Меню

Қашқадарё

27.10.2020 1484

Етти аср аввал қурилган обида қайта таъмирланмоқда

Қамаши туманидаги Ўғлонжон ота меъморий ёдгорлиги XIV асрга мансуб. Зиёратгоҳ анча йиллардан буён эътиборсиз қолгани сабаб нураб, таъмирталаб аҳволга келиб қолганди. Бу бўйича Қизилтепа маҳалласи аҳли турли идораларга, депутатларга ёрдам сўраб мурожаат қилгани ҳам бор гап.

Айни шу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ бир муддат аввал муқаддас қадамжода республика бюджетининг маданий мерос объектларини реставрация қилишга ажратилган 808 миллион сўмлик маблағи ҳисобидан қурилиш ишлари бошланди. Бугун бу ердаги жараён қизғин кўриниш олган. Реставрация ишларини меъморий обидалар таъмири бўйича махсус лицензияга эга “Шаҳрихон мукаммал қурилиш”  МЧЖ қурувчилари олиб бормоқда. Туман ҳокимлигидан маълум қилишларича, қурувчилар орасида Самарқанддаги меъморий ёдгорликларни таъмирлашда қатнашган усталар ҳам бор экан.

Лойиҳага кўра, мақбара кўринишига айрим ўзгартиришлар киритилади. Айвон, таҳоратхона, йўлак ва дарвоза қисми янгидан қурилади.

Қурилиш ва таъмирлаш ишлари шу йилнинг декабрь ойида якунланиши кутилмоқда. Бу билан ҳудудда яна бир сайёҳлик манзили пайдо бўлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!