Меню

Қашқадарё

21.04.2022 1777

Европа ва АҚШда болалар жумбоқли тарзда гепатитга чалинмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ўтган ҳафтада Буюк Британия болаларнинг келиб чиқиши номаълум ва жигарда яллиғланишни юзага келтирадиган гепатит билан касалланиши юзасидан камида 74 та ҳолат бўйича текширув ўтказаётганини маълум қилди.  Шунингдек, Испанияда шунга ўхшаш учта, Ирландияда камида тўртта ҳолат ўрганилаётгани хабар қилинган.  

Эҳтимол, жигарнинг бундай зарарланиши қандайдир аденовируслар билан боғлиқ. Қатор мамлакатлар соғлиқни сақлаш тизимлари болаларда учраётган бу оғир касалликнинг тушуниб бўлмайдиган ҳолатларини ўрганмоқда. Улар одатда шунчаки шамоллашни келтириб чиқарадиган вируслар билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Бу орада АҚШ соғлиқни сақлаш департаменти вакиллари ҳам гепатитнинг келиб чиқиши номаълум тури билан боғлиқ тўққизта ҳолат устида аллақачон текшириш кетаётгани ҳақида гапирган. Уларнинг ҳаммаси Алабамада рўйхатга олинган, энди ҳукумат идоралари бошқа штатларда ҳам шунга ўхшаш касалликлар ҳақида маълумот бор-йўқлигини ўрганмоқда. 

Америкада ушбу касаллик билан 1 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар оғриган, икки нафарида жигар кўчириб ўтқазиш амалиёти талаб этилган. ЖССТ вакиллари Европада келиб чиқиши номаълум гепатитга чалинганлардан айримлари каттароқ, аммо кўпчилиги айтилаётган ёш доирасида бўлганини қайд этган.

ЖССТга бу ноодатий касаллик ҳақида дастлаб шу йил апрель ойи бошларида хабар қилинган. Ўшанда Шотландияда ўн нафар бола жигаридаги муаммолар сабаб шифохонага жойлаштирилгани маълум бўлганди. Улардан бири январь ойида, қолганлари мартда касалланган, барчасига гепатит ташхиси қўйилган. Бемор болаларда сариқлик, ич кетиши ва қорин қисмидаги оғриқ каби умумий белгилар қайд этилган. 

Ўшандан буён Буюк Британияда яна камида 64 та касалланиш ҳолати аниқланган. Хайриятки, беморлардан ҳеч бири вафот этмаган. Бироқ олти нафарига соғлом жигар кўчириб ўтқазишга эҳтиёж туғилган, - дейилади ЖССТ хабарида.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!