Меню

Қашқадарё

01.05.2020 1597

ЕТТБ ТОМОНИДАН АЖРАТИЛГАН 60 МИЛЛИОН ДОЛЛАР

Қаршида канализация тизимини тубдан янгилашга йўналтирилади

 

Қарор ва шарҳ

Яқин тўрт йил ичида Қарши шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) иштирокида канализация тизимини реконструкция қилиш ва қуришга қаратилган йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Бунинг натижасида аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг тегишли хизматлар билан таъминланганлик даражаси юксалиб, вилоятимиз марказининг санитария-эпидемиологик ва экологик ҳолати янада яхшиланади.

Мамлакат ҳукуматининг шу йил 14 апрелдаги қарорида қайд этилишича, "Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри канализация тизимини реконструкция қилиш ва қуриш" лойиҳаси умумий қиймати 76,04 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу сармоянинг асосий қисми (60 миллион доллар) ЕТТБ томонидан 15 йил мобайнида қайтариш муддати билан берилган қарз бўлса, қолган қисми (солиқ ва божхона имтиёзлари бериш тарзида 11,7 миллион АҚШ доллари ва ЕТТБ қарзи бўйича инвестиция даврида фоизлар ва мажбурият учун воситачилик ҳақи кўринишида 4,34 миллион АҚШ доллари) Ўзбекистон Республикаси ҳиссасидир.

- Мазкур лойиҳа 2020-2023 йиллар давомида рўёбга чиқарилади, - дейди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги "Коммунхизмат" агентлиги бош директори Данияр Муратов. - Агентлигимиз унинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлайдиган ташкилий-техник тадбирларни ўтказиш, ЕТТБнинг қарзидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул бўлган ижро этувчи орган ҳисобланади. Бугунги кунда биз лойиҳалаштириш, лойиҳани бошқариш ва қурилиш ишларини назорат қилиш бўйича хизмат кўрсатадиган маслаҳатчини танлаяпмиз. Бу танловда қатнашиш истагини билдирган компанияларнинг "узун рўйхати"га жами 21 та талабгорнинг номи киритилган бўлса, ҳозир, "қисқа рўйхат" босқичида, уларнинг сони 9 тагача камайди. Улар орасидан ғолиб чиққан компания шу йил июнь ойи охирида аниқланади ва унинг зиммасига лойиҳани мувофиқлаштириш гуруҳининг тузилиши, тендерлар ва харидларнинг амалга оширилиши ҳамда контрактларнинг бажарилиши, молиявий ҳужжатларга риоя қилиниши ва улар бўйича ҳисобот берилишига кўмаклашиш, шунингдек, лойиҳанинг экологик ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланишини таъминлаш каби вазифалар юклатилади. Лойиҳа доирасидаги қурилиш-монтаж ишлари эса 2021 йилда бошланади.

Қарши шаҳри канализация тизимини реконструкция қилиш ва қуриш лойиҳаси техник-иқтисодий асосланишида белгиланганидек, унинг стратегик мақсадлари оқова сувларни йиғиш ва тозалаш билан шуғулланувчи "Қашқадарё сув таъминоти" масъулияти чекланган жамияти (собиқ "Қашқадарё сувоқова" корхонаси)нинг фаолияти самарадорлигини ошириш, эксплуатация харажатларини қисқартириш, хизматлар сифатини юксалтириш, оқова сувларининг назоратсиз оқиб кетиши ва ичимлик суви ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришдан иборат. Шундан келиб чиқиб, лойиҳа доирасида оқова сувлари насос станциялари ҳамда асосий ва кўчалар канализация тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция ва модернизация қилиш, тозалаш иншоотларини бунёд этиш ва тиклаш орқали уларнинг қувватини кунига 60 минг куб метрга етказиш, оқова сувларининг таҳлилини амалга оширишга ихтисослашган марказий лабораторияни ташкил этиш, соҳада гидравлик моделни ишлаб чиқиб, геоахборот тизими ва SCADA маълумотларни йиғиш ва бошқариш дастурини жорий этиш, Қарши шаҳрига махсус техника, тармоқларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ускуналарини олиб келиш назарда тутилган.

- Қарши шаҳридаги канализация тармоқларининг умумий узунлиги 175,9 километрни ташкил этади, шунингдек, тизимда 14 та канализация насос станцияси, бир кунда 25 минг куб метр оқова сувларни қайта ишлаш учун мўлжалланган тозалаш иншооти мавжуд, - дейди "Қашқадарё сув таъминоти" МЧЖ бош муҳандиси Баҳром Мирзаев. - Ушбу тармоқ ва иншоотлар аксариятининг эксплуатация муддати аллақачон тугаган ва фаолияти бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермай қўйган. Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида бажариладиган истиқболли лойиҳа вазиятни тубдан ўзгартириб, янги станциялар ва тозалаш иншоотларини қуриш, мавжудларини эса тиклаш ва замонавийлаштириш учун қулай шароитлар яратаяпти. Эътиборлиси - бу кенг қамровли ишлар нафақат вилоят маркази, балки Қарши тумани, хусусан Бешкент шаҳри, шунингдек, кўп қаватли уйлар қурилган, аммо канализация тармоғи бўлмаган айрим мавзелар ҳудудида ҳам амалга оширилади.

Ҳукумат қарорида вазирлик ва идораларга лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бир қатор топшириқлар берилган. Хусусан, вилоятимиз ҳокимлиги зиммасига канализация тармоқлари ва иншоотларини қуриш учун зарур бўлган ер участкалари белгиланган тартибда ажратилишини, шунингдек, заруратга кўра ер участкалари ажратилиши натижасида компенсация тўловлари тўланишини ҳамда 2020 йилдан бошлаб вилоят маҳаллий бюджети параметрларида ЕТТБ қарзи бўйича фоизларни ва асосий қарзни қайтаришга "Ўзсувтаъминот" акциядорлик жамиятининг "Қашқадарё сув таъминоти" МЧЖнинг ушбу мақсадларга йўналтириладиган ўз маблағларига қўшимча равишда маблағларни назарда тутиш юклатилган.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!