Меню

Қашқадарё

22.05.2020 1862

ЭЗГУЛИК, ШУКРОНА ВА МЕҲР-ОҚИБАТ АЙЁМИ

Рамазон ҳайити

Муқаддас динимизнинг эзгулик ва инсонпарварлик, меҳр-шафқат каби буюк фазилатлари янада ёрқин намоён бўладиган ушбу шукуҳли дамларда барчамиз, аввало, Аллоҳ таолога оиламиз, элу юртимиз билан биргаликда бугунги қутлуғ ва барокатли кунларга етказгани учун беҳисоб шукроналар айтамиз.

Бутун мусулмон аҳли учун муқаддас айём - муборак Рамазон ҳайити жамиятда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, саховат ва шукрона каби олижаноб қадриятларни қарор топтиришда улкан аҳамиятга эга.

Ҳайит - Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига зиёфат кунидир, уларнинг қилган солиҳ амаллари, Аллоҳ учун тутган рўзалари эвазига улкан мукофотлар ва жаннат неъматларини ваъда қилган кунидир. Энди эса Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, ҳайит байрамини ундан-да аълороқ, ундан-да файзлироқ қилиб, карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда оиламиз даврасида ўтказишимиз керак бўлади.

Карантин ҳолатида ийд намози ўқилмаса-да, ҳайит кунлари қилинадиган бошқа савобли амаллар бор. Ийди Рамазон кечаси ҳам муборак кечалардан ҳисобланади. Бу кечани ибодат, зикру тасбеҳ билан ўтказиш мақсадга мувофиқ. Ийд куни покланиш, хушбўйланиш, янги, тоза кийимларни кийиш, энг асосийси, хурсандчилигини изҳор қилиш суннатдир. Ҳайит куни қуёш чиққандан кейин Зуҳо, Чоштгоҳ каби нафл намозларни адо қилиб, Аллоҳ таолодан офият ва ҳожатларини сўраш чиройли амаллардан.

Ҳайитдан мақсад, кўнгилларга хушнудлик, нафсларга севинч, жисмга роҳат бағишлаш, меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига ёрдам ва саховат кўрсатишга чорлашдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким бир мўъминнинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган (биродари)нинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло унинг дунё ва охиратдаги айбларини яширади.  Қайси бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ёрдамида бўлади", деганлар (Имом Муслим ривояти).

Ҳозирги шароитда барчамиз бир бўлиб, шариатимиз кўрсатмаларига амал қилишимиз, Аллоҳ таолонинг синов-имтиҳонларидан гўзал суратда ўтишга ҳаракат қилишимиз лозимдир. Фазилатли кунларда нафл ибодатлар, тиловати Қуръон, дуо-тасбеҳлар, қийналган оилаларнинг оғирини енгил қилиб, хайру эҳсон қилиш каби Аллоҳ таолога хуш келадиган амалларни кўпайтиришимиз лозим.

Аллоҳ таоло: "Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар", деб марҳамат қилган (Зориёт сураси, 18-оят).

Саҳар вақтида қалб соф, ихлосли ва чалғитадиган нарсалардан холи бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Аллоҳ таоло ҳар кеча, кечанинг охирги учдан бири қолганида "Ким менга дуо қилади, Мен унга ижобат қилай, ким Мендан сўрайди, Мен унга (сўраган нарсасини) берай, ким Мендан кечирим сўрайди, Мен уни кечирай", дейди" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Шундай экан, саҳарларда туриб чин ихлос билан синовли кунларда беҳаловат ва тиниб-тинчимаётган ҳамюртларимиз, ширин жонини таҳликага қўйиб, ўзгалар ҳаёти учун курашаётган шифокорларимиз, тинчлигимиз посбонлари - барча-барчаларининг ҳақларига дуолар қилайлик, шоядки, Аллоҳ таоло тез кунларда фазилатли, катта жамоатларда намозларни адо қилишни насиб айласа, халқимизга хотиржамликни қайтарса.

Аллоҳ таоло муборак Рамазон ҳайитини барчаларимизга хайрли қилсин! Бу улуғ айёмлар шарофатидан мустақил Ватанимиз равнақи, халқимизнинг аҳил-иноқлиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам бўлишини ва икки дунё саодатини насиб айласин!

Азамат УСМОНОВ,

Касби туманидаги Фазли жомеъ масжиди имом-хатиби

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!