Меню
Қашқадарё
Эски чиқинди полигони ўрни дарахтзорга айланаяпти
Мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш бўйича эълон қилинган “долзарб 40 кунлик” Қашқадарёда кенг қўллаб-қувватланиб, бир пайтлар тақир ер кўринишада бўлган қаровсиз майдонлар ҳам обод қилинмоқда.
Ана шу ташаббус бундан икки-уч йил олдинлари ҳам Қарши чиқинди полигони вазифасини ўтаган Қўнғиртоғ тепаликларига туташ, бир пайтлар кўзи тушган кишининг дилини хира қиладиган йирик майдонларгача етиб борди. У ердаги 20 гектардан ошиқ дала ўзлаштирилиб, воҳа иқлимига мос мевали ва манзарали дарахтлар кўчатлари экишга тайёрланди ҳамда шаҳар ва туманлар кесимида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшиш истагини билдирган ташкилотларга тақсимлаб берилди. Бугун ана шу ҳудудда иш қизғин.
- Чўл иқлимига мос жийда, наъматак, бодом, ўрик каби доривор мевали, қарағай, қайрағоч, акация каби манзарали иҳота дарахтлари кўчатларини ўтқазаяпмиз, - дейди ҳашарда ҳозир бўлган “Қашқадарё вилояти сув лойиҳа” масъулияти чекланган жамияти раиси Бахтиёр Авазов. – Уларни суғориш тизимини йўлга қўйиш учун шу ҳудудга энг яқин жойдан ўтган Пистали каналидан сув олиш ва томчилатиб суғориш технологиясини қўллаш мўлжалланаяпти.
Масъулларнинг маълум қилишича, эрта баҳорга қадар ушбу манзилдаги яна 25 гектарга яқин ташландиқ ер ўзлаштирилиб, дарахтзорга айлантирилади.