Меню

Қашқадарё

22.09.2016 2201

ЕТИШТИРАДИ, САҚЛАЙДИ ВА ҚАЙТА ИШЛАЙДИ

Хусусан, Қарши туманида фаолият кўрсатаётган “Намуна балиқчилиги” масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилда ана шундай истиқболли лойиҳа амалга оширилди. Натижада ушбу тадбиркорлик субъектида маҳсулот ишлаб чиқариш кўлами ортди, сифат кўрсаткичлари эса анча яхшиланди.

- Бунинг учун тижорат банкининг 2 миллиард 600 миллион сўмлик кредити йўналтирилди, - дейди хўжалик мулкдори Бекмурод Эшмуродов. – Мазкур маблағ ҳисобидан зарур техника воситалари, жумладан, экскаватор, балиқ ташишга мўлжалланган 2 та машина, 1 та юк машинаси сотиб олдик. Инкубация цехини кенгайтирдик. Шунингдек, яқинда маҳсулотни қайта ишлашни ҳам йўлга қўйдик. Эндиликда аҳолига дудланган балиқ ҳам етказиб бераяпмиз. Лойиҳанинг амалга ошиши 10 нафар кишини иш билан таъминлаш имконини берди.

МЧЖ тасарруфида 650 гектар сунъий сув ҳавзаси мавжуд бўлиб, лаққа, сазан, дўнгпешана, оқ амур каби балиқлар етиштирилади. Жамият балиқчилари ўзларига қарашли ҳавзалардан ўтган йили 300 тонна балиқ овлашди. Улар 2016 йилда бу рақамни янада юксалтириш умидида. Бундан ташқари, жорий йилда МЧЖда вилоятимиздаги балиқчилик хўжаликларига сотиш учун 12 миллион дона чавоқ тайёрлангани ҳам яхши натижа.

Тадбиркор аҳолига қулай бўлиши учун бироз аввал Қарши шаҳри ҳудудида балиқ сотиш дўконини ҳам ташкил қилгани маҳсулот реализациясида муҳим роль ўйнамоқда. Бундан ташқари, овланган балиқларни узоқ муддат яхши сақлаш мақсадида 2 йил олдин хўжалик қошида умумий сиғими 150 тоннадан ошиқ музлатгич барпо қилинганди. Иншоот Хитойдан келтирилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган.

Таъкидлаш жоиз, бу каби лойиҳалар мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, йилнинг тўрт фаслида ҳам бозорларимиз тўкин бўлишига эришиш,  нархлар барқарорлигини сақлаб туриш, пировардида, аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилгани билан муҳимдир.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

* * *

Суратларда: “Намуна балиқчилиги” МЧЖ балиқчилари фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!