Меню

Қашқадарё

07.03.2024 8555

ЭЗГУЛИККА ТИМСОЛСАН – АЁЛ!

Тадбир

Қарши шаҳридаги "Дийдор ширин" тантаналар уйида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан "Эзгуликка тимсолсан - аёл!" деб номланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда  вилоятимизнинг турли соҳаларида самарали фаолият юритаётган хотин-қизлар, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Вилоят ҳокими Муротжон Азимов йиғилганларни байрам билан табриклади.

- Мамлакатимиз хотин-қизларига дунёдаги энг бахтли, энг гўзал,  энг оқила каби таърифлар тўла мос келади, - деди вилоят ҳокими. - Донолар айтганидек, дунёда аёл меҳрининг баҳосини ўлчайдиган меъзон, тенглаштирадиган бойлик йўқ. Аёл дунё бешигини тебратувчи, меҳр ва вафо, садоқат тимсолидир. Бу аёл деган улуғ хилқатда нозик таъб, буюк қалб, назокатли кўнгил, бетакрор фидоийлик, она жасорати мужассамлиги натижасидир. Мамлакатимизда олиб борилаётган барча бунёдкорлик ва эзгу ишлар, яратилаётган гўзалликлар Сиз оналар, опа-сингилларнинг кўнглингизни олиш учун бунёд этилаётганлигидан бахтиёрмиз. Президентимиз таъкидлаганидек, аёл бор экан, оила деган муқаддас туғён, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор. Аёлларимиз бахтли бўлса албатта, оиламиз, жамиятимиз ҳам бахтли бўлади.

Давлатимиз раҳбари Қашқадарёга, қашқадарёликларга алоҳида меҳр кўрсатиб, воҳадаги ҳар бир инсонни, айниқса, аёлларимизнинг бахтли ҳаёт кечириши учун хизмат қиладиган янгидан-янги лойиҳаларни амалиётга жорий этишга чақирдилар. Бугунги янгиланиш, ислоҳот ва ўзгаришларни сиз, азиз аёллар ўз ҳаётингизда, эртага эмас, бугун кўришингиз учун барча зарур манбалар ва маблағлар сафарбар этилмоқда.

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Президентимиз фармонига асосан вилоятимизнинг 4 нафар вакиласи юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди. Айни пайтда жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ҳамда ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ҳамда болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, шунингдек,  соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларни ватанпарварлик ҳамда истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган қашқадарёлик 18 нафар аёл "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланди. 2 нафар зукко қизимиз эса Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлди. Таълим, тиббиёт, ахборот технологиялари соҳасида самарали ишлаётган хотин-қизларимизни хорижга ўқишга, ишга юборилмоқда.

- Халқимиз турмуш фаровонлиги йўлида кўплаб тадбиркор аёлларнинг вилоятимиз иқтисодиёти равнақига салмоқли ҳисса қўшаётгани ва уларнинг сони йил сайин ортиб бораётганини алоҳида эътироф этиш жоиз, албатта, - деди “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибаси, “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Ойниса Очилова. -  Бу жараёнда ташкилотимиз доимгидек фаоллик кўрсатиб, катта натижаларга эришаётганидан беҳад хурсандман. Аммо бугун менга топширилган мукофот аслида нафақат ўзим ва жамоамиз аъзолари, балки кўплаб ижтимоий ҳамкорларимизнинг ҳам самарали меҳнатига берилган юксак баҳо, деб ҳисоблайман.

Тадбир давомида бир гуруҳ хотин-қизларга "Мўътабар аёл" кўкрак нишони, шунингдек, вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.

Байрам тадбири доирасида санъат усталари ва иқтидорли ёшлар иштирокидаги ажойиб концерт дастури намойиш этилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!