Меню
Қашқадарё
"ЭЗГУЛИК ПАТРУЛИ" МАХСУС ГУРУҲИ ҚАНДАЙ ИШЛАЯПТИ?
Аввало, "Эзгулик патрули"нинг вазифаларига тўхталсак. Махсус гуруҳ ҳар бир фуқарони ички ишлар органлари ходими тимсолида ўзининг ҳаёти ва соғлиғини тажовузлардан муҳофаза қилишга, оғир дамда ёрдам беришга тайёр бўлган ҳимоячиси борлигига ишончини оширишга хизмат қилади. Бунинг учун фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини жиноий хамда бошқа тажовузлардан ҳимоялайди. Ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш мақсадида хизмат кўрсатиш объектларида патрулни амалга оширади.
Ўз навбатида суриштирув, тергов органларидан, суддан яшириниб юрган, жиноий ва маъмурий жазони ўташдан бўйин товлаётган, шунингдек, бедарак йўқолган шахсларни аниқлаш чораларини кўради. Ҳуқуқбузарлик содир этган ёки содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни белгиланган тартибда ички ишлар органи ёки таянч пунктига олиб боради.
Жиноятлар, маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва бахтсиз ҳодисалардан жабрланган фуқароларга ёрдам кўрсатиш ҳамда уларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солаётган таҳдидларни бартараф этиш чораларини кўради. Жабрланган, шунингдек, ночор аҳволда қолган фуқароларга биринчи тиббий ёки бошқа зарур ёрдам кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар халқларининг урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, турли этник, ижтимоий гуруҳлар ва конфессияларнинг маданий ҳамда бошқа хусусиятларини ҳисобга олиш, ижтимоий барқарорликка, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликка кўмаклашади.
Шу билан бирга, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олишда яқиндан ёрдам берган, ўрнак кўрсатган фуқароларни рағбатлантириш бўйича таклифлар киритади.
Ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари томонидан тезкор-қидирув жиноятларнинг олдини олиш, уларни фош этиш ва жиноятчиларни ушлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва бошқа тадбирларнинг амалга оширилишида ўз ваколатлари доирасида кўмаклашади.
Энг муҳими, хизмат ўташни хушмуомала, фуқаролар билан муносабатда сабр-тоқат ва ҳурмат билан бажариши зарур.
Шунга асосан, вилоятда ушбу гуруҳга патруль-пост хизмати батальонида хизмат қилаётган 9 нафар тажрибали ходим танлаб олинди. Уларнинг кундалик хизмат кийимлари Ички ишлар вазири буйруғи билан тасдиқланган ички ишлар органлари ходимларининг, ҳарбий хизматчиларнинг, таълим муассасалари тингловчилари ва курсантларининг хизмат кийимини кийиш қоидаларига асосан ҳамда вазирликнинг 2018 йил 14 мартдаги кўрсатмаси талаблари асосида белгиланди.
Патруль ходимлари сафи аёллар билан ҳам тўлдирилиши хотин-қизлар билан боғлиқ нохуш ва ноқулай вазиятларни бартараф этиш имконини бермоқда. Ўз ўрнида ходимларнинг рус ва инглиз тилларида эркин сўзлаша олишларига ҳам эътибор қаратилган.
"Эзгулик патрули" махсус гуруҳи ходимлари Қарши шаҳри ҳудудида вокзал, халқаро аэропорт, Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи, Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилган майдон ва Қашқадарё соҳили хиёбонида хизмат вазифасини бажармоқдалар.
Ўтган даврда махсус гуруҳ ходимлари томонидан 554 нафар шахс ички ишлар органлари (таянч пунктлари)га олиб келинган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган 165 нафар шахс аниқланган.
75 кишига биринчи тиббий ёрдам, 210 кишига турли масалалар бўйича, 35 фуқарога жиноятлар, маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва бахтсиз ҳодисалардан жабрланганлиги юзасидан ёрдам кўрсатилган. 93 кишига адашмай йўл топиш бўйича ёрдам ва маслаҳатлар берилган бўлса, 93 нафар давлат органлари ва ташкилотлари, жамоатчилик тузилмалари вакилларига улар зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишда кўмак кўрсатилган.
Бир сўз билан айтганда, янги услубдаги бу каби саъй-ҳаракатлар жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини ҳамда шаҳар осудалигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Суҳроб ҚАЛАНДАРОВ,
вилоят ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ходими