Меню

Қашқадарё

10.04.2024 5593

Ер кавлаб, тупроқ титадиган болаларни койиманг!

Лой (тупроқ)да ўйнаш болаларда аллергия ва аутоиммун касалликларга чалиниш хавфини камайтиради. Бу ҳақда Live Science нашрига Жон Хопкинс университети педиатри Роберт Вуд маълум қилган.

Шифокорнинг тушунтиришича, болаларда иммун тизими ҳаётининг дастлабки йилларида шаклланади. Шу сабабли улар организмидаги иммун ҳимоя механизмини бактерия ва вирус сингари бегона патоген моддаларни ўз нормал ҳужайраларидан фарқлашга "ўргатиш" керак.

Педиатр лойда ўйнаш (жумладан, ер кавлаш) боланинг турли микроорганизмлар билан эрта алоқасини таъминлаши, бу иммунитетни мустаҳкамлаш, шунингдек, келгусида организмни потенциал аутоиммун (шу жумладан, аллергик) таъсирланиш (реакция)дан ҳимоя қилишда қўл келишини қайд этган.  

Айрим тадқиқотлар ҳам тупроқ билан мунтазам муносабатдаги болаларда тери микробиоми анча хилма-хиллигини тасдиқлайди. Бундан ташқари, лойда ўйнаб кўнгил ёзиш натижасида организмда иммун тартиблаш ҳужайралари ва хабарчи (туғма иммунитет фаоллаштирувчи) молекулалар сони ортади.

Аммо ҳамма лой (тупроқ) ҳам ўйин учун мос келмайди. Шифокор экологияси ва ҳавоси ифлосланган майдонларда унинг таркибида заҳарли кимёвий моддалар ва қўрғошин каби аралашмалар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!