Меню

Қашқадарё

24.12.2020 1669

“Epsilon”га ишга кириш “нарх”и қанча?

Ҳамманинг ҳам яхши маош тўланадиган жойда ишлагиси келади. Мўмай ҳақ тўлайдиган ташкилотнинг эса кадрларга бўлган ўз талаблари бўлади. Айрим кишилар ўша талабларга жавоб бера олмаслигини билиб, орага таниш-билиш, пул тиқиштирса, яна кимлардир иш ўрнига талаб юқорилигидан ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишга уринади.

Айни шундай ҳолат юзасидан 2020 йилнинг 18 декабрь куни Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 3-сонли ИИБга хабар келиб тушган. Унда айтилишича, Чироқчи тумани Сойбўйи маҳалласида яшовчи Қ.Н. шу йил февраль ойида Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи Б.Қ.дан 1000 АҚШ доллари ва 22 май куни Х.А.дан 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган. Бунинг эвазига уларни “Epsilon” компаниясига ишга киритиб қўйишга ваъда берган. Бироқ қўлга киритилган пуллар шахсий эҳтиёжлар учун сарфлаб юборилган.

Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизматидан маълум қилишларича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!