Меню

Қашқадарё

11.04.2017 2220

ЭСКИ ТЕЛЕВИЗОРЛАР УНУТ БЎЛАДИ(МИ?)

Хўш, рақамли телевидениега тўлиқ ўтилгач, нималар ўзгаради? Телетомошабинлар учун қандай қулайликлар яратилади? Дастурлар сони нечтага етиши мумкин? Шу ва шу каби саволларимизга жавобан вилоят радио-телевидение узатиш маркази директори Акмал Шодмонов қуйидагиларни маълум қилди.

- Рақамли телевидениенинг афзалликлари нимада?

- Кўпчилик аналогли телевидение билан рақамли телевидениенинг фарқи нимада эканлигига қизиқади. Оддий тил билан айтадиган бўлсак, рақамли телевидениенинг устунлиги сифатнинг аъло даражада таъминланиши ва қўшимча қулайликлар кўплигидадир. Аввало, бу тасвир сифатида яққол кўзга ташланади. Масалан, эски телевизорлар жуда кам ҳолатларда тиниқ кўрсатарди. Об-ҳаво ва бошқа ташқи таъсирлар натижасида экрандаги тасвирларда жимирлаш, тез-тез йўқолиб қолиш ҳолатларининг кузатилгани сир эмас. Янги шаклдаги телевидениеда эса ташқи таъсирлар сезиларли даражада камайиб, тасвир равшанлигига эришилган. Буни товуш сифатида ҳам кўриш мумкин. Авваллари телевизорда товуш бирмунча ноаниқ эшитиларди. Рақамли телевидениеда овоз ўта тиниқ форматда узатилади. Бундан ташқари, янги узатиш тизимининг жорий қилиниши бутун республика бўйлаб янада кўпроқ теледастурларни намойиш этиш имконини беради.

- Тўлқинларни рақамли тарзда қабул қиладиган айрим телевизорлар ҳам қайсидир телеканалларни “топа олмаяпти”. Бу нима билан боғлиқ?

- Дарҳақиқат, мамлакатимизда рақамли телевидениега ўтишнинг илк даврларида DVB-T стандарти қўлланилган эди. Йиллар давомида телевидение ривожланиб, бундан-да замонавий имкониятларга эга бўлган DVB-T2 стандарти яратилди. Шу боис республикамизда ҳам энг сўнгги авлод - DVB-T2 стандартидаги рақамли телеузаткичлар ўрнатилмоқда. Бунинг битта ноқулай томони - DVB-T стандартидаги телевизор ва тюнер қурилмалари DVB-T2 стандартида узатилаётган теледастурларни қабул қила олмайди. Масалан, ҳозирги кунда республика ҳудудларига узатилаётган нодавлат “Мilliy TV” ва “Uzreport TV” телеканаллари дастурлари DVB-T2 стандартида узатилмоқда. Шу боис телевизор ёки тюнер қурилмалари DVB-T стандартли бўлган кишилар мазкур телеканалларни кўра олишмаяпти.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, янги ишга тушириладиган телеканаллар ҳам DVB-T2 стандартида узатилади. Шу боис телевизор харид қилаётганда унинг DVB-T2 стандартидаги сигналларни қабул қилиш имконияти мавжудлигига эътибор қаратиш лозим.

- Эски телевизорлар-чи, улар фойдаланишдан чиқиб кетадими?

- Замонавий телевизорларнинг аксарияти, жумладан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган янги телевизорлар ҳам DVB-T2 стандартини қабул қиладиган махсус рақамли тюнер қурилмасига эга. Унга оддий антенна бўлса, бас. Эски авлод телевизорлари учун эса махсус тюнер харид қилиш керак бўлади. Ўрни келганда айтиб ўтай, ҳамманинг ҳам тюнер ёки телевизор сотиб олишга қурби етмаслиги мумкин. Шу боис дастурда кам таъминланган оилалар учун рақамли тюнер ва бошқа қурилмаларни имтиёзли кредитлар асосида харид қилиш имкониятини яратиш кўзда тутилган. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари ва “Маҳалла” жамоат фонди билан ҳамкорликда бу борада тегишли ишлар олиб борилмоқда.

- Рақамли телевидениега тўлиқ ўтилгач, айрим телеканаллар пуллик бўлади, деган гап ростми?

- Гап шундаки, республикамизда рақамли телевидениенинг очиқ тўплами ва тижорат (пуллик) тўпламлари мавжуд бўлиб, очиқ тўплам таркибига Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги 12 та телеканал ва 4 та радиодастур, шунингдек, 4 та нодавлат телеканал дастурлари киритилган. Тижорат тўпламида эса 44 та хорижий теледастурлар жой олган. Тегишли   дастурга асосан 2016 йилнинг декабрь ойида Тошкент телеминорасига қўшимча DVB-T2 стандартидаги рақамли телеузаткич ўрнатилиб, ишга туширилди. Ҳозирги вақтда бу имкониятдан Тошкент шаҳри ва вилояти аҳолиси фойдаланмоқда. Келгусида  барча ҳудудлар аҳолиси “Miks-T2” тарифида DVB-T2 стандартида узатиладиган 44 та, “Miks” тарифида эса DVB-T стандартида узатиладиган 31 та хорижий телеканалларни пуллик кўриш имконига эга бўлади.

- Аналогли эфир қачон ўчирилади?

- Бугунги кунда вилоятимизнинг барча ҳудудларида рақамли узаткичлар ўрнатиш ишлари босқичма-босқич давом эттирилмоқда. Айни пайтга қадар Қарши ва Муборак шаҳарларида қуввати 1.0 кВт бўлган 1 тадан рақамли узаткичлар ўрнатилди. Келгусида Қарши шаҳрида яна 2 та, Муборак шаҳрида 1 та ана шундай қувватли узаткичлар ўрнатилади. Шунингдек, Тахтақорача ва РТС-Одамтош станцияларида 1 тадан қуввати 5.0 кВтли рақамли узаткичлар ўрнатилиб, ишга туширилди. Бошқа станцияларда ҳам босқичма-босқич таъмирлаш, монтаж ишлари олиб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, жорий йилнинг сўнгига қадар вилоятда Ер сунъий йўлдоши орқали жами бўлиб 75 та аҳоли яшаш пунктида қуввати 30 ёки 50 ватт бўлган рақамли узаткичларни ўрнатиб, ишга тушириш режалаштирилган. Шу билан вилоят ҳудуди 100 фоиз рақамли телесигналлар билан қопланади ва ҳозирда эфирга узатилаётган аналогли сингал тарқатадиган қурилмалар навбатма-навбат ўчирилади.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!