Меню

Қашқадарё

17.01.2020 1041

ФАҚАТ МАЖЛИС ЎТКАЗИБ, НАТИЖАГА ЭРИШИБ БЎЛАДИМИ?

Йиғилиш

Қарши давлат университетида "Оила ва маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этишда жамоат ва давлат ташкилотлари ҳамкорлиги" мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокимлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши, хотин-қизлар қўмитаси, "Нуроний" жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимлари, Ёшлар иттифоқи, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази ҳудудий кенгашлари масъул ходимлари иштирок этди.

Қайд этилдики, маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича жамоат ташкилотларининг 2020 йил январь-июнь ойларига мўлжалланган ҳамкорлик дастурида белгиланган тадбирларни республика-вилоят-туман-маҳалла даражасида тизимли ташкил этишда ҳар ким ўз маҳалласининг ички ҳолати ва вазиятидан келиб чиқиб ўтказиши мақсадга мувофиқ. Айтайлик, қайсидир  маҳаллада йил давомида ажримлар сони кўпайиб кетган. Демак, бу ерда кўпроқ ажримларнинг олдини олиш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга аҳамият қаратиш лозим. Қайсидир ҳудудда жиноятчилик кўрсаткичи юқори бўлса, улар ҳуқуқ-тартибот органлари билан ишлашни кенгроқ қамровда ташкил этиши зарур.

- Айтиш жоизки, маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни  тизимли ташкил этиш бўйича жамоат ташкилотларининг ҳамкорлик  дастури доирасида 2019 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида вилоятимизда юздан зиёд ихчамлаштирилган тўй ўтказилди, - дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Қурбон Сариқов. - Намунали сценарий асосида ташкиллаштирилган ушбу оилавий тадбирларда тўйдан олдинги ва кейинги барча маросимлар биргина оқшомда мужассамлаштирилди. Натижада 10-12 миллион сўм эвазига 200-250 кишилик тўйлар ташкил этилди. Шунга қарамасдан тўй-ҳашам, маросимларда бемаъни орзу-ҳаваслар, ота-боболаримиз амал қилган урф-одатларга ҳурматсизлик, ортиқча расм-русумлар, дабдабабозлик, бегона урф-одатларга кўр-кўрона эргашилаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Шу сабабли қилинаётган ишлар фақатгина қоғозларда, ҳисобот тариқасида қолиб кетмаслиги, аксинча, аҳолини ҳам олиб борилаётган ҳаракатлардан хабардор қилиш, фаол фуқароларни ҳамкорликка чорлаш масаласини кўриш зарур.

Бу каби ишларнинг ижросини назорат қилиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар  вакилларидан иборат мониторинг гуруҳи тузилди. Улар бириктирилган ҳудудларга чиқиб, мавжуд  муаммоларни ўрганади, ҳамкор ташкилотларга амалий-услубий  кўмаклашади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!