Меню
Қашқадарё
ЕРНИНГ ҲИМОЯ ҚОБИҒИ
Озон қатлами – сайёрамизни ўраб турадиган, стратосферанинг 20-25 километрида ультрабинафша нурлар таъсири туфайли ҳосил бўладиган, катта қисмини озон моддаси ташкил этувчи ҳаво қатлами. Бу қатлам барча тирик организмларни нурланишдан сақлаб туради. Озоннинг энг муҳим хусусияти доимо ҳосил бўлиб ва парчаланиб туришидир. У қуёш нурлари таъсирида кислород, азот оксиди ва бошқа газлар иштирокида ҳосил бўлади. Кучли ультрабинафша нурларни ўзига ютиб, тирик организмларни унинг салбий таъсиридан ҳимоя қилади. Кейинги икки асрда инсоният тамаддунининг жадал ривожланиши, саноатнинг гуллаб-яшнаши натижасида табиатга етказилган жиддий талафотлар озон қатламида ҳам ўз аксини топмай қолмади. Автомобиллар, завод-фабрикалардан чиқаётган зарарли тутунлар, турли маиший техника воситаларида фаол ишлатилаётган фрион сингари айрим моддалар озон қатламининг емирилишига сабаб бўла бошлади. ХХ асрнинг 80-йиллари бошида юқорида айтилган “туйнук” ҳосил бўлгани маълум қилингач, дунё мутахассислари бу муаммо устида жиддий бош қотиришга киришди. 1985 йилда Вена шаҳрида халқаро конференция ўтказилиб, озон қатламини муҳофазалаш чораларини кўриш таклифи илгари сурилди. Гарчи ўша вақтда аниқ бир тўхтамга келинмаган бўлса ҳамки, бу муаммо кўплаб давлатларнинг диққатини тортди ва 1987 йилнинг 16 сентябрида дунёнинг 36 та мамлакати вакиллари иштирокида машҳур Монреаль протоколи тузилди. Мазкур ҳужжат озон қатламига зиён етказадиган моддаларни ишлаб чиқаришни камайтириш бўйича келишув бўлиб, бугунги кунда уни маъқуллаган давлатлар сони 197 тани ташкил этади. Кейинроқ ҳужжатга 4 маротаба тузатиш киритилган ва буларда озон қатлами муҳофазасини янада такомиллаштириш кўзда тутилган.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон ҳам бу каби ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, Вена конвенцияси ва Монреаль протоколига қўшилган. Бу ҳужжатларга биноан ўзига юклатилган мажбуриятларни бажариб келмоқда. Жумладан, 2000 йилнинг 24 январида Республика Вазирлар Маҳкамаси томонидан озонни бузувчи моддаларни чиқариб ташлашни тартибга солиш чора-тадбирларини амалга ошириш мақсадида “Озон қатламини ҳимоя қилиш соҳасидаги шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинган.
1994 йилда БМТ Бош Ассамблеяси таклифи билан Монреаль протоколи тузилган сана – 16 сентябрь Халқаро Озон қатламини муҳофаза қилиш куни деб эълон қилинди ва 1995 йилдан эътиборан муҳим сана сифатида нишонланадиган бўлди. “Осмонни асра: ўз-ўзингни ҳимоя қил – озон қатламини ҳимояла!” деган хитоб сана шиори сифатида танланган. Шу куни эксперт ва мутахассислар, кўнгилли табиат жонкуярлари томонидан ўтказиладиган турли тарғибот тадбирларида озон қатламига зиён етказадиган антропоген омиллар хусусида кенг жамоатчиликка тушунтириш берилади, шунингдек, дунё миқёсида бу борада олиб борилаётган тадбирлар ҳақида ҳам маълумотлар эълон қилинади. Масалан, ўтаётган йилнинг апрелидан бошлаб Антарктида устида озон туйнуги ҳолатини кузатадиган биринчи платформа ишга тушди. Энди бу ускуналар ёрдамида мутахассислар озон қатламидаги ўзгаришлар, шунингдек, антропоген омиллар туфайли ҳавога кўтарилаётган турли газларнинг Ер иқлимига таъсирини ўрганиш имконига эга бўлишди. Олимларнинг ишонч билдиришича, яқин 30 йил ичида озон туйнуги “битиши” кутилаяпти. Бу эса, ўз навбатида, Ер иқлимига ҳам таъсирини ўтказиши мумкин. Жумладан, Антарктида ҳудудида ҳаво ҳарорати кўтарилиши кузатилади. Жорий йилнинг март ойидан бошлаб эса озон қатламини доимий кузатиб бораётган мутахассисларда янги умид пайдо бўлди: улар қатлам 2070 йилдан олдинроқ буткул тикланишини башорат қилишмоқда. Буни эса вақт кўрсатади.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.