Меню

Қашқадарё

08.05.2023 4213

Эрназар бобо ҲАСАНОВ: У кунларни эслаш оғир, аммо унутиб ҳам бўлмайди

Садоқат

Ғузор туманининг Совбоғ маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси  Эрназар бобо Ҳасановни қарийб 10 йилдан буён биламан. Касбим сабаб отахон билан кўп маротаба учрашиб, суҳбатларини олишга муяссар бўлганман.

Эътибор қилганим, неча марта йўқлаб борган бўлсам ҳам, бирор сафар отахонни уйда бемалол дам олиб ўтирган ҳолатда учратмабман. Ҳар гал ё қўлида токқайчи билан ҳовлидаги дарахтларига шакл бераётган, ер чопаётган, ҳовли ташқарисида ким биландир суҳбатлашиб турган ёки қўшнилари, фарзандларидан бирининг уйидаги қайсидир тадбирга кетган бўлади. Ҳа, 99 ёшли Эрназар бобо ёшига нисбатан жуда тетик, ҳаракатчан ва хушчақчақ инсон.  Сиз билан суҳбатлашар экан, фақат бир мавзу - Иккинчи жаҳон уруши даврида фронтнинг оловли жанггоҳлари ҳақида гапирганда жиддий тортиб, ўксиниб сўзлайди.

- Уруш бошлангани ҳақидаги гаплар бизнинг қишлоқда ҳам яшин тезлигида тарқалиб, ҳаммани ваҳимага солиб қўйган эди, - дея эслайди Эрназар бобо. - Кўп ўтмай қишлоқ йигитлари бирин-кетин рўйхатга олиниб, урушга жўнаб кета бошлади. Мен ҳам улар қаторида жангга шайлангандим, аммо аввалига ёшим етмагани сабаб олишмади, шу боис орадан бир йил ўтгач, 1942 йилда фронтга жўнадим.

Икки ойча давом этган тайёргарликдан сўнг Эрназар Ҳасановни минглаб аскарлар қатори жанглар жуда даҳшатли кўриниш олган бир ҳудудга олиб боришди.

- Ана шу жангларда кўплаб сафдошларимни йўқотганман, - дея эслайди Эрназар бобо. - Ниҳоят жуда оғир кечган тўқнашувдан сўнг душман орқага чекина бошлади. Бизнинг қисмимиз Орловский ҳудудини душмандан тозалашда қатнашди. Шундан сўнг Польшани озод қилиш учун жангга кирдик. Бу ҳудуд стратегик жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлгани боис душман уни тиш-тирноғи билан ҳимоя қилар, биз ҳам ён бермасдик. Жуда оғир жанглар кечаётган эди. Ана шу жангларнинг бирида бошимга ўқ тегиб, оғир яраландим.

Тўрт ой даволаниб, соғлиғи бироз тикланган Эрназар Ҳасанов яна жанг майдонига қайтди. Урушнинг сўнгги кунига қадар жанг қилиб, ғалабани Германияда нишонлади.

- Ғалаба кунидаги барча зобиту аскарларнинг бирдек хурсанд бўлгани ҳозир ҳам ёдимда, - дейди нуроний. - Аммо урушнинг бошқа кунларини эслаш жуда оғир, бироқ, афсуски, унутиб ҳам бўлмайди.

Эрназар Ҳасанов ғалабадан сўнг ҳарбий хизматни давом эттириб, урушда вайрон бўлган ҳудудларни қайта тиклаш ишларида қатнашди. 1947 йилда ҳарбий хизматни тўлиқ тугатиб, она қишлоғига қайтди. Сўнг халқ хўжалигининг турли соҳаларида фаол меҳнат қилиб, обрў-эътибор топди.

Жанг майдонларида кўрсатган мардлиги ва матонати тинчлик даврида ҳам мамлакатни тиклаш ва ривожлантириш йўлида унга анча асқатди. Ва бу жасорат, шубҳасиз, ёш авлод вакиллари учун абадий ибрат намунаси бўлиб қолмоқда.

Собир НАРЗИЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!