Меню

Қашқадарё

07.06.2019 1769

ЭЗГУЛИК, ШУКРОНАЛИК, МЕҲР-ОҚИБАТ АЙЁМИ

- Аллоҳга шукрлар бўлсинки, Рамазони шариф рўзасини адо этиш учун мўмин-мусулмонлар субҳидамда саҳарлик дастурхони атрофида ибодатга киришди, файзли оқшомларда эса ифторлик қилиб, таровеҳ намозларига ошиқди, - дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло Усмонов. - Бу йилги Рамазон ойи ҳар қачонгидан ҳам фазилатли ва барокотли бўлди. Мўмин-мусулмонларимиз кўп яхши ҳиммат кўрсатишди, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, кексалар, беморлар, муҳтожлар кўнгли олинди, Аллоҳ таоло фарз қилган закотлар адо этилди, фитр садақаси ҳамда фидялар берилди. Бундай хайрли ишлар фуқароларимиз ўртасида меҳр-мурувват ришталарининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Илоҳим мана шундай эзгу амалларимиз бардавом бўлсин!

Президентимизнинг 2019 йил 1 майдаги "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ улуғ айёмга вилоятимизда катта тайёргарлик кўрилди. Шаҳар ва туманларда, қишлоқларда кўча ва гузарлар тартибга келтирилди, қабристон ва зиёратгоҳлар ободонлаштирилди. Муборак ҳайит айёми муносабати билан ёрдамга муҳтож ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Рамазон ҳайитининг тартибли ва юқори савияда ўтиши, байрам кунлари масжидларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракатини тартибга солиш борасида ҳам мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.

- Мана шу кунларга етказганига шукур, - дейди Қарши шаҳрилик Теша бобо Ҳақбердиев. - Албатта, бундай шароит ва имкониятлар учун биз - мўмин-мусулмонлар Аллоҳ  таолога чексиз шукроналар  айтиб, ўзаро аҳил ва иноқ бўлишимиз лозим, елкама-елка туриб мамлакатимиз тараққиёти йўлида бор куч ва ғайратимизни аямаслигимиз керак.

Байрам куни саховатпеша инсонлар шунингдек, Меҳрибонлик, Саховат, Мурувват уйларида бўлиб, у ерда хайрия тадбирлари ўтказишга ўз ҳиссасини қўшишди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

С.НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!