Меню
Қашқадарё
ЭР-ХОТИННИ СУРИЯ САРИ ҚАНДАЙ МАҚСАД БОШЛАГАН ЭДИ?
Хусусан, 1983 йилда Муборак туманида туғилган, Қарши шаҳри 7-миттитуман 5-уй 18-хонадонда яшаб келган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, муқаддам судланмаган Бобур Аҳмедовни Сурияга, террорчилар сафига бориб қўшилишга нима мажбур қилганини ўйлаб ҳайрон қоласан киши.
У турмуш ўртоғи, Самарқанд вилояти Самарқанд тумани Туркманқишлоқ қишлоғида рўйхатда турувчи, 1991 йилда шу манзилда туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, муқаддам судланмаган Мафтуна Ибрагимова билан биргаликда фаолияти тақиқланган "Ислом давлати" халқаро террорчилик ташкилоти ғоялари таъсирига тушиб, ушбу ғояларга мутаассибларча амал қилган. Сўнг мазкур террорчилик ташкилоти сафига қўшилиш мақсадида, 2015 йил октябрь ойида Ўзбекистон Республикасидан Туркиянинг Истанбул шаҳрига боришган ва 2017 йил май ойигача ИШИД халқаро террорчилик ташкилоти аъзоларидан диний экстремистик ва фундаменталистик ғоялар бўйича сабоқ олишган. Ўз навбатида террорчилар сафида қуролли тўқнашувларда ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш учун ёлланишган.
Назарий "билим"ларини амалиётда қўллаш мақсадида эр-хотин 2017 йил май ойида вояга етмаган Абдураҳмон ва Иброҳим исмли фарзандларини олиб, жиноий шериклари ёрдамида Туркия давлатидан Сурия Араб Республикаси томон ҳаракатланган. Икки давлат ўртасидаги чегара ҳудудида эса Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ушланган. Сўнг Ўзбекистон Республикасига депортация қилинган ҳолда олиб келинган.
Бобур Аҳмедовнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари кўздан кечирилганда, у экстремистик ва террорчилик ташкилотлари аъзолари билан "жиҳод" ва "ҳижрат" қилиш мазмунида ёзишмалар олиб боргани, шу мавзуга оид видео ҳамда аудио материаллар мавжудлиги ҳам аён бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бобур Аҳмедов ва Мафтуна Ибрагимовага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми, 155-моддаси 1-қисми, 2442-моддаси 1-қисми ва 2441-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми асосида озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Фаррух АХМУРОДОВ,
Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ТЭҚКБ ходими