Меню

Қашқадарё

12.10.2021 1243

Европарламент биометрик кузатув тақиқланиши тарафдори

Европа иттифоқи таркибидаги давлатлар аҳолиси фақат қачонки жиноятчиликда гумонланаётган бўлса, юзни таниш қурилмаси кузатув объекти бўлиши мумкин, қолган бошқа барча ҳолатларда бундай назорат тақиқланиши керак. Европарламентда шундай сиёсатни қонунга айлантириш таклиф этилди.

Politico манбасининг ёзишича, масалага оид резолюция Евроиттифоқнинг олий қонунчилик органи йиғилишида тасдиқланган. У юридик кучга эга эмас, бор-йўғи бу борадаги қонунни қабул қилишга сиёсий хоҳиш борлигини англатади, холос.

Ҳужжатда таъкидланишича, сунъий идрокка асосланган масофадан кузатув технологияси, хусусан, юзни таниб олиш тизими фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари, яъни шахсий ҳаёти дахлсизлигига хавф солади. Боз устига, аллақачон Европада ҳам бундай амалиётдан босқичма-босқич фойдаланиш бошланган.

Евродепутатлар полицияга жамоат жойларида юзни таниш қурилмаларидан фойдаланишни, шунингдек, ҳали содир этилмаган жиноятларга қарши курашда бундай технологияларни қўллашни тақиқлаш керак, деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, улар қонунда кўрсатилмаган ҳар қандай ҳолларда Clearview AI компанияси ижтимоий тармоқлардан тўпланган фото суратлар асосида яратгани каби, юзни таниш шахсий маълумотлари базаларини етказиб беришни ҳам тақиқламоқчи. 

Шу билан бир қаторда, парламент резолюциясида Еврокомиссиянинг Хитойда ишлаб чиқилганга ўхшаш сунъий идрокдаги ижтимоий рейтинг тизимини қонун билан тақиқлаш режаси қўллаб-қувватланиши баён қилинган.   

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!