Меню
Қашқадарё
ЭСКИ ЙЎЛ ТАЪМИРГА МУҲТОЖ, ТАЪМИРЛАНГАН ҚИСМИ ЭСА БИР МАВСУМНИ АРАНГ ЎТКАЗАДИГАНГА ЎХШАЯПТИ...
Фотонигоҳ
Солиқ тўловчи ҳар қандай киши борки, маоши, топган маблағининг маълум қисмини давлат ихтиёрига бериб, бунинг эвазига сифатли таълим, малакали тиббий хизмат кабилар қаторида сифатли йўл талаб қилишга ҳақли.
Қолаверса, машина харид қилинганда, "йўл фонди" деган банд борки, унга тўланадиган маблағ ҳам ҳазилакам эмас. Кўчаларни тўлдириб юрган машиналардан "йўл фонди" учун олинган пулни чўтга солсак, шу вақтгача бизда равон бўлмаган бирор кўча, йўл қолмаслиги керак эди...
Бироқ, афсуски, йўлларимиз ҳолати билан мақтана олмаймиз. Қай бир замонлар асфальт кўрганлари ўша туришича қолган, ўйдим-чуқурлар бирда-ярим ямаб қўйилса қўйилди, бўлмаса шу ҳам йўқ.
Эшитган чиқарсиз, бир неча кун илгари Қарши-Касби-Жейнов-Помуқ автомобиль йўлининг Қарши тумани Лаганди маҳалласидан ўтувчи қисмида аянчли йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. "Матиз" ва "Кобальт" автомашиналари тўқнашуви натижасида "Матиз" ҳайдовчиси ва йўловчи вафот этган, ҳар иккала машинадаги бошқа йўловчилар эса оғир тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.
Маълумотларга кўра, ушбу ҳодисага "Матиз" автомашинасининг носоз йўлни айланиб ўтиш чоғида қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиши сабаб бўлган.
Албатта, ҳеч ким бесабаб жонини хатарга қўймайди, бошини ажалга тутиб бермайди. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган суратлардан кўриниб турибдики, йўлнинг аҳволи абгор, ўйдим-чуқур. Бу яқин-ўртада таъмир кўрганга ўхшамайди. Боя айтганимиздек, бундай йўллар бизда кам дейсизми?
Фотомухбиримиз тасвирга муҳрлаган ушбу манзаралар - Касби туманидаги Хўжаҳайрон қишлоғи йўллари. Қиш бошланиб кетганига қарамай ҳали-ку тузук-қуруқ ёғингарчилик юз бергани йўқ, бир-икки қор-ёмғир ташласа, билмадик бу йўллар қандай аҳволга келиб қолади?
Айтишларича, ўтган ой айни шу йўлнинг бир қисмини, тўғрироғи, энг абгор жойларини асфальт қилишибди. Аммо бундаям узоқни ўйлаб иш тутмаганлари кўриниб турибди. Боиси, фалон миллион сўм пул сарфлаб ётқизилган асфальт анча йил йўл юрмоқни роҳатга айлантирсин, деган ният бўлганида, ишни пишиқ-пухта бажаришарди. Тупроқ қоплаб ётган асфальт ҳозирданоқ уваланиб туришидан "янгиланган йўл" битта қишни аранг ўтказадиганга ўхшаяпти...
Буниси энди йўлсозларнинг ўзига тан, бироқ носоз йўллар кўп кўнгилсиз ҳолатларга сабаб бўлаётган экан, бунинг олдини олиш чораларини кўриш керак. Ахир қачонгача ҳайдовчилар текис йўл териб, жонини хатарга қўяди, аянчли оқибатларга дучор бўлади?
Эҳтимол масъул амалдорлар Хўжаҳайрондаги ўйдим-чуқур йўллардан юрмас, эҳтимол юришару, ҳайбати отни ҳуркитадиган танкадай машиналари унча-мунча чуқурни кўрдим демас?! Ким билади дейсиз...
НАСРИДДИН
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.