Меню
Қашқадарё
Етти соат ўликхонада сақланган "мурда" қайта тирилди
Тиббиётчилар мотоцикл уриб кетиши оқибатида ўлганини қайд этган ҳиндистонлик эркак етти соатни ўликхонанинг музлатиш бўлмасида ўтказгач, яна тирилди. Бу ҳақда IANS нашри маълум қилган.
Қирқ ёшли электрик Шрикеш Кумар мамлакат шимолидаги Муродобод шаҳрида йўл-транспорт ҳодисасидан жабрланган. Чақирилган тиббиёт ходимлари унинг ўлганини тасдиқлаб, танасини ўликхонага жойлаштирган.
Қариндошлари "мурда" шахсини таниган ва уни ёришга розилик берган. Эркакнинг келини у нафас олаётганини пайқаб қолгунига қадар тана музлаткичда етти соат қолиб кетганди.
"Тез тиббий ёрдам ходими жабрланувчини тунги соат учлар атрофида кўздан кечирган, унда юрак уриши йўқ бўлган. У бир неча бор такрор кўрган. Шундан сўнг унинг ўлгани қайд қилинган, аммо эрталаб полиция ва оиласи эркак тириклигини билган. Воқеа юзасидан текширув ўтказишга топшириқ бўлди. Бизнинг эндиги энг асосий вазифамиз - унинг ҳаётини сақлаб қолиш", деган Муродобод бош тиббиётчиси Шив Сингх.
Ҳозир Шрикеш Кумар Мирут шаҳридаги тиббий марказда даволанаяпти. Унинг ҳолатида яхши томонга ўзгариш бор. Бироқ, келинининг сўзларига кўра, у ҳамон ҳушига келгани йўқ. Оила тиббиёт ходимлари устидан ўта кетган бепарволик учун шикоят қилишни режалаштирган.