Меню

Қашқадарё

30.08.2018 1683

ЭТИҚОД ВА МАТОНАТ

- 30-йилларнинг даҳшатли кунларида, - дейди “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди раиси, тарих фанлари доктори Бахтиёр Хасанов, - айниқса вилоятларда ҳибсга олинган ва отувга ҳукм қилинган ватандошларимизнинг суратлари олинмаган. Улар қамоқхоналарга тегишли “махсус объектлар”да отилган ва шу ернинг ўзида дафн этилган. Бу “махсус объектлар” ўта сир сақланган, шунинг учун ҳозирда уларнинг қаерда бўлганини аниқ айтиш қийин.

Яна шундай тоифа кишилар бўлганки, отувга ҳукм қилинмаган бўлсалар-да, турмаларда узоқ ётиб азоб чекканлар, туғилиб ўсган диёрларидан бошқа жойларга сургун қилинганлар, сарсон-саргардонликда яшаганлар, шўролар балосидан қочиб, жон сақлаб қолганлар. Қуйида улардан бир нечтаси ҳақида ҳикоя қиламиз.

Қарши туманининг Патрон қишлоғида туғилган Ботирхўжа Икромхўжа хуштаъбли, чуқур билимли, эл ҳурматини қозонган қишлоқ имоми эди. Шўролар душмани деб сохта айблар қўйилган Ботирхўжа 1926 йилда 49 ёшида ҳибсга олинди. Жўяли айблар топилмагач, уни қўйиб юборишга мажбур бўлишди. Аммо 30-йиллардаги қатағон тадбирлари даврида ҳукумат маъмурлари уни яна олиб кетишди. Бу вақтда Ботирхўжа 60 ёшга яқинлашиб қолган эди. Суд ҳукми билан уни сургун қилишди. Қаерга денг, номини эшитса, одам сесканиб кетадиган узоқ Сибирга. Имом кексайиб ва касалланиб қолгани учун Сибирнинг совуқ ҳавосига кўника олмади. Бир неча йилдан сўнг бандаликни бажо келтириб, жасади бегона юртда қолиб кетди.

Орадан йиллар ўтиб, тадқиқотчи Олим Равшанов унинг “Холис” тахаллуси билан ижод қилганини, мустабид тузум кирдикорларини фош этувчи шеърлар ёзганини аниқлади. Шоирнинг бирин-кетин иккита шеърий дафтари топилди. Қамоқда турма ҳужраларида битилган мунгли ғазаллар қизил салтанатнинг қатағон сиёсатига, жазо тизимига қарши айблов бўлиб, шўро турмасининг ваҳшиёна қиёфаси шоирона маҳорат билан чизиб берилган. Булар Холиснинг

“Мени маҳбус айлаб, хонадонимни қилди талон,

Тараҳҳум қилмайин бир неча сўзни қилдилар ёлғон”,

“Таърифи маҳбусликни ёзмоққа ҳолат менда йўқ,

Гар ҳақиқат қилсалар ҳаргиз жиноят менда йўқ...”,

“Бул қамоқ шундоқ экан, еримиз туфр жой,

Кечаси бир нави ўтгай, кундузи юз оҳу вой”

каби шеърий сатрларида яққол ифодалаб берилган.

Қатағон гирдобига тушган минглаб кишилар орасида Шаҳрисабз туманининг Мўминобод қишлоғида таваллуд топган, исломий билимлар эгаси ва шоир Қори Аваз Бадал Маҳзун Шаҳрисабзий ҳам бор эди.

У биринчи марта 1926 йилда қамоққа олинади, лекин кўпдан-кўп қийноқлар, сўроқлар унинг шўро тузумига қарши қилган айбли ишларини исботлай олмайди. Қори Аваз Бадал қишлоғига қайтиб келган бўлса-да, оиласи билан тинч-осойишта яшашига, янги ҳокимият гумашталари энди безовта қилмаслигига ишонмайди. Шунинг учун қишлоқдан бош олиб чиқиб кетиб, қўшни туманлардаги турли қишлоқларда яшаб юришга мажбур бўлади. Бир неча йилдан сўнг, энди мени тинч қўйишса керак, деган умид билан оиласи, бола-чақаси олдига қайтади. Аммо у янглишган эди.     Айғоқчилари ёрдамида қишлоққа қайтиб келганлигидан хабар топган ходимлар уни 1929 йилда яна қўлига кишан солиб, олиб кетишади. Яна сўроқлар, қийноқлар, турма азоблари...

Қарши шаҳридаги қамоқхонага айлантирилган Ҳожи Абдулазиз мадрасасининг бир вақтлар тўрт талаба яшаган ҳужрасида 15 дан 20 нафаргача маҳбус ётган. Унинг икки йиллик ҳаёти шу ерда ўтди. Аммо терговчилар Қори Авазга нисбатан бирон бир айб қўя олмадилар. У 1931 йилда озодликка чиқарилади ва қўлига яна қалам олиб, шўро тузумининг машъум сиёсати, бу тузум маъмурларининг кирдикорлари, турмасининг жирканч манзаралари акс этган шеърлар ёза бошлади. Қори Аваз Бадалнинг шу мавзудаги ғазал ва мухаммаслари сони 200 дан ортиқдир.

Шўролар тузуми унинг ҳаётида яна бир дахшатли, аянчли из қолдирди. У Қаршидаги турмада бўлган йилларида яккаю ягона ўғли Шоймардон ҳам ҳибс этилиб, Сибирга сургун қилинган эди. Унинг умри фожиали тугагани маълум бўлди...

1878 йилда дунёга келган Умрбоқий эса Бухорода мадрасада ўқиб юрган чоғида кутилмаганда отаси қазо қилгани учун Шаҳрисабзга қайтишга мажбур бўлади. Беклик девонида мирзалик қилади, хаттотлик ва китобат ишлари билан шуғулланади. 1920 йил августида туғилиб ўсган юртини қизил армия қўшинлари босиб олгандан сўнг унинг тинч-осойишта ҳаёти бузилади. Уни ревкомда котиб бўлиб ишлашга мажбур қилишади. Сўнг коммунистик фирқа аъзолигига киришни талаб этишади. Бу Умрбоқийнинг эътиқоди, дунёқарашига зид бўлгани учун ишидан воз кечади. “Қора рўйхат”га тушиб қолмаслик учун ими-жимида Каттақўрғон томонларга қочиб кетади.

Мирзо Умрбоқийни ҳибсга олиш учун уйига бостириб кирган чекистлар уни тополмагач, ўғли Салоҳиддинни сўроқ қилишади, аммо фарзанди мум тишлайди. 13 ёшли Салоҳиддинни олиб кетишиб, сўроқ қилишда давом этишади, лекин отасининг қаерга кетганини билишолмайди. 70 кундан сўнг болани қўйиб юборишади.

Мирзо Умрбоқий Каттақўрғонда бир йилни ўтказгач, таниши орқали қаердалигини билдириб, оила аъзоларини ҳам шу шаҳарга олиб келишга    муваффақ бўлади. Аммо бу ерда ҳам тинчлик йўқ эди, ҳукумат одамларидан хавфсираб, ҳушёр бўлиб яшашга тўғри келади. Кейин Чақар қишлоғига кўчади. Бу ерда кимдир хабар берган эканми, бир куни уни олиб кетишади.   Терговчининг саволларига аниқ, лўнда жавоб бергани учун уйига қайтиб келади.

Мирзо Умрбоқий Чақарда етти йил турди, 1937 йилда Самарқанд шаҳрига кўчиб келди, қадим шаҳар унинг учун сўнгги манзил бўлди.

Чақарда яшаётганида Мирзо Умрбоқий бир ҳафта ичида икки фарзандидан айрилган эди. Самарқандда Салоҳиддин улғаяди, уйланиб фарзандлар кўради. 1957 йил 23 сентябрда вафот этган падари бузрукворини Чокардиза қабристонига дафн қилдиради.

Мирзо Умрбоқий Шаҳрисабзий-Самарқандий шеъру ғазаллар ёзишни хуш кўрарди. Унинг ижод маҳсуллари икки – она тили  ўзбек ҳамда тожик тилида битилган. Унинг Боқий тахаллуси билан ёзилган кўплаб шеърларида сарсон-саргардонликда, дарбадарликда кечган изтиробли ҳаёти,  мустабид тузум туфайли бошидан ўтган дарду аламлари, шўро тузуми ва унинг номаъқул сиёсати ўз ифодасини топган.

“Эй фалак сендан етибди менга шунча доғу дард,

Сени ҳам бўлсин бу дунёда асосинг гард-гард”,

“Келди бу дунёда ҳаргиз шоду хандон бўлмади,

Неча ҳасратлар билан бўлди бу оламдан жудо”,

“Рўза ойи келди-кетди ҳеч билмаймиз ҳануз,

Умри шохи қайрилиб ҳақга эгилмаймиз ҳануз”,

дея шеъриятдан таскин изларди.

Қизил салтанат сиёсатидан азият чеккан, жабр кўрганлардан яна бири шаҳрисабзлик Ҳожи Мирзо Махдум Ҳамидуддин Ҳамидий эди. Унинг ёшлик йиллари рус чоризми Шаҳрисабзни истило қилган йилларга тўғри келади. Ўша пайтлар кўплаб уламолар, диндорлар бошқа ўлкаларга бош олиб кетишга мажбур бўлишади. Аммо Ҳамидуддиннинг падари бузруквори Мулла Авазмурод сарсон-саргардонликни истамай киндик қони тўкилган шаҳрида яшаб қолади. Фарзандига дастлаб ўзи таълим беради, сўнгра уни шаҳардаги обрўли мударрислар ҳузурига етаклаб боради. Ҳамидуддин отаси ишончини оқлаб, ислом асосларини чуқур ўрганиб, салоҳиятли олим бўлиб етишади. Шаҳрисабз беклигида мирзалик қилади, муборак Ҳаж сафарида бўлади.

Чор маъмурлари ўрнини большевиклар эгаллагач, Ҳамидуддин Ҳамидийнинг диний фаолияти чекланади. 20-йиллар охирида тирноқ остидан кир излаган коммунистик мафкура намояндалари уни Китоб туманидаги Қорахон деб аталган тоғлик ҳудудига сургун қилишади. Бир неча йил ўша жойларда яшаб, кўп қийинчиликларни бошидан кечиради.

У коммунистик тузумдан кўрган жабру жафоларини “Ҳамидий” тахаллуси билан ўзбек ва тожик тилларида ёзган шеърларида баён этди.

1917 йилда Китоб туманининг Сариосиё қишлоғида туғилган Нажмиддинхон Ҳомидхон ўғли диндор ва зиёли оилада вояга етди. Ёшлигидан Қуръон ўқийдиган, шеър ёзишни машқ қиладиган бўлди. Бу соҳада етукликка эришай деб турган вақтда Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Фашистлар Германияси бошлаган уруш садолари қишлоғига етиб келгач, оила аъзолари ва ижодини ташлаб фронтга кетганида энди йигирмадан ошган эди. Нажмиддинхоннинг бундан кейинги ҳаёти машаққатлар, хор-зорлик ва азоб-уқубатларга тўла бўлди.

Нажмиддинхон фашистлар билан бўлган жангларнинг бирида душманга асир тушади. Уруш охирлаб қолганда асирликдан қочишга муваффақ бўлади ва қизил армия сафларига қўшилади. Аммо асирликка қандай ҳолатда тушгани, қочиб яна фашистларга қарши жанг қилгани инобатга олинмай, ҳарбий дала суди томонидан 25 йилга озодликдан маҳрум этилади.

Тутқунлик даврида у яна қўлига қалам олади. Асирий тахаллуси билан асирликдаги ҳаётини

“Нолау зору фиғондин ўзга корим йўқ мани,

Бодаи ғам нуш этарман ихтиёрим йўқ”

деганча қоғозга туширади.

Шоир ҳар қанча қийналмасин, умидсизликка тушмади, зимистонликдан ёруғ кун келишига, ҳуррият насимлари эсишига ишончи сўнмади, шеърий сатрлар орқали юртдошларига “Шонли куч, эркин ҳаёт бирлик шиоринг ярқираб, миллий байроғинг буюкликда намоён бўлғуси” деб башоратомуз мурожаат қилади.

Нажмиддинхон Ҳомидхон ўғли асирликдан ўз қишлоғига соғ-омон қайтди. Аммо ўзи башорат қилган истиқлол кунларига етиб боролмади.

Мустабид тузум томонидан қатағон қилиниб, бевақт ҳаётдан кўз юмган, шунингдек, ундан азият чеккан, аммо иродаси букилмаган истиқлол фидойиларининг ҳаёти ёш авлод учун ҳамиша ибрат мактабидир.

Мўмин АЗИЗОВ,

тарихчи-журналист

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!