Меню
Қашқадарё
ЭЗГУ АМАЛЛАРИ БИЛАН БОҚИЙ ТИРИКДИР УЛАР
Лапас Муҳаммадиев биз тенгиларнинг хотирасида басавлат, ўша замон учун урф бўлган галифе шим, ҳарбийча китель, шапка кийган, хиром этик қўнжида ўрма қамчи, қисқаси, Абдулла Қаҳҳорнинг “Синчалак” қиссасидаги раис тимсолида гавдаланади. Лекин у билан бирга ишлаган, яқиндан билган одамлар билан суҳбатлашсам, бу тасаввур ўзгаради. Кўз олдимизда ҳаёт деб аталмиш уммоннинг барча довулларига дош берган, даҳшатли икки урушни кўрган метин иродали, қатъий, тўғрисўз одам гавдаланади.
Лапас Муҳаммадиев Қамашининг овлоқ Жонбўзсой қишлоғида туғилди. Отаси Муҳаммади бобо, онаси Тўлпон момо ночоргина турмуш кечиришган. Мактабни битирган, эндигина мўйлови сабза урган, зеҳни ўткир йигитча бошланғич савод чиқарувчилар курсини муваффақиятли тамомлаб, муаллимлар етишмагани боис олис даштдаги Еттиқудуқ қишлоғида ўқитувчилик қила бошлади. 1939 йилда ҳарбий хизматга чақирилди. Кичик командирлар тайёрлаш курсини битириб, бўлинма командири бўлиб хизмат қилди. Бу орада фин уруши бошланиб, Лапас Муҳаммадиев хизмат қилаётган ҳарбий қисм ҳам урушга сафарбар этилди. Жанглар уни тоблади, тинчлик-осойишталикнинг қадрини билди, юртига муҳаббатини оширди.
Иккинчи жаҳон урушини Лапас Муҳаммадиев хизмат қилаётган ўқчи батальон Украинада кутиб олди. Киев учун кечган оғир мудофаа жангларида қатнашди. Урушдаги мардлиги, шижоатли ҳаракатлари учун қўмондонлик уни “Жасурлиги учун” медали билан тақдирлади. Харьков учун бўлган оғир жангларнинг бирида Лапас Муҳаммадиев оғир яраланди. Ҳарбий госпиталда даволангач, бир муддат она қишлоғида, қадрдон уйида бўлишига рухсат беришди. Қишлоққа қайтган аскар ота-онасининг қистови билан уйланди ва яна фронтга қайтди. Лапас Муҳаммадиев янги ташкил этилган қисмга взвод командири этиб тайинланди. Жангларнинг бирида курагидан оғир яраланган Лапасни армия сафидан бўшатишди. У она юртига қайтди. Соғлиғи бироз тиклангач, Қамаши туман тайёрлов идорасига бошлиқ этиб тайинланди. У бир неча йил давомида туман ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатди. Самарқанд шаҳридаги қишлоқ хўжалиги ходимлари тайёрлаш курсида ўқиди.
- Лапас мени “ўзбекнинг қозоқ боласи” деб атарди, - дея эсларди меҳнат фахрийси марҳум султон Чегебоев. - Дарҳақиқат, миллатим қозоқ бўлса-да, бутун умрим Қашқадарёда, Қарши чўлини ўзлаштиришда, қолаверса, Қамашида кечди. Мен ўзимни шу улуғ элнинг боласи, деб санайман. Лапасга келсак, у менинг хотирамда дилкаш инсон, меҳрибон дўст сифатида муҳрланиб қолган. У жўшқин қалбли одам эди.
Ўша даврларда уруш туфайли хўжаликлар ночор аҳволга тушиб қолган эди. Уларни оёққа турғазиш учун ишчан ва тадбиркор раҳбарлар керак эди. Туман ер тузиш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб юрган Лапас Муҳаммадиевни ўзи туғилиб ўсган жойдаги қолоқ хўжаликка раис қилиб тайинлашди. Хўжаликнинг бир томони бепоён Чиял даштларига туташиб кетганди. Уруғлик ғалла етишмасди. Қўшни “Оқработ”, “Чиял” хўжаликлари билан ўзаро шартнома асосида уруғлик дон олиб келинди. Бу пайтда экиш муддати кечикаётган, ҳар бир фурсат ғанимат эди. Барча бир ёқа-дан бош чиқариб ишлагани учун белгиланган вақтда ғал-ла экиб бўлинди. Ўша йили об-ҳаво серёғин келиб, ҳосил мўл бўлди. Шамолда бошоқлар мавжланиб, айрим жойлари отнинг ёлигача келарди, деб эслайди кексалар.
1958 йили Чимқўрғон сув омбори қурилиши бошланди. Жуда қисқа фурсатда янги Гулистон қишлоғи ташкил этилди. Ишбилармон ва тадбиркор раҳбар Лапас Муҳаммадиев олис Иркутск шаҳридан шартнома асосида вагон-вагон қурилиш материаллари олиб келишга эришди. Гулистон қишлоғида мўъжазгина дизель-электростанция қурилиб, ишга туширилди. Натижада қишлоқда тахта тилиш цехи фаолият кўрсата бошлади. Янги уй-жойлар қурилди. Уйларнинг томи шиферланиб, ёғочдан пол қилинди. Кўчаларга асфальт ётқизилди. Бу вақтга келиб, Чимқўрғон сув омбори қурилиши ҳам битди. Лапас Муҳаммадиев бошчилигида хўжаликка икки ёнлама канал қаздириб, сув келтирилди. Канал ва ариқ четларига экилган тутлар ҳозир ҳам салобат тўкиб турибди.
Ўша пайтда Лапас Муҳаммадиев биринчилардан бўлиб, пахта яккаҳокимлигининг зарарли оқибатларини фаҳмлаб етди ва алмашлаб экишни йўлга қўйишга интилди. Пахта экиладиган ерларга алмашлаб беда, полиз экинлари эктирди. Лапас Муҳаммадиевнинг эзгу ишларидан яна бири шу бўлдики, унинг ташаббуси билан хўжалик ҳисобидан иқтидорли ёшларнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларда ўқиши учун имконият яратилди, уларга хўжалик ҳисобидан стипендия тўланди.
Лапас Муҳаммадиев сермазмун умри давомида кўп эзгу ишларни амалга оширишга улгурди. Серғайрат, ҳар бир гапни ўйлаб, чертиб-чертиб сўзлайдиган, мард ва хокисор инсон эди у. Минг шукурки, бугун унинг ушалмай қолган орзуларини ўғиллари, неваралари амалга оширмоқда.
Таниқли олим Поён Равшанов Лапас ака ҳақида шундай дейди:
- Лапас Муҳаммадиевнинг Ватан ва эл-юрт олдидаги хизматларини унутиб бўлмайди. Йиллар ўтаверади, замонлар ўзгараверади, аммо бундай кишиларнинг хизмати ва уларнинг порлоқ хотираси ҳар қандай замонда ҳам мангу қолаверади. Энг муҳими, уларнинг ҳаёт йўли, хўжаликни бошқариш тажрибаси ҳали кўп йиллар давомида авлодлар учун дастуриламал бўлиб қолаверади.
Боймурод СУЯРОВ,
Қамаши туманидаги 53-мактаб ўқитувчиси.