Меню

Қашқадарё

05.02.2021 2471

Ер қаъридан сизиб чиқадиган сув ёрдамида иситиладиган иссиқхонада тарвуз кўчатлари парваришланмоқда

Биласиз, Қашқадарёда етиштирилган тарвузлар нафақат юртимиз, балки хориж бозорларида ҳам анча машҳур бўлиб улгурган. Чироқчи туманидаги кўкдалалик тажрибали деҳқонлар бозорга эртачи тарвуз чиқариши билан донг таратган бўлса, косонлик миришкорлар таъми ананасга ўхшаш сариқ тарвузларни экспортга йўнатиргани билан тилга тушганди.

Эътиборлиси, айни пайтда Косон туманида тарвуз кўчатлари иссиқхонада парваришланмоқда. Хўш, иссиқ шароитда кўчат парваришлашнинг нимаси янгилик экан, бу амалиёт аллақачон эскирган, деган фикр ўтгандир хаёлингиздан.

Гап шундаки, “Косон соф агро” МЧЖ томонидан тумандаги Турон ҳудудида ташкил қилинган иссиқхона ер қаъридан сизиб чиқадиган иссиқ сув ёрдамида иситилади.

Ҳозирда бу ерда 170 минг дона кўчат мавжуд бўлиб, улар тайёр бўлгач, 20 гектар ер майдонига кўчириб ўтказилади.

Туман ҳокимлигидан маълум қилишларича, ҳокимият вакиллари тадбиркорнинг иши билан танишиб, деҳқончилик тажрибаси билан танишишган.

Албатта, излаган имкон топиши айни ҳақиқат. Бизда эса яна кўплаб ишга солинмаган имкониятлар ҳам мўлки, улардан унумли фойдаланиш фаровонлик ошишида муҳим ўрин тутади. Биргина мисол, ўтган мавсумда Косонда етиштирилган сариқ тарвузнинг килоси хорижга 55 центдан сотилганди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!