Меню
Қашқадарё
ЕР ОСТИДАГИ СУВЛИКЛАР
Лекин Ер қаърида, шу жумладан унинг ядросида ҳам Ер юзасидагига қараганда 10 марта кўпроқ сувни ғамлаган табиий омборлар борлигини биласизми? Яна статистик маълумотларни келтирамиз: ер юзасидаги сувнинг учдан бир қисмигина фойдаланишга яроқли ва чучук сувдир, қолган икки қисм эса шўр, қишлоқ хўжалиги ва ичиш учун яроқсиз сув ҳамда музликлардан иборат.
Мамлакатлар бўйича ерости сувлари янгиланадиган захираларининг ҳар йилги миқдори юз, ҳатто минг куб километрдан шу миқдорнинг ўнлаб, юзлаб улушига қадар кўтарилиб-тушиб туради. Янгиланадиган сув ресурсларига бой ҳудудлар жаҳоннинг 6 та йирик давлати ерларида жойлашган: Бразилия, Россия, Канада, АҚШ, Хитой ва Ҳиндистон.
Табиат ўз-ўзини таъминлай олиши ва унда “ортиқча қисм”нинг ўзи йўқлиги ҳақида узоқ гапириш мумкин, аммо, келинг, нима сабабдандир оммага ошкор этилмайдиган айрим далилларга эътибор қаратамиз.
1953 йилда британ геологлари Саҳрои Кабирда нефть конини излаётиб, Нубия ерости сув чизиғига дуч келишди. Ундаги чучук сув 100 метрдан 500 метргача қалинликдаги қаттиқ темир аралаш қумтош қатлами (линзага ўхшаш) остида яширинган ва олимларнинг хулосасига кўра, Саҳройи Кабир ўрнида мўл-кўл ёмғирлар туфайли гуллаб-яшнаган унумдор саванна мавжуд бўлган даврларда ер остида тўпланиб қолган.
Нубия сув қатлами жаҳонда маълум бўлган қазиб чиқариладиган чучук сув манбалари орасида энг йирикларидан саналади. У Саҳройи Кабирнинг шарқий қисмида жойлашган бўлиб, Африка шимоли-шарқидаги 4 давлат чегараларида ёйилган. Қатлам 2 миллион квадрат километрдан зиёдроқ майдонни эгаллаб, Суданнинг шимоли-ғарбий, Чаднинг шимоли-шарқий, Ливиянинг жануби-шарқий қисми ва Мисрнинг каттагина бўлагини эгаллаган. 150 минг куб километрлик грунт сувларидан иборат. Бу тизимдан асосан Куфра воҳасини сув билан таъминлаш учун фойдаланилади.
Қачонлардир Ливия ҳудудида Ўрта Ер денгизига қуйиладиган дарё ўзани ястаниб ётган. Ўзан аллақачон қуриб қолган, аммо олимлар унинг тубида – 500 метр ер тагида йирик захира мавжудлигини аниқлашга муваффақ бўлдилар. Бир қанча резервуарлар эрамиздан 5 минг йилча аввал ҳосил бўлган. Улар мамлакатдаги барча манбаларнинг энг катта қисмини ташкил қилади (қолган 2,3 фоизи ер усти, 1 фоизи эса чучуклаштирилган сувлардир).
Маълумот учун:
Ливия ҳудудининг 96 фоизи саҳрога тўғри келиб, инсон ҳаёт кечириш учун яроқли ер эса атиги 4 фоизни ташкил этади. Лойиҳа тўлиқ якунлангач, 155 минг гектар ерни сув билан таъминлаб, ишлов бериш, унумдор ерга айлантириш режа қилинганди. Камида битта сув манбаининг тўлақонли ишга туширилиши ҳам Африка қитъасининг жанубий қисмини сув билан таъминлаш учун етарли бўларди. Ушбу мамлакатлар олдида чучук сув муаммоси кўндаланг туришини ҳисобга олган ҳолда мутахассисларнинг илмий малакаларини бирлаштирган бу лойиҳа туфайли қитъада донли экинлар бошоқлаган майдонлар юзага келишини ва бошқа ҳаётий муҳим ресурслар гуллаб-яшнаши мумкинлигини бир тасаввур қилиб кўринг-а!
Шундан кейин ўтган асрнинг 60-йилларида шу ҳудудда ирригация тизими барпо этиш ғояси туғилди. Иш 1983 йилда бошланди. Лойиҳа ўзида қуйидагиларни жамлаганди: жазирамадан ҳимоялаш учун ерга чуқур кўмилган 4 минг километрлик қувурлар; ерости сувларини юзлаб метр чуқурликдан чиқариб берадиган 270 шахта; сувни йирик каналларга етказиб берадиган 1-3 километргача чуқурликдаги 1 минг 300 дан кўпроқ қудуқ. Мазкур лойиҳа “Дунёнинг саккизинчи мўъжизаси” деб номланганди. Йирик масштабли қурилиш сифатида Гиннеснинг рекордлар китобидан ҳам жой олди. Энг муҳим вазифа – кунига 6500000 куб метр сувнинг саҳро бўйлаб оқишини таъминлаш, шу орқали суғориладиган ер майдонларини кенгайтириш эди. Айни пайтда бу лойиҳа ноаниқ муддатга тўхтатиб қўйилган.
1960 йилларда Ливиядаги Саҳройи Кабирда 4 та ана шундай йирик ерости сув резервуари топилган: Куфра (the Kufra basin), Сирт ёки Сурт (the Sirt basin), Марзук (the Morzuk basin), Ҳамада (the Hamada basin).
Ҳиндистон - деярли барча сув манбалари ифлосланган мамлакат. Маҳаллий Ҳинд ва Ганг дарёлари маргимуш ва тузлар билан ифлосланган, грунт сувлари захиралари эса, мутахассислар таъкидлагани каби, мутлақо етарли эмас. Шу боис, йирик дарёлардан сув келтириш учун каналлар барпо этиш ҳақида кўп гапирилади. Гигант канал - Ганг-Телугуни барпо этиш лойиҳаси ҳам мавжуд, мазкур лойиҳа Ҳиндистон жанубидаги йирик шаҳарларнинг жадал ривожланаётган саноатидаги сув таъминоти муаммосини бартараф этмоғи лозим.
Замонавий қудратга эга моддий-техник ресурсларга эга бўлмаган одамлар қадим тамаддун тажрибаларига қайтган ҳолда бу муаммони ҳал қилишди. Ҳиндистон ҳудудида секин емирилувчи, ҳайратланарли меъморий обидалар – 30 метр чуқурликкача борган тошқудуқлар мавжуд. 1980 йилларда журналист Виктория Лаутман грунт сувларига етиш, тинка-мадорни қуритадиган жазирама ойлар баҳорги муссон жалалари ёғадиган ҳафталар билан ўрин алмашадиган ҳудудларда ёмғир сувларини йиғишга мўлжалланган улкан конструкциялар ҳақида ёзганди. Эрамизнинг II ва IV юзйилликларида Ҳиндистонда минглаб қудуқлар қазилганки, улар тадрижий равишда тобора мураккаб муҳандислик ва санъаткорлик билан бунёд этилганига амин бўлиш мумкин.
Эслатиб ўтиш лозимки, ушбу мамлакат сув захираларида асосий ўринни – июндан сентябрга қадар давом этадиган муссон ёмғирлари давридаги ёғин-сочин миқдорига қараб юзага келадиган ерусти дарёлари ташкил этади. 1950 йиллардан бошлаб, мамлакатда йирик масштабли гидротехник қурилиш кетаяпти. Асосан, катта ва ўртача тўғонлар қурилади, улар сув миқдорини меъёрлаштиради, ҳудуд дарё ҳавзаларидаги асосий сувни ўзига тўпловчи омбор вазифасини ўтайди.
Бироқ ҳатто бу қурилиш ниҳоясига етгач ҳам сув танқислиги муаммоси бир жойда депсиниб туравериши мумкинлиги чатоқ. Масалан, йил давомида Ҳиндистон аҳолисининг сув истеъмоли жон бошига 213 куб метрни ташкил этади. Қиёслаш учун бу кўрсаткич Россияда йилига 6 минг 103, Австралияда 4 минг 733, АҚШ да 1 минг 964, Хитойда эса 1 минг 111 куб метрга тенг...
Аммо “Ерусти сув ресурсларини баҳолаш гуруҳи” хулосасига кўра, Ҳиндистондаги яширин чучук сув манбалари 66 фоизга, яна айрим манбаларнинг гувоҳлик беришича, ҳатто 88 фоизгача кўтарилгани кишига умид бахш этади.
Ерости сувларидан фойдаланиш, уларнинг манбаларини аниқлаб, режали сарфлаш орқали Бразилия, Канада ва Хитойда ҳам сув танқислиги муаммосини бартараф этиш мумкинлиги айтилаяпти. Демак, дунё олимларининг биргаликда иш олиб бориши, мутахассисларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли сайёрамиздаги сув танқислиги муаммосини айни ерости сув ҳавзалари ҳисобига ҳал этиш мумкин...
Муаллифлар: Екатерина АГЕЙЧЕНКО, Виталий АФАНАСЬЕВ
Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси