Меню
Қашқадарё
Эрдўған учинчи муддатга президентликка номзод сифатида кўрсатилди
Ҳукмрон "Адолат ва тараққиёт" партияси (АТП) Туркиянинг амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғанни президентликка номзод сифатида кўрсатди. Бу ҳақда АТП ва мухолифатдаги ўта ўнг "Миллатчилар ҳаракати" партияси блоки - Халқ иттифоқи матбуот котиби партия қурултойи якунларига бағишланган анжуманда маълум қилди, деб ёзади Gurses Gazetesi.
"Президентимиз Ражаб Тойиб Эрдўған 2023 йилда ўтказиладиган сайловда Халқ иттифоқидан номзод бўлади", деган у.
Туркияда президенлик ва парламентга сайловлар келгуси йилнинг июнь ойида бўлиб ўтиши керак. Манба маълумотларига кўра, турк мухолифати ҳамон ўз номзодини тақдим қилганича йўқ.
Аввалроқ, яъни 1 июнда мамлакатнинг собиқ бош вазири, "Келажак" партияси раҳбари Аҳмед Давутўғли Karar газетасига берган интервьюсида у вакил сифатида ифода этадиган олтита мухолифатдаги партиядан ташкил топган блок сайловда ягона номзодни илгари суришини билдирган.
Ражаб Тойиб Эрдўған илк марта 2014 йилда Туркия президенти этиб сайланган. Иккинчи президентлик муддати учун 2018 йилда қасамёд қилган. Мамлакат конституциясига кўра, президент ушбу лавозимга кетма-кет икки мартадан ортиқ сайланиши мумкин эмас, ваколат муддати 5 йил.
Бироқ, 2017 йилда ўтказилган референдум натижаларига асосан республика бош қонунига амалдаги давлат раҳбарининг аввалги ваколат муддатларини "нол"га айлантириш ва бир вақтда бош вазир лавозимини эгаллашига йўл очувчи ўзгартиришлар киритилган эди. Шунингдек, бу билан президентга парламентни тарқатиб юбориш, ҳукуматни шакллантириш ва судьялик вазифасига номзодлар кўрсатиш ваколатлари берилган.