Меню

Қашқадарё

14.11.2024 269

ЕРТЕПАДА "ЕТИШТИРИЛГАН" ШОКОЛАДЛИ ҚУЛУПНАЙ

Оилавий бизнес

Қарши туманидаги Ертепа маҳалласида шоколадли қулупнай етиштирилади, десак бунга, табиийки, ишонишингиз амримаҳол. Бироқ ушбу янгиликда бироз муболаға бўлсада, аслида у рост гап. Чунки бу маҳалладаги хонадонлардан бирида етиштирилган қулупнайларнинг муайян қисми истеъмолчиларга иссиқ шоколадга ботириб олинган ва шу ширинликдан безак берилган ҳолда етказилади...

Қаҳрамонимиз Самадулло Ҳусанов меҳнатдан қочмайдиган, тадбирли, ташаббускор инсон. Ана шу меҳнатлари, изланиш ва интилишлари ортидан ҳовлисидаги 4 сотих томорқани чинакам хазинага айлантирган. Шу билан бир қаторда, оилавий тадбиркорликни ҳам йўлга қўйиб, ўз хонадонида қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини ташкил этган.

-  Ўзим деҳқончиликка қизиқаман, - дейди  Самадулло Ҳусанов. - Аввал оила аъзоларим билан биргаликда очиқ майдонда турли полиз ва сабзавот маҳсулотларини етиштирган бўлсак, 4 йил аввал томорқамизда иссиқхона барпо этдик. Натижада деҳқончиликдан оладиган даромадимизни янада ошириш имкони пайдо бўлди.

Оила бир неча йилдан буён иссиқхонада қулупнайнинг Жанубий Кореядан келтирилган "Солхянг" навини етиштирмоқда.  Самадулло Ҳусановнинг айтишича, қулупнайнинг бу тури ўзининг хўшхўр таъми, қолаверса, мевасининг катта ва чиройлилиги билан ажралиб туради.  Айни пайтда иссиқхонада қулупнайлар ғарқ пишган. Маҳсулотнинг харидори эса кўп. Ҳар куни териб тайёрланган мева пешма-пеш ҳудуддаги улгуржи харидорларга етказиб берилмоқда.

- Маҳсулотга  харидор топа билиш ҳам кишидан алоҳида тадбиркорликни, изланишни талаб этади, - дейди хонадон соҳиби. - Кўп йилдан буён шу фаолият билан шуғулланганимиз боис бу борада етарли тажриба тўплаганмиз. Қулупнай пишгач, уни териб, саралаб, буюртмага асосан атрофимиз ва вилоят марказидаги савдо шохобчаларига етказиб бераяпмиз. Сўнгги йилларда эса энг сара резавор меваларни махсус идишларга қадоқлаб сотишни ҳам ўзлаштирдик. Чунки йирик супермаркетларда чиройли кўринишда қадоқланган меваларга талаб катта. Бу биз учун ҳам янада фойдали бўлмоқда. Яқиндан бошлаб эса мижозлар учун шоколадли қулупнай етказишни ҳам йўлга қўйдик. Олдин бу антиқа қандолат маҳсулотлари алоҳида буюртма асосида тайёрланган бўлса, энди талабга қараб уни   оммавий ишлаб чиқаришга ўтаяпмиз. Қулупнайдан олинаётган даромадни кўпайтиришнинг бу йўлини рафиқам кашф этган.

Дарҳақиқат, оила бекаси Наргиза Ҳайдарова қиз-келинларини ёнига олиб, ўз хонадонида турли қандолатчилик маҳсулотлари тайёрлаш билан шуғулланади.

-  Ҳозирги кунда маҳсулотларимиз тури 15 дан ошган бўлса, улар орасида энг янгиси - шоколадли қулупнайдир - дейди у. - Аслида оилавий бюджет даромадини ошириш учун тўй ва маросимлар учун буюртма асосида турли пишириқлар тайёрлаб берамиз. Ҳудуддаги дўконларга ҳам маҳсулот етказиб беришни йўлга қўйганмиз. Ўтган йили ҳисоблаганимизда бу фаолиятдан олган соф фойдамиз 100 миллион сўмни ташкил этган экан. Бу йил ундан ҳам кўпроғини режа қилганмиз.

Эътиборли томони, оила аъзоларининг барчаси ўз хонадонларида иш билан банд. Бундан ташқари, яна 3 нафар кишини иш билан таъминлашга эришибди.

"Ертепа" МФЙ раиси Бибисора Бегнаеванинг айтишича, маҳаллада  томорқачиликда, тадбиркорликда яхши натижаларга  эришаётган бундай оилалар кўп. Улар ўз фаолияти  билан бошқаларга ҳам намуна бўлмоқда.  Натижада ўз бизнесини йўлга қўяётган хонадонлар сони янада ортиб бормоқда.

Собир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!