Меню
Қашқадарё
ЕР СОТГАН ФИРИБГАР ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ
Қилмиш – қидирмиш
Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратишнинг белгиланган тартиб-таомиллари мавжуд. Уларга кўра, фуқаролар уй-жой қуриш учун ер майдонини фақат аукцион савдолари орқалигина (айрим тоифадаги кишилар бу борада маълум имтиёзга эга) сотиб олишлари мумкин.
Чироқчи тумани Дам қишлоғида яшовчи К.А. эса янги "тартиб-таомил" кашф этиб, ҳудуддаги фермер хўжаликларидан бирига тегишли ерни сотмоқчи бўлган.
- Ҳужжатларни кейин тўғрилаб бераман, ҳозир ерни ўлчаб олинглар, - дейди у ўзига бироз ишонмаётган харидорга ўта тантилик билан боқиб.
Хуллас, К.А. дастлаб фуқаро Р.Т.ни алдаб, унга 2,5 сотих ер майдонини 7 миллионга пуллайди. Шунингдек, шу қишлоқлик Ш.Б. ҳамда Ҳ.А.га ҳам 25 миллион сўмдан пул олиб келишса, 6 сотихдан ер ўлчаб беришни ваъда қилади.
Бироқ К.А.нинг қилаётган иши ноқонуний эканлиги, ўзларини чув туширмоқчи бўлаётганини сезган фуқаролар унинг қилмиши ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беради.
Кунлардан бирида К.А. айтилган вақтда харидорлар билан келишилган жойга етиб борди. У пулни олиб, мамнун ҳолда чўнтагига тиқаркан, бир неча кишилар ёнига келиб, воқеага изоҳ беришни сўрагач тили айланмай қолди.
Ўзини фирибгарликда устаси фаранг билган бу кимса жиноят устида қўлга тушганини англаб, бошини чангаллашдан ўзга чора топмади.
Айбдор суд томонидан тегишли тартибда жазога тортилди.
Тўлқин ҚУРБОНОВ,
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси катта инспектори
Бахриддин АЗИЗОВ,
департаментнинг Чироқчи туман бўлими бошлиғи