Меню

Қашқадарё

27.03.2020 1179

ЭЗГУ МАҚСАДИМИЗ - ЭЛИМИЗГА ГАРД ҲАМ ЮҚМАСИН

Қашқадарё вилоятида коронавирус инфекциясининг вилоят ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича ишлар изчиллик билан давом этмоқда. Президентимиз фармойиши, Вазирлар Маҳкамаси қарори, Республика махсус комиссияси ҳамда вазирлигимиз кўрсатмалари асосида бу борада барча зарурий чоралар кўрилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги мутасаддилари билан биргаликда бошқармамизда коронавирус инфекциясининг вилоят ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тадбирларни мувофиқлаштириш ҳудудий идоралараро штаби ташкил этилди ва куну тун тизимли равишда фаолият кўрсатмоқда. Мазкур штаб вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят санитария-эпидемиология осойишталик маркази, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, фавқулодда вазиятлар, ички ишлар бошқармалари, Давлат хавфсизлиги хизмати, Жануби-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги масъул вакилларидан иборат. Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ҳам мувофиқлаштирувчи штаблар ташкил этилиб, улар билан доимий равишда ахборот алмашинуви йўлга қўйилган.

Айни пайтда вилоят марказидаги 3 та сиҳатгоҳ ҳамда 2 та шифохонада карантин объектлари ташкил этилган. Мазкур объектларда жами 534 нафар фуқаро карантинда сақланмоқда. Улар учун етарли шарт-шароитлар яратилган. Дори-дармон,  дезинфекцияловчи ҳамда ҳимоя воситалари билан етарли даражада таъминлаш чоралари кўрилди. Хориждан қайтган жами 1800 дан ортиқ фуқаролар тиббиёт ходимлари томонидан уйида назоратга олиниб, кузатиб борилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги "Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросига ҳам изчиллик билан киришилди. Хусусан, вилоятимизда 14 кунлик карантин тадбирлари учун яна мослаштирилган базалар ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.

Вилоятимизнинг кўп минг кишилик тиббиёт ходимлари жамоаси айни синов кунларида энг аввало халқимиз саломатлигини муҳофазалашни, одамларимизни бу хуружлардан эсон-омон олиб чиқишни нафақат касбий, балки виждоний бурчи деб билади. Зотан бизни едирган, кийинтирган, камолга етказган -  мана шу эл, шу Ватан! Унинг олдида қарзимизни узиш учун ҳамиша хизматга шаймиз.

Президентимиз қайд этганидек, "Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда... Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади".

Дониёр ТУРСУНОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!