Меню

Қашқадарё

09.10.2020 1705

ЭР-ХОТИН ОҚЛАНДИ

улар қандай жиноятда айбланган эди?

Адолат тарозиси

Бундан чорак аср аввал Тожикистонда фуқаролар уруши юз бергани, мамлакат таҳликали, оғир синовли кунларни бошидан ўтказгани тарихдан маълум. Ана шу йилларда ушбу республикада  истиқомат қилган кўплаб фуқароларнинг тинчлик излаб қўшни давлатларга, жумладан, юртимизга кўчиб ўтишга мажбур бўлгани ҳам бор гап.

Айни пайтда Ғузор туманининг  Шерали қишлоғида истиқомат қилаётган Абдулла Нортожиев ҳамда турмуш ўртоғи Навогул Нортожиева (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) ҳам 1992 йилнинг апрель ойида Тожикистоннинг Вахш туманидан Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманига кўчиб келган. Абдулла Нортожиев шу ерда ҳарбий рўйхатдан ўтган.

Бир йил ўтиб эса, оила вилоятнинг Бандихон туманига кўчиб ўтади. Улар ўзларида мавжуд бўлган собиқ СССР паспорти ва ҳарбий билетни шу ердаги хонадонлардан бирига рўйхатга қўйишган.

1995 йилнинг май ойи бошида Нортожиевлар оиласи энди Ғузор тумани Қоракўл маҳалласига кўчиб келади. Шу боис оила аъзолари паспортларини ҳам Бандихон туманидан рўйхатдан чиқариб, Ғузор тумани Қоракўл ҚФЙнинг уй рўйхатига қўйдирган. Маълум муддатдан сўнг Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида янги паспорт ҳам олишган.

2014 йилга келиб эса ана шу паспортлари ноқонуний деб топилади ва жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судининг 2014 йил 28 ноябрдаги ҳукмига асосан эр-хотин Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича айбли деб топилиб, белгиланган тартибда жазога тортилади.

Дастлабки тергов органи ҳамда биринчи инстанция суди томонидан А.Нортожиев ҳамда Н.Нортожиевага қўйилган айбловда уларнинг собиқ СССР паспортини рўйхатдан чиқармасдан, Ғузор тумани ИИБ паспорт бўлинмасида фуқаролик паспортини расмийлаштириб берган ходимлар билан жиноий тил бириктириб, расмий ҳужжатларни қалбакилаштиргани айтилади.

Аммо ушбу фуқароларнинг биринчи инстанция суди қароридан норози бўлиб киритган шикоятлари асосида ўтказилган кассация инстанцияси суриштирувлари жараёнида юқоридаги айбловлар ўз исботини топмади.

Жумладан, тергов органи томонидан А.Нортожиев ҳамда Н.Нортожиеванинг ўша пайтда ҚФЙ масъул котиби ва туман ИИБ паспорт бўлинмаси ходимлари билан қай тартибда тил бириктирганлиги исботланмаган. Бу борада бирор-бир далил мавжуд эмас.  Айнан қайси ҳужжатлар қалбакилаштирилганига ҳам аниқлик киритилмаган.

Шунингдек, ушбу шахсларга собиқ СССР паспортини ўз вақтида рўйхатдан чиқармаганлиги айби қўйилган бўлса-да, Тожикистон Республикаси томонидан берилган хатда, А.Нортожиев ҳамда Н.Нортожиева Тожикистонда рўйхатга олинмагани ва ҳисобдан чиқарилмагани кўрсатилган. Бу борада аниқ маълумотлар йўқ.

Бундан ташқари, яна бир қатор  ноаниқликлар ҳам мавжудки, дастлабки тергов органи ва биринчи инстанция суди томонидан ушбу жиҳатларга эътибор қаратилмасдан туриб, хулосага келинган.

Шуларга кўра, жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди кассация инстанциясининг ажрими билан жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судининг 2014 йил 13 ноябрдаги А.Нортожиев ҳамда Н.Нортожиеванинг жиноят ишига оид ҳукми бекор қилиниб, улар айбсиз деб топилди. Нортожиевларга қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини биометрик паспортга алмаштириб олиш учун Ғузор тумани ИИБ паспорт бўлинмасига ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилди.

Ашурали ТАШЕВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!