Меню
Қашқадарё
8 ДЕКАБРЬ - ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ КУНИ
ЭРК ҲУҚУҚИ
Оламдаги барча мавжудотлар ўз табиати билан яратилган. Шу жумладан, сўзлар ҳам.
Сўзга юкланган маъно унинг шаклига ҳам ўз таъсирини ўтказиши шубҳасиз. Худди инсоннинг исми унинг тақдирига ишора қилгандек.
"Кўклам" деганда, ҳар бир товушдан баҳор еллари эсаётгандек бўлади. Биринчи бўғин тошларга урилиб оқаётган сой сувидек шарқироқ, кейингиси энди сабза урган майсадек мулойим.
"Майса" десак, сўз оҳангининг ўзида мулойимлик балқийди.
"Булбул" сўзи булбул сайроғидек жаранглайди.
Ва эрк...
Жангчининг сўнгги нафасидек қисқа, қиличдек кескир.
Эътиқод эрки, сўз эрки, фикр эрки - булар эркинликнинг ижтимоий кўринишлари, холос. Унинг энг асл шакли ичкарироқда, уни руҳ ва кўнгил эрки деймиз.
Асрлар давомида бу юрт неча истилоларни, неча истибдодларни бошдан ўтказди. Энг қалтис даврларда ҳам миллат руҳи ва қалбининг эркини сақлаб қолди.
Ўғлонлар ёвга бош кўтараверди. Бири енгилса, бошқаси кураш бошлади. Чунки руҳ эрки ўлмаган эди. У маҳбус танларда ва маҳдуд тузумларда яшай олмасди.
Миллатнинг руҳи бўйсундирилганда, биз ҳозир сиз билан бу тилда сўзлашмаётган бўлардик. Тил - миллатнинг руҳи, деб бежиз айтмаганлар. Кўнгил эрки эса халқнинг қалб кўзи уйғоқ фарзандлари томонидан муҳофаза этилган.
Чўлпон ҳазратлари "кишан кийма, бўйин эгма, ки сен ҳам ҳур туғулғонсен" дея кўнгилни эркка даъват этган. Бу шунчалик интим курашки, ўзгалар наздида кўнгил эркини куйлаётганларнинг сўзи дийдиёдек туюлади.
"Эрк! Кўзларин юмади ўғлон..."
Эркинлик ҳақда ўйлаганда Усмон Азимнинг шу мисраси идрокимга санчилаверади. Нега "эрк" деганда кўзлар юмилиши керак? Нега уни шундай айтиб бўлмайди? Чунки бу сўз - "оҳ"нинг қайралган шакли. Уни кимдир бутун борлиғи билан айтса, унинг кўзлари юмилади, қадди кўтарилади, нафаси тезлашади. Чунки шу уч товушда озодлик учун жон берган улуғ боболарнинг ҳайқириғи бор.
Ҳар биримиз учун эрк ҳуқуқини таъминлаган Бош қомусимиз юқоридаги фикрларни ўзида жамлагани билан ҳам қадрлидир.
Суҳроб ЗИЁ