Меню

Қашқадарё

27.02.2018 2114

ЭРТАКЛАР КИТОБ ЎҚИШГА ЕТАКЛАР

Шоир Ҳамид Олимжоннинг “Ойгул билан Бахтиёр” достони кириш қисмидаги ушбу мисраларни билмайдиган ўзбек ўқувчисини топиш қийин. Шоир ўзи таъкидлаганидек, болалигида “узун тунлар ётиб жим” эшитган эртаклари келгусида етук шоир бўлишига катта замин яратди. “Ойгул билан Бахтиёр”, “Симурғ”, “Зайнаб ва Омон” сингари  достонларида халқ оғзаки ижоди, болаликдан қулоққа сингган эртаклар оҳанги сезилиб туради.

Аслида ҳам китобга меҳр эртак эшитишдан бошланади. Бола ҳали китоб ўқий олмайдиган пайтида ҳам эртак эшитишга жуда қизиқади. Ҳатто қайси эртак қайси китобдалигини ҳам яхши билади. Мисол учун, олти ёшли набирам китоблар орасидан Муҳаммад Юсуфнинг шеърлар тўпламини адашмай топиб келади ва “Қизғалдоқ” шеъри бор саҳифани очиб, “Моможон, илтимос шу шеърни ўқиб беринг” деб туриб олади. Бу мурғак юракда китобга, шеърга нисбатан ҳавас уйғонганини кўриб бениҳоя севинаман.

Китобни мажбурлаб ўқитиш мумкин эмас. Такрор-такрор “Китоб ўқиш керак - китоб ўқиш керак” деяверган билан бола китобхон бўлиб қолмайди. Бу жараённи болаликдан бошлаш керак. Кўп китоб ўқиб бахт топган инсонлар ҳаётидан мисоллар келтириш, аълочи болаларни рағбатлантириш сингари турли усуллар орқали бола қалбига йўл топиш керак.

Болалигимда эртак эшитишни яхши кўрардим. София аммам ярим тунгача айтган эртак ва маталларнинг айримлари ҳамон ёдимдан чиқмаган. Мен эртакларда эшитган олам ниҳоятда нурли, ғоят мафтункор эди. У олам сеҳри-ла ухлаб, тушларимда давомини кўрардим. Кундузлари эса одамлар орасидан эртак қаҳрамонларини излардим. Онам майда-чуйда солиб қўядиган сандиқ - Тоҳир дарёга оқизилган сандиқ, қўшнимизнинг  доим аразлаб ўтирадиган дангаса қизи айнан Қимматнинг ўзгинаси эди, баъзи кампирлар ҳазиллашиб уни “Қиммат” деб чақиришарди ҳам. “Уч оғайни ботирлар” эртагидаги Кенжа ботир ўзимнинг акам эди. У ҳалол, ростгўй, ҳеч кимдан ёрдамини аямайдиган мард йигит эди.

...Йиллар ўтди, эртак нимаю, китоб нима эканлигини ажрата бошладим. Мен севган эртаклар ана шу китоблар қатига яширинганига ишондим. Энди тунлари аммам ва онамга ялинмасдим. Еттинчи лампанинг хира ёруғида мук тушиб китоб ўқирдим. Уларнинг айримлари эски, титилиб кетган бўлса-да, бағримга босардим, тунлар ёстиғимнинг тагига қўйиб ётардим. Унинг ҳидлари ҳам мен учун ёқимли эди.

“Бўлган воқеалар”, “Етти қарға” номли эртак китобларни, Ойбекнинг “Болалик” қиссасини, Ҳамид Олимжоннинг “Ойгул билан Бахтиёр” достонини ўқигандаги таассуротларимни ҳамон эслайман.

Ёшим улғайиб севимли масканим - кутубхоналарга қатнаб, китоб саралайдиган бўлдим. Энди эртаклар олами эмас, катта ҳаёт, муҳаббат мавзусидаги китоблар мени ўзига тортарди. Эсимда, Ҳабиб Нўъмон деган ёзувчининг “Ёшликдан берган кўнгил” деган китобининг муқоваси ҳам, ўзи ҳам ниҳоятда чиройли эди. У муҳаббат мавзусида ўқиган илк китобим бўлиб, такрор-такрор мутолаа қилганман.

Ўқиган китобларимни йиғардим. Пахса деворли эски уйимизда жовон йўқлиги сабаб уларни сандиққа солиб қўярдим. Сандиқ ичида менинг шахсий кутубхонам вужудга келганди. Бебаҳо бойлигимни ана шу тариқа тўплай бошладим.

Ҳақиқатан ҳам, китобдан ортиқ бойлик, китобдан яқин дўст, китобдан ўтадиган йўл бошловчи бўлмас экан. У нурли манзилларга, орзунинг оппоқ йўлларига етаклаб бораркан. Чекка бир қишлоқда, оддий деҳқон қизини нуфузли олийгоҳга етаклаган, аълочи талабалар сафида имтиёзли диплом олишга мушарраф қилган, Халқ ўқитувчиси деган улуғ унвон олиб берган – ана шу китоблардир. Мен улардан умрбод миннатдорман. Дунёни танитгани, бахт эшикларини кўрсатгани учун. У берган сурурни, лаззатни бошқа ҳеч нарса бера олмайди. Буни фақат уни севишдек бахтга муяссар инсонгина тушунади, ҳис қилади.

...Бугун эртак эшитаётган бола  эртага Чингиз Айтматовни, Абдулла Қодирийни, Абдулла Ориповни, Шукур Холмирзаевни ўқийди. Эртаклар орқали ўз оламини топади. Фарзандларимизга, набираларимизга эртак айтиб  беришдан чарчамайлик. Дарвоқе, эртак айтишни биласизми?

Бўстон РАҲМОНОВА,

 

Ўзбекистон халқ ўқитувчиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!