Меню
Қашқадарё
ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШ МАДАНИЯТИ ҚАЧОН ОШАДИ?
Хитойдан фарқли ўлароқ юртимизда нима кўп, аҳоли ихтиёрида бўлган томорқа ери кўп. Қишлоқ жойда томорқаси 0,08 гектардан кам хонадонни топиш қийин. Хитойликлар наздида, мана, қанчалар боймиз, хазинамиз оёғимиз остида. Хўш, бугун уни қай даражада мақсадли тасарруф эта олаяпмиз?
Қуруқ, бўш ётган ер ҳеч кимга бир чақалик наф бермаган. Уни унумдор қилиш, фойдали қилиш ҳам ўз қўлимизда. Агар ер уддабурон, ишчан одамнинг қўлига тушса, борми, ҳам рўзғорини яшнатади, ҳам жамиятга фойда келтиради. Буни яхши англаган инсон биров айтмаса ҳам, томорқадаги ерни самарали ишлатаяпти. Бироқ айрим кишиларга айтиб турмаса, эслатмаса, бўлмайдиганга ўхшайди. Ҳудудларда аҳоли томорқаларидан фойдаланилиши ҳолатини кўздан кечириб бунга яна бир бор амин бўлдик.
Ғузор тумани деҳқончиликда шароити оғир ҳудуд, деб ўрганганмиз. Кимга қарасанг, сув йўқлигини, ер шўрлигини баҳона қилади. Аммо шу ҳолида ҳам катта натижа кўрсатаётган ғузорлик уста томорқачилар қанча.
Тумандаги Гулистон қишлоқ фуқаролар йиғинида 1200 дан зиёд аҳоли хонадони рўйхатга олинган. Кўриб гувоҳи бўлдикки, ҳар бир оила 0,15 гектардан кўп ерга егалик қилади. Агар мавсумда 0,01 гектардан ўртача 1 миллион сўм даромад қилиш мумкин бўлса, бу рақам бир йилда қанчага етишини тасаввур қилаверинг. Бироқ Гулистонда ердан фойдаланиб, бунча фойда кўрган одам бармоқ билан санарли.
Мисол учун, мазкур йиғин таркибига кирувчи Катта қишлоқда яшовчи Тўлқин Чориевга тегишли томорқа ниҳол кўрмай ястаниб ётибди. Хонадон соҳиби ерни шудгорлашнику унутмабди, аммо экишга келганда нега ҳали ҳам хаяллаётгани қизиқ. Бу вақтгача бошқа бир ишбилармон деҳқон экканидан ҳосил олиб бозорга чиқаришни ҳам, рўзғорга ишлатишни ҳам бошлаб юборган. Бунинг устига хайҳотдай ер куздан бери бўш тургани ҳам аниқ. Ҳеч қурса, озроқ жойга тўқсонбосди қилиб пиёзми, саримсоқпиёзми экса бўлардику. Эртага ҳосилини сотолмайман деб ҳам бош қотирмайди. Чунки бу маҳсулотлар жуда харидоргир, қанчаси экспортга ҳам чиқаяпти. Шуларни айтсак, оила вакиллари сув йўқлигини важ қилди. Ахир булар шундоқ куз-қишнинг ёмғир-қори билан ҳам ўсаверади.
Ушбу дилхираликдан сўнг навбатдаги хонадон кўнглимизни бироз ёритди. Аброр Қодиров 0,16 гектарлик ернинг эгаси. Мақтарлиси, унда аниқ саъй-ҳаракат бор. Қишлоқдошидан фарқи шунчаки қўл қовуштириб туришни ўзига эп билмаган. Йўлини қилиб ер остидан сув чиқарибди. Эрта баҳор билан олинган жўякларга картошка экилган. Бу майдон 4 сотихдан ошади. Ўтқазилган помидор кўчатлари ерга мослашган. Асосий ишидан ортиб, ерга қарашга вақт топган.
- Қилсам, ўзим учун қилаяпман-да, - дейди оила бошлиғи. – Шу маҳсулотларни томорқада етиштирсак, пул сарфлаб бозордан олиб юрмаймиз. Натижада маблағ тежалади, ортса сотамиз ҳам. Шундай қилсак, рўзғорда кам-кўст бўлмайди.
Албатта, бундай қараш тўғри. Ерга хўжакўрсинга эгалик қилиш эмас, ундан фойда чиқариш керак. Деҳқончиликда уқув бўлмаса, сўраб ўрганиш мумкин. Ҳамма ҳам бирдан уста бўлган эмас.
Нишон туманидаги Наврўз маҳалласида бўлганимизда ҳам ердан фойдаланиш даражаси у қадар қониқарли эмаслиги гувоҳига айландик. Гулистондагидек бу ерда сув унчалик муаммо эмас. Деярли барча хонадонлар ичимлик суви билан таъминланган. Озроқ маблағ харж қилинса, 7-8 метрдан ҳам томорқа учун яроқли сув чиқади. Лекин бу имкониятни айримлар шунчаки ўт ўстиришга сарфлаётгани ғалати.
Мисол учун, бу маҳалладаги Исоқул Бобоқуловга қарашли томорқа ери 0,06 гектарни ташкил этади. Хонадонда баҳорги юмушларга оз бўлса-да қўл урилган. Экишга келганда ҳафсаласизлик қилинган. Ернинг катта қисмини беда эгаллаган. Буни чорва ё паррандага берар десак, уйда на товуқ, на қўй-қўзи, мол-ҳол бор. Хонадон эгаси фақат ер бўш турмасин деган “қоида”га амал қилган, холос.
Хонадонма-хонадон юриб шунга амин бўлдикки, деҳқончилик қиламан, озиқ-овқат етиштираман деса ҳаммада имконият етарли. Агар томорқа эгалари баҳона излашга кетган вақтини бор муаммони ечишга, ерга ишлов беришга ишлатганда, уларга бугун бундай қил, ундай қилсанг ўзингга яхши бўлади, дейишга ҳожат йўқ эди. Шунга ўйлаб қоласан киши, эндиликда томорқасидан фойдаланмаган одам 3 баравар кўп солиқ тўлаши адолатдан бўлди. Ҳеч бўлмаса, шу солиқ оғир ботиб, ерни тўғри тасарруф этар...
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.