Меню
Қашқадарё
ФАҚАТ БИРГИНА КУРАШ БОР: ЁЛҒОНГА, ЯРИМ-ЮЛУҚЛИККА, ВИЖДОНСИЗЛИККА ҚАРШИ КУРАШ!
Сараланган сатрлар
Ўтган аср бошида юз берган жаҳон муҳорабаси 10 миллион одам ёстиғини қуритиб, 20 миллиондан ошиқ кишини майиб-мажруҳга айлантирди. Иккинчи жаҳон уруши эса 60 миллиондан ошиқ инсон ҳаётига чек қўйиб, 90 миллиондан зиёдини соғлом ҳаётдан итқитиб ташлади. Инсон асли "унутувчан" деган маънони билдиради - асоратлар, кулфатлар, даҳшатларга қарамасдан дунёнинг турли нуқталарида уруш оловлари аланга олиб турибди - тармоқлашган дунёда чекка бир минтақадаги ёвлашув таъсирини билмаслик, сезмаслик мумкин эмас.
Эрих Мария Ремарк ёшлигидаёқ фронтга олинган, қисқа фурсат бўлса-да, жангларда қатнашиб, урушнинг бор ситам-жафоларию даҳшатларини ўз кўзи билан кўради. Бинобарин, барча асарлари урушга қарши қаратилади. Аммо Биринчи жаҳон урушидаги мағлубият боис ўч олиш истагида ёниб-куяётган доиралар учун бундай ғоялар, урушларни бас қилиш кераклиги тарғиб қилинган асарлар керак эмасди. Фашистлар ўша машҳур китоб ёқиш маросимларида дунёнинг кўплаб машҳур тафаккур эгалари қатори Ремарк китобларини ҳам оловга отишди. Адибнинг ўзи Ватанини ташлаб кетган, фашистлар аламини унинг яқинларидан олишади - ака ўрнига сингил қатл этилади...
"Ортга йўл" романи "Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ"нинг мантиқий давоми, деса бўлади. Унда урушдан катта орзу-умидлар билан қайтиб, тинч ҳаётга мослаша олмаган авлод фожиалари ҳақида ҳикоя қилинади. Ўлим кўравериб дийдаси қотган ёшлар ҳаётда ўз ўрни топишга интилади - бироқ иш йўқ, бор жойда маош ўзига яраша, мамлакат очлик гирдобида. Айримлар урушдан контузияга учраб қайтган, тузалиши даргумон. Тўрт йил фронтда оилам учун жанг қиляпман, деб ўйлаган аскарларнинг хотини хиёнат йўлига кирган... Энг ёмони, урушни бошлаган ҳукумат мағлубият аниқ бўлганда, мамлакатни ташлаб қочиб кетган... Шу боис фронтдан қайтган аскарларга қочоқ ҳукумат малайлари сифатида қарашади...
Шундай вазият-шароитда ҳаётдан мазмун топиш, ўрин эгаллаш учун нима қилмоқ керак? Романда шу саволга жавоб изланади. Ишонамиз, "Ортга йўл" романи сиз учун қадрли китобга айланади.
* * *
Эҳтимол, ҳеч ким бировнинг азоб-уқубатларини охиригача ҳис этмагани учун ҳам номинг ўчгур уруш такрор-такрор қайталанаверар.
* * *
Қаҳрамонлик ақл кетганда, ўз ҳаётингга тупуриб қўйганингда бошланади. Қаҳрамонлик ақлдан ташқарида, мубталоликда, таваккалчиликда содир бўлади - шуни ёдда тутинг. Мулоҳазакорликнинг бунга умуман алоқаси йўқ. "Нега? Нима учун? Нима сабабдан?" Ким шунақа саволларни беради, қаҳрамонликнинг фарқига бормайдиган одам-да...
* * *
Қуруқ гап билан дунёни ўзгартиролмайсан.
* * *
Фронтда инсоннинг ўзи қадрланарди, унинг касби эмас.
* * *
Мана, яна она тупроғимиздамиз. Аммо энди Ватан бизга ёт-бегонадек. Окопларнинг қўли баланд келди.
* * *
Ўқитувчиларга назар соламан. Қачонлардир улар биз учун бошқаларга нисбатан ҳурматли одамлар эди; биздан баланд бўлганлари учун эмас, асло, гарчи гоҳида уларнинг устидан кулсак-да, қалбимизнинг туб-тубида уларга ишонардик. Энди эса булар биз юқоридан такаббурлик билан қарайдиган бармоқ билан санарли кекса одамлар холос.
Улар бизни яна-тағин ўқитишмоқчи. Учиб юрган осмонларидан пастга тушишга ҳам рози. Лекин бизга нимани ҳам ўргатишарди? Энди биз ҳаётни улардан кўра яхшироқ англаймиз, шафқатсиз, қонли, даҳшатли билимларни ҳам ўзлаштирганмиз. Аслида, биз уларга баъзи нарсаларни ўргатишимиз мумкин, аммо бу кимга керак?
Дейлик, ҳозир мана шу залга шиддатли ҳужум бошланиб қолди. Ана ўшанда кўрардик томошани: манави ожизу нотавонлар думини қисиб, ўзларини қаёққа уришни билмай қолган бўларди; бизникиларнинг биронтаси ҳам эсанкирамасди. Ҳовлиқмасдан, якдиллик билан мақсадга мувофиқ иш тутардик: аввало, оёқ остида ўралашмасликлари учун ўқитувчиларни хавфсиз жойга кўчириб, сўнгра мудофаага ўтардик.
* * *
Тарки одат - амри маҳол. Биз энди ортиқ табиат гўзаллигидан баҳра ололмаймиз, биз учун фақат майдон мавжуд, ҳужумга ёки мудофаага ўтиш учун қулай бўлса бас. Тепаликдаги эски тегирмон - тегирмон эмас, таянч пункти, ўрмон - ўрмон эмас, тўп-замбарак учун пана жой. Бу қандай васваса бўлди?
* * *
Бир-иккита раҳбарлик лавозимларини янги башаралар эгаллаганидан нима наф? Ҳар бир аскарга маълумки, рота командирининг олий мақсади бўлиши мумкин, лекин агар унтер-зобитлар қўлламаса, унинг қўли бойланиб қолаверади. Худди шу тарзда, башарти, махфий маслаҳатчилари аксилинқилобий иттифоқ билан ўралган бўлса, энг илғор вазир ҳам мағлубиятга учрайди.
* * *
Эҳ, одам, одам! Дунёдаги энг орқа қилиб бўлмайдиган жонзот шу бандаси бўлса керак.
* * *
Уруш бизни қарийб ўйламай-нетмай ҳаракат қилишга ўргатиб қўйган, зеро, сусткашлик қилинган ҳар бир дақиқа ўлим билан тугаши мумкин эди. Шунинг учун ҳам биз учун бу ердаги ҳаёт имиллаётгандек туюлаверарди. Биз борича яшайверамиз, аммо ҳаёт қаъридан гумбурлаган нидо келишидан аввал ундан юз ўгириб оламиз. Ажал жуда узоқ фурсат бизнинг ажралмас йўлдошимиз бўлиб келди; у жуда маккор ўйинчи чиқиб қолди, бир деганда қартага улкан дов тикилади. Шу сабаб биз бетайин, жонсарак, айни дам билан яшайдиган бўлиб қолганмиз ва қачон қарама, ўзимизни тушкун сезамиз. Мана шу иштиёқсизлик доимий ваҳима туғдирарди: бизни тушунмаётганларини билиб турамиз, ҳатто меҳр-муҳаббат ҳам бизни қутқариб қололмайди. Аскарлар ва аскар эмаслар ўртасида ўтиб бўлмас жарлик пайдо бўлган. Ўзимиздан бўлак нажот йўқ.
* * *
Ҳукмфармолик ҳамма ерда бир хил: одамнинг золимга айланиши учун зиғирдеккинасиям етиб ортади.
* * *
Вақт деганлари кутиб турмайди, сувдек оқиб ўтаверади, ортга ўгирилганингда эса ўтмишинг аллақаёқларга ғойиб бўлади. Эҳ, видолашув ҳамиша оғир, аммо қайтиш гоҳида ундан-да залворлироқ.
* * *
Бизни сотишди, лаққа туширишди. Ватан, дея қулоғимизга қуйишди, аслида эса очкўз саноатнинг босқинчилик режаларини назарда тутишган экан; шон-шараф, дейишди, бунинг тагида эса бир сиқим дипломат князларнинг ҳокимиятга ташналигию бир-бирини ғажиши ётган экан; миллат, деб айюҳаннос солишди, аслида эса бекорчихўжа жаноби генералларнинг қўли қичиб қолган экан.
* * *
Фақат биргина кураш бор: у ҳам бўлса, ёлғонга, ярим-юлуқликка, виждонсизликка, эскилик сарқитларига қарши кураш! Биз бўлсак уларнинг таги пуч ёлғонларига учиб ўтирибмиз, уларга қарши курашиш ўрнига, улар учун қўлга қурол олдик. Келажак учун курашяпмиз, деб ўйлагандик, келажакка қарата қурол ўқталган эканмиз-ку аслида.
* * *
Яхши ўқувчи - минг қилса ҳам, мактабнинг фахри. Бироқ қанчалик аянчли фахр! Яхши ўқувчилар йиллар ўтиб кимларга айланмайди! Мактаб шароитидаги иссиқхоналарда қисиргулдай қисқа муддат гуллашадию, бориб-бориб топинишдан бошқасига ярамайдиган итоатгўй бўлиб қолишади. Тараққиёт учун тарих ёмон ўқувчилардан қарздордир.
* * *
Ёшларни тушуняпман, деб хомхаёлларга берилувчи устозлар чучварани хом санашади, холос. Ёшлик тушунилишни эмас, ўзилигича қолишни истайди. У билан дўстлик ришталарини боғлашга чиранаётган катта ёшли одам эгнига болалар либосини кийиб олгандек кулгили кўринади. Биз ёшларнинг ҳис-туйғусини тушунишимиз мумкин, аммо ёшлар ҳеч кимни тушунишни истамайди. Уларнинг нажот йўли шундадир, балки.
* * *
Муҳаббат - бу жарликка қулаётган машъала. Муҳаббатнинг қанчалик теранлигини эса фақат ана шундагина кўра оласан.
* * *
Токи инсонлар Яратганнинг ва башариятнинг номи ила бир-бирларини заҳарли газ, темир, ўткукун ва олов билан қирар экан, таълим-тарбия, маданият, илм-фан деганлари одамнинг устидан кулишдан бошқаси эмас.
* * *
Агар икки яқин инсон албатта нима ҳақдадир гаплашишлари шарт бўлган аҳволга келиб қолишган бўлса, қанчалик кўп гапиришмасин, бундан наф чиқмайди. Бахтдан масрур бўлиб, сўзлар ўз-ўзидан қуйилиб келганда, гаплашганингга нима етсин! Атрофинг тўла кўнгилсизлик бўлиб турган бир пайтда юрагингга қил сиғмайдию, бевафо, муваққат сўзлар ёрдам бера олармиди? Вазият оғирлашгани қолади.
* * *
- Уйланиш учун ёшлик қилмайдими?
- Фронтга жўнатишганда ёш дейишмади.
* * *
Ҳар бир инсон, ҳатто қовоқкалла бўлсаям, ҳаётга келиб нимадир қилиши мумкин.
* * *
Ватан - тамтароқли шиор эмас, Ватан - бу дарахтлар, дашту далалар, она тупроқдир.
* * *
Ўйлардимки, видолашув - интиҳо демак. Энди биламанки, уйғониш ҳам видолашувни англатаркан. Ўсиш, уйғониш - йўлга чиқмоқликдир. Йўлнинг эса поёни кўринмайди.
* * *
Балки ҳеч қачон бахтли бўлмасман, зотан, уруш бу имкониятни ерпарчин қилиб ташлагандир, қайга борсам, ёт-бегоналигимча қолавераман, ўз уйим - ўлан тўшагим бўлмас, аммо мутлақо бахтсиз бўлмайман, чунки жилла қурса, қўлларим ёки ям-яшил дарахтлар ёки замин нафаси мени қўллаб туради.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.