Меню
Қашқадарё
ЭРКИН ВА ФАРОВОН, ҚУДРАТЛИ ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИ БИРГАЛИКДА ҚУРАМИЗ!
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси шу йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган юртимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга сайлов жараёнларида янги ғоялар, янгича қарашлар билан иштирок этмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда аҳоли фаровон ҳаёт кечириши, фарзандларимиз сифатли таълим ва тиббиётдан баҳраманд бўлиши, аёллар ва нуронийлар бахтли яшаши, эл дастурхони тўкинлиги таъминланиши учун O'zLiDeP кейинги беш йилга мўлжалланган янги Сайловолди дастури орқали 5 ТА АНИҚ МАҚСАДГА ЙЎНАЛТИРИЛГАН 500 ТА ВАЗИФАни белгилаб олди.
I. Барқарор иқтисодий ўсиш орқали ҳар бир инсон, оила ва жамият фаровонлигига эришамиз
Бугунги O'zLiDeP ялпи ички маҳсулот ҳажми 2030 йилга бориб 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад эса 4 минг долларга етказилиши учун астойдил курашади.
Бугунги O'zLiDeP Ўзбекистонни тадбиркорлар мамлакатига айлантириш, юртимиздаги ишбилармонлар сонини 3 миллион нафардан ошириш учун барча зарур чораларни кўради.
O'zLiDeP келгуси 5 йилда иқтисодиётда нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш бўйича барча зарурий чораларни кўриш, давлат улуши мавжуд корхоналар сонини 6 баробарга камайтириш, шунингдек, давлат харидларида шаффофликни ошириш ва унда кичик бизнес иштирокини янада кенгайтириш мақсадида "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонунни изчил такомиллаштириш бўйича ўз ташаббус ва таклифларини бермоқда. Бу ташаббусларнинг татбиқ этилиши миллий иқтисодиётда давлатнинг таъсирини камайтириб, бозор муносабатларига асосланган соф рақобат муҳитини яратишга имконият беради.
Дастурда юқори иқтисодий ўсишни таъминловчи, самарали молиявий хизматлар, хусусан, капитал ва криптоактивлар бозорининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳам вазифа этиб белгиланган. Иқтисодиётнинг драйверларидан бири бўлган туризм-сайёҳлик индустриясини кенгайтириш, "Агротуризм - 2030" стратегиясини ишлаб чиқиш, Оролбўйида экотуризмни ривожлантириш масалалари ҳам диққат марказидадир.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ҳақиқий бозор активига айлантириш, ижара ҳуқуқини бўлиб сотиш, ундан гаров предмети сифатида фойдаланишнинг қонуний базасини такомиллаштириш, рақамли иқтисодиёт, инновацияларни ривожлантириш, сунъий интеллектдан унумли фойдаланишни рағбатлантирувчи ҳуқуқий ва молиявий шароитларни яратишга оид истиқболли таклиф илгари сурилади.
Камбағалликни қисқартириш борасидаги ишларни кучайтириш учун ҳар йили камида 500 минг барқарор иш жойлари, бир миллион оила аъзосига даромадли меҳнат учун шароит яратиш, мономарказлар ва нодавлат таълим муассасалари орқали касб-ҳунарга ўқитиш кўламини беш баробарга ошириш, бир миллион фуқарони меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўргатиш назарда тутилмоқда. Натижада ишсизликни мумкин бўлган энг паст даражасига тушириш имкони туғилади.
Ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги фаолият учун молиявий пакетлар, жумладан, мол-мулк ва ер солиғидан имтиёзлар жорий этиш, оғир вазиятга тушиб қолганлар учун кафолатланган тарзда кредит таътиллари бериш борасида таклифлар ҳам электоратга маъқул келиши табиий.
Яна бир муҳим ғоя - саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 45 миллиард долларга етказиш ва 2,5 миллионта юқори даромадли иш ўринларини яратиш бўйича барча зарур чоралар кўрилиши билан боғлиқ.
Кичик саноат зоналарида инвестиция мажбуриятини бажарган тадбиркорларимизга ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат беришнинг қонуний асосларини яратиш, салоҳиятли тадбиркорларга кичик ва ёшлар саноат зоналаридан 10 йилгача бўлиб тўлаш имтиёзи билан ер ажратилишига эришиш ҳам O'zLiDePнинг устувор вазифалари сирасига киради.
II. Сифатли таълим, тиббиёт ва кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаймиз
Янгиланган Конституцияда Ўзбекистон "ижтимоий давлат" деб эълон қилиниши билан унинг ижтимоий мажбуриятлари уч баробарга кўпайди.
Шуни инобатга олган ҳолда, кейинги беш йилда фарзандларимизнинг мактабгача таълим билан қамров даражасини 100 фоизга етказиш, педагог ходимларнинг ўртача иш ҳақини 2 баробар ошириш чораларини кўриш, нодавлат мактабларни кўпайтириш учун қўшимча рағбатларни жорий этиш вазифалари дастуримиздан ўрин олган.
Профессионал таълим тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, 2030 йилгача битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш кўламини 50 фоизга етказиш назарда тутилган. Илм-фанга йўналтирилган маблағларнинг ЯИМдаги улушини 2030 йилга бориб 10 баробаргача ошириш таклиф этилади.
Тиббиёт соҳасида 2030 йилга қадар ажратиладиган йиллик маблағлар ҳажмини 2 карра ошириш, тиббий суғурта тизимини тўлақонли жорий этиш, нодавлат тиббиёт муассасаларининг рухсат бериш ва лицензиялаш тартибини соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Дастуримиздан фуқароларни мақбул уй-жой билан таъминлаш, хусусан, зарур маблағларни йўналтирган ҳолда ва хусусий секторни кенг жалб этиб, бир миллион хонадонли уй-жойлар қурилиши ўрин олган. Амалиётда ўзини оқлаган "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" лойиҳаларини янгича мазмун билан давом эттириш тарафдоримиз.
Ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва натижадорлигига эътибор қаратамиз. Ногиронликни белгилаш жараёнларини янада соддалаштиришни таклиф этамиз. Даромади нисбатан кам бўлган аҳоли тоифаларини манзилли қўллаб-қувватлаш, хусусан, маош олувчи фуқароларни меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 баробаригача (3 миллион 150 минг) даромад солиғидан озод этиш ташаббусини илгари сурамиз.
Электр истеъмоли бўйича ижтимоий нормалар мавсумийлик, хонадон ҳисоби ва ижтимоий ҳимоя реестрига кирганлик мезонлари асосида ўрнатилишини таклиф этамиз.
O'zLiDeP дастурида ёшлар учун мақбул иш ўринлари яратиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, хусусан, ўз бизнесини ижарага олинган бинода бошлаётган ёшларимизга бир йиллик ижара харажатининг ярмини қоплаб бериш, улар учун уй-жойлар қуриш ва имтиёзли ипотека тизимини кенгайтириш тарафдоримиз. "Мустақил ривожланиш" марказлари ташкил қилиниши таклифи ҳам партиянинг ёшларга оид сиёсатининг амалий ифодасидир.
Дастуримизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишсиз қолган ёш болали аёлларни ишсизликдан суғурталаш тизимини жорий қилиш масалалари ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, кексалар соғлиғини тиклаш ва уларнинг мазмунли дам олиши билан боғлиқ масалалар доимий эътиборимизда бўлади.
III. Аҳолига қулай атроф-муҳит шароитларини яратамиз
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланмаслик ҳолатлари учраётгани, шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошгани, ҳудудларда яшил майдонлар қисқаргани бу соҳада ҳали қилинадиган ишларимиз кўплигидан далолат беради. Бинобарин, Сув кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилишини жадаллаштирамиз. Барча экин майдонларида сув тежовчи технологияларни жорий қилган фермерлар харажатининг эллик фоизини қоплаб беришни таклиф этамиз.
Партия сув таркибига нисбатан ягона стандарт жорий қилиш мақсадида "Тоза сув" лойиҳасини амалга ошириш ташаббуси билан чиқмоқда. Бундан ташқари, фуқаролар хонадонига сув фильтрларини ўрнатиш учун имтиёзли асосда истеъмол кредитлари ажратишни таклиф этмоқда.
Дастуримизда яшил энергетикани кўпайтиришга устувор аҳамият берилган. Республикада муқобил энергияни 2,5 баробарга ошириб, умумий энергиядаги улушини 40 фоизга етказиш борасида катта марра олинган.
Саноатда "яшил сертификат"лар бозори яратиш, қурилишда энергия самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигида агровольтаикалар амалиётини кенг жорий қилиш таклиф этилади.
Барча ҳудудларда ҳавони яхшилаш бўйича "Мусаффо ҳаво - 2030" миллий дастурини қабул қилиш, яшил майдонларни кўпайтириш, экологик тоза транспортлар учун зарур инфратузилмани ривожлантириш ташаббусини олиб чиқамиз. Партиямиз атроф-муҳит зарарланишига қарши курашда жамоатчилик назоратига таянишни мақсадга мувофиқ деб билади.
IV. Халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этамиз
Давлат органлари халққа хизмат қилишнинг самарали воситаси бўлиши шарт. Жамиятимизда "Қонун ва адолат устувор", "Жиноятга жазо муқаррар" принципларини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фақат халқ манфаати йўлида хизмат қиладиган идораларга айланиши учун куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Давлат хизматларининг камида 300 тасини (40 фоизини) хусусий секторга ўтказиш ва фуқароларнинг шахсий иштирокини 2 баробарга қисқартириш таклиф этилади. Бюджет ташкилотларининг маблағ сарфи бўйича маҳаллий кенгашлар олдида ҳисобдорлиги оширилади.
Маҳаллаларни "бир қадам" тамойили асосида фуқароларнинг мурожаатлари ҳал этиладиган масканга айлантиришга муҳим масала сифатида қараймиз.
Маҳаллаларни обод қилиш, аҳоли турмушини янада яхшилаш мақсадида "Ташаббусли бюджет"га бериладиган маблағлар 3 карра оширилишини кун тартибига чиқарамиз.
Халқчил давлатнинг асоси сифатида қонун устуворлиги, одил судлов ва адолатни таъминлаш эътибор марказимизда бўлади. Хусусан, "суд прецеденти ҳуқуқи"ни амалиётга татбиқ этиш, жабрланувчининг илтимосига асосан жиноят ишини қўзғатмасдан ярашиш имкониятини бериш ташаббусини илгари сурамиз.
Фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигига рахна соладиган онлайн-фирибгарлик ва кибержиноятлардан ҳимоя қилиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқамиз. Адвокатларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолияти такомиллаштирилади.
O'zLiDeP конституциявий ислоҳотларга мувофиқ тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидаги амалиётларини тўхтатиб туриш фақат суд тартибида қўлланилишини қонун даражасида белгилаш тарафдоридир.
Партиямиз сўз эркинлигини таъминлаш ва мустақил нодавлат матбуот тизимини ривожлантириш жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. O'zLiDeP келгуси беш йилда ҳам очиқлик сиёсатини жадал давом эттириш ва халқ билан мулоқотни янада кенгайтиришни мақсад қилган. Партиянинг нуқтаи назарича, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларини ишончли кафолатлайди.
Коррупцияга қарши муросасиз курашни изчил давом эттириш, бу борада 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегияни қабул қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
V. Мамлакатимиз суверенитети ва хавфсизлигини кафолатлаймиз
Биз очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат давом эттирилишига хайрихоҳмиз. Бу борада партия Янги Ўзбекистон ташқи сиёсати фақат халқимизнинг миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда олиб борилиши зарур, деган қатъий позицияда.
Ўз навбатида, Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика ва транспорт, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқилиши партиямиз диққат марказида бўлади. Хусусан, қўшни Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасидаги ишлар узлуксиз давом эттирилиши чораларини кўрамиз.
Биз ватандошлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаймиз ва мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаймиз. Бу борада хориждаги ватандошларимиз орасида она тили, миллий маданият ва анъаналарни тарғиб этиш бўйича тизимли чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратамиз.
Ташқи меҳнат миграцияси тизимини ислоҳ қилиб, хорижга ишлаш учун бораётган фуқароларимизни касбга ва чет тилларига ўқитиш кўламини кенгайтириш, хорижда ишлаб юрган юртдошларимиз учун, аввало, Ўзбекистонда ишлаб, муносиб иш хақи олишлари учун имконият яратиш партиямиз учун муҳим аҳамиятга эга.
Кези келганда, O'zLiDeP сайловолди дастуридан мураккаб вазиятга тушиб қолган юртдошларимизга ҳуқуқий ва бошқа ёрдамлар кўрсатишни янада ошириш масалалари ҳам ўрин олганини айтиб ўтиш жоиз. Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларига доимий ғамхўрлик қилиш ва ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштириш - партиянинг устувор вазифаси бўлиб қолади.
Қуролли Кучларимизнинг қудрати, мудофаа қобилиятимиз ва ҳарбий салоҳиятимизни янада ошириш мақсадида миллий армиямизни 2030 йилга қадар энг замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминлашни қўллаб-қувватлаймиз.
Биз учун энг муҳими: Ваъда эмас - натижа, эртага эмас - бугун!
Ишончимиз комилки, партия тарафдорлари ва электорат вакиллари 27 октябрь куни O'zLiDeP ва унинг номзодларини ёқлаб овоз беради.
Шуҳрат АСЛАНОВ,
O'zLiDeP Қашқадарё вилояти кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати