Меню
Қашқадарё
ЭРТАНГИ КУНГА ИШОНЧ УЙҒОТМАСДАН ҲЕЧ НАРСАГА ЭРИШИБ БЎЛМАЙДИ
Ўша даврдаги асосий соҳа – пахтачилик ниҳоятда оқсаб, ҳосилдорлик гектарига 14 центнерга зўрға етар, чорва моллари сони тенг ярмига қисқариб, республикада довруғи кетган бир қатор қоракўлчилик хўжаликлари тугатилиб, қўйларнинг катта қисми Бухоро ва бошқа вилоятларга арзон-гаровга сотиб юборилди.
Очиғини тан олганда, бизнингча кўпчилик соҳаларга номуносиб раҳбарлар тайинлангани, улар тармоқни ривожлантиришдан кўра кўпроқ шахсий манфаатлари учун қайғурганликлари боис шундай аҳвол рўй берди. Устига-устак “ўзбеклар иши”, “пахта иши”, “рашидовчилик” деган асоссиз уйдирмалар билан бутун халқни ёмонотлиқ қилишга киришилган эди. Бу ҳақсизлик ва бўҳтонлар билан халқимиз ҳеч кутилмаган азоб-уқубатларда қолди.
Ислом Каримов 1986 йилда воҳа кишилари ғам-ғуссага ботган ана шундай оғир шароитда Қашқадарёга биринчи раҳбар бўлиб келди. Бу Яратганнинг вилоят халқига кўрсатган илтифоти, ғамхўрлиги эди. Нега? Негаки, даҳшатли аҳвол ҳар қандай раҳбардан ўз халқига муҳаббатни, садоқатни, юқоридан билдирилаётган дўқ-пўписалар, хавфу хатардан ҳайиқмасликни, халқи, миллати тақдири учун жуда катта матонатни талаб этарди. Республикада турли лавозимларда ишлаб, ҳар томонлама ўзини кўрсатган Ислом Абдуғаниевичда ана шу муҳим хусусиятларнинг барчаси мужассам эди.
- Бўлиб ўтаётган воқеалар, бошларингизга тушган мушкул муаммоларнинг барчасидан яхши хабардорман, - деди Ислом Абдуғаниевич дастлабки учрашувдаёқ йиғилиш аҳлига. – Бундай ҳолатга бундан кейин чидаш қийин, жим қараб ўтириб бўлмайди. Бобомиз Амир Темур айтганидек, энг ёмон ҳақорат адолатсизликдир. Ориятли, номусли халқимиз барча муаммо, азобларга чидайди, “ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ойдин”, деб Худодан мадад тилайди, аммо адолатсизликка чидай олмайди. Ноҳақ жабр кўраётган минг-минглаб одамларни ҳимоя қилиш, ғурури топталган, юрак-бағри эзилган инсонлар қалбига эртанги кунга умид уйғотмасдан, уларнинг ҳақиқатга ишончини тикламасдан туриб ҳеч нарсага эришиб бўлмайди! Менга озроқ вақт беринглар... Ҳамжиҳатликда елкама-елка туриб иш юритамиз. Адолатни тиклаш, ҳақиқатни юзага чиқариш учун бор куч-ғайратимни, керак бўлса, жонимни ҳам аямайман!
Ҳа, вилоят раҳбари айтган сўзида турди. Адолатсизликларнинг туб илдизига етиб бориш, асл моҳиятни тўла очиш учун ишни одамлар билан мулоқот қилиш, улар қалбига қўл солишдан бошлади. Воҳани қадам-бақадам кезиб чиқди, лозим топилганда жабр кўрганлар, жазога тортилганларнинг хонадонларига кириб, оила аъзолари, аёллар, уларнинг фарзандлари билан дилдан суҳбатлашди.
Биз журналистлар бўладиган учрашувлар, суҳбатларнинг кўпчилигида қатнашиб, вилоят раҳбарининг кишилар қалбига яқин сўзлар топишига, ишонтиришига қойил қолардик. Булар шунчаки ваъда эмасди, Ислом Абдуғаниевич ҳар бир сўзини ўйлаб, етти ўлчаб бир кесгандан, уларнинг бажарилишига ишонч ҳосил қилгач, тилга оларди.
Ўша пайтда биргина Шаҳрисабз туманидан 1700 киши “пахта иши” бўйича терговга тортилганди. Улар орасида аёл раислар, бригадир хотин-қизлар кам эмасди. Тумандаги машҳур “Гулистон” колхозининг донгдор раиси Ҳурматой Шоимова билан бўлган суҳбат ҳамон дилимни тирнайди:
- Колхозга хизмат қила бошлаганимга қарийб 40 йил бўлди, - деди опа кўзига ёш олиб. - Мени Худо фарзанддан қисди. Бутун аламимни меҳнатдан олардим. Тақдирга тан бериб, “детдом”дан бола асраб олишга мажбур бўлдим. Унга меҳр қўйдим, ўз туққанимдек бўлиб қолган. Қаердаги уйдирмалар билан менинг устимдан ҳам иш қўзғатишган. Мен “кесилиб” кетсам, беозоргина болам энди кимнинг қўлида қолади? Кўрадиган азобларим эмас, ана шу бегуноҳ боланинг тақдири менга кечалари билан уйқу бермайди.
Опанинг ғам-ғуссага тўлиб айтган бу сўзлари ҳар биримизни тўлқинлантирди, киприкларимиз ёшланди.
- Йиғламанг, опажон, ўғлингиз етим бўлиб қолмайди, ҳамиша бирга бўласизлар, мен сизга ваъда бераман, - деди Ислом ака.
Шу куни Ислом Абдуғаниевич яқинда қамоққа олинган 26 яшар колхоз раиси Шуҳрат Бобоёров, ёш болали хўжалик раҳбари Каромат Қудратова, бирлари ҳисобчи, бирлари бригадир бўлган Абдураҳмон Эшматов, Бекназар Сувонов, Умрзоқ Узоқов хонадонларида ҳам бўлиб, ота-оналари, фарзандлари, қариндошларини улар бошига тушган кулфатлар вақтинчалик эканлиги, яқин кунлар ичида ўзлари кутаётган яхши хушхабарлар олишларига ишонтирди.
Вазият жуда оғир, “марказ”нинг ўша вақтдаги сиёсатига қарши чиқиш, коммунистик тузум томонидан “айбдор”, “жиноятчи” деб топилган одамларни оқлашга уриниш анча мушкул эди. Аммо бўладиган дўқ-пўписалар, қўрқитишлар раҳбаримизни сира чўчитмас, ҳақиқат ғалаба қилишига бўлган ишончи қатъий, кучли эди.
Тез орада Қашқадарё раҳбари ташаббуси билан бутун республика бўйлаб туҳматга учраганларни оқлаш бўйича катта ишлар бошланди.
Ана шундай ғам-ғуссали, нотинч, ҳар соҳада ечимини кутаётган ишлар тўлиб-тошиб ётган бир пайтда Ислом Абдуғаниевич оммавий ахборот воситаларига ҳам эътиборсиз эмасди. Шароитнинг ниҳоятда ташвишли эканига қарамасдан иш бошлаган дамларининг ўн бешинчи куниёқ вилоят ОАВ ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказди. У киши журналистларни айни вақтдаги аҳвол билан муфассал таништиргач, Қашқадарё шарафини тиклашда ижодкорларнинг муҳим ўрни борлигини алоҳида таъкидлади. Газеталар, телевидение, радио раҳбарларининг хоҳиш-истаклари, режалари, муаммолари эшитилгач, тажрибали журналистларга бирма-бир сўз берилиб, муаммолар ва уларнинг ечими ўрганилди. Бундай юзма-юз мулоқотлар ҳар ойда мунтазам ўтказиладиган бўлди. Қашқадарёда замонавий телемарказга худди ана шу йилларда Ислом Абдуғаниевич томонидан биринчи ғишт қўйилди.
Журналистлар жуда мамнун эдилар. Иш кунини матбуотнинг янги сонларини кузатишдан бошлаган раҳбар яхши ёзилган хабарлар, ҳикоя, очеркларни алоҳида қайд этиб, бош муҳаррирларга уларнинг муаллифларига раҳмат айтишни, имкон даражасида рағбатлантиришни тайинлар эди. Жиддий танқидий материаллар вилоят партия қўмитаси бюроларида муҳокама қилинар, айбдорларга жазо чоралари қўлланиларди. Радиодаги эшиттиришлар ҳам у кишининг эътиборидан четда қолмас, вақти-вақти билан ижодкорларимиз билан суҳбатлашиб, зарур маслаҳатларини аямасди.
“Бу ёруғ дунёда шу кунгача мен нималарга эришган бўлсам, аввало, Худонинг инояти, ҳаётимнинг мураккаб кунларида Қашқадарё аҳлининг менга билдирган чексиз ҳурмат ва ишончи, қўллаб-қувватлашларнинг натижаси, деб биламан.
Мени ўз фарзандидай кўриб, нон-туз берган, меҳр-оқибат кўрсатган, яхши-ёмон кунларимда ёнимда турган, раҳбар сифатида камолга етишимга сабаб бўлган меҳнаткаш, бағрикенг, оқкўнгил Қашқадарё халқига яна бир бор бош эгиб, таъзим қиламан”.
Биринчи Президентимизнинг бу самимий дил изҳори барча қашқадарёликлар кўнглини ҳамиша ғурур-ифтихорга тўлдириши табиий.
Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида Биринчи Президентимиз хотирасини абадийлаштириш йўлидаги кўп хайрли ишлар қаторида биз қашқадарёликларнинг орзу-ҳаваслари амали ўлароқ Тошкент ҳамда Самарқанд шаҳрида қад кўтарган ҳайкаллар билан бирга Қарши шаҳрида ҳам Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилади ва ҳеч шубҳасиз бу майдон вилоятнинг чинакам маънавият ҳамда маърифат маркази бўлиб қолади.
Қурбон ЭГАМБЕРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими