,86х1024 килограмм).

Ер куррасининг энг қайноқ нуқталари  Калифорниядаги  Ўлим  водийси ва Ливиядаги Ал-Азизия ҳудуди ҳисобланади. Энг юқори ҳарорат Ал-Азизияда 1922 йилнинг 13 сентябрида Цельсий шкаласи  бўйича плюс 57,8 даражани, Ўлим водийсида 1913 йилнинг 10 июлида плюс 55,8 даражани кўрсатган. Ернинг энг совуқ нуқтаси эса Антарктика ҳисобланади: 1983 йилнинг 21 июлида бу минтақадаги рекорд ҳарорат Цельсий шкаласи бўйича минус 89 даражани кўрсатгани қайд этилган.

Ер неча миллион йиллардан бери одамзод учун қулай яшаш манзили ҳисобланади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига қараганда, кейинги ярим аср мобайнида сайёрамиздаги аҳоли сони салкам 3 баробар ортган. Нефть маҳсулотлари, газ ва тошкўмирга бўлган эҳтиёж мос равишда 7, 15, 3,6 маротабага ошган. Электр станцияларининг ишлаб чиқариш қувватлари 21 баробар, алюминий ишлаб чиқариш 15, пўлат ишлаб чиқариш 4 баробардан ортган. Бу эса Ердаги захиралар инсон эҳтиёжини қондириш учун етарли бўлмай бораётганидан далолат беради.

ЕРНИНГ “ТУҒИЛГАН КУН”И

Шиддат билан ривожланиб бораётган цивилизация инсоннинг яшаш шароитини енгиллаштиргани сайин унинг табиат билан боғлиқ муносабатига путур етказаётгани сир эмас. Сув ресурсларининг камайиб бораётгани, ўрмонлар майдони қисқариб, ер қаъридаги қазилма бойлик захиралари озайиб кетаётгани олимларни, жаҳон афкор оммасини ташвишга солаяпти. Зеро, бу муаммолар Ердаги ҳаёт давомийлигига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди ва бутун жаҳон аҳамиятига эга.

1970 йилдан бошлаб ҳар йили 22 апрель куни жаҳондаги барча мамлакатларда Ер сайёрасини асраш, дунё аҳлини унинг бағрида юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга чақириш мақсадида жаҳоннинг илғор мамлакатларида турли тадбир ва акциялар ўтказиб келинади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 2009 йилда 22 апрель санасини “Халқ­аро Ер сайёраси куни” деб эълон қилиб, уни алоҳида сана сифатида нишонлашга қарор қилди. Шу куни турли мамлакатларда Тинчлик қўнғироқлари жаранглайди. Ўзини шу Ер учун, келажак авлод ҳаёти учун жавобгар деб ҳис қилган ҳар бир одамни бу кун бефарқ қолдирмайди. Ер юзи бўйлаб турли минтақаларда ташкил этиладиган акцияларда дарахт экиш, атроф-муҳитни озода сақлаш, ўзи яшаб турган ҳудудни ободонлаштириш ишлари биргаликда амалга оширилади. Ўтказиладиган турли учрашув ва йиғинларда экологлар, олим ва мутахассислар одамларга Ер сайёраси, ундаги ҳаёт бардавомлигини таъминлаш юзасидан атрофлича билим ва тушунча беришга интиладилар. Ўзаро бирдамлик, тинчлик каби омиллар сайёрамиз эртасини таъминлаш учун муҳим экани, Ер юзида давом этаётган уруш ва нотинчликлар нафақат сайёра аҳолиси, балки унинг қаърига ҳам ҳалокатли таъсир кўрсатиши  таъкидланади.

Табиат - бир бутун занжир. Унинг халқалари бир-бирига туташ бўлганидагина тугал ва маълум бир шаклга эга. Дарахт, сув, ҳаво, тупроқ, турли ўсимликлар, жонивору қушлар ва одамзод – табиат занжирининг халқалари. Ер бағрига экилган биргина ниҳол эртага барг ёзиб, илдиз отиб, улкан дарахтга айланади: у ҳар бир жонзод нафас олиши учун кислород, қуш, ҳашарот, жонивору инсонга баравар озиқ бўладиган мева, одам бошпанаси учун ёғоч, исиниши учун ёқилғи беради. Демакки, Ердаги ҳаётни таъминлайди. Биргина шу мисолнинг ўзиёқ бизни ўраб турган борлиқ – бошимиз устида чароғон осмон, оёғимиз тагида мустаҳкам турган замин нақадар катта суянчлигини ҳис этишга ундайди. Она сайёрани асраш – келажак ҳаётни асраш демаклигини эслатади.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!