Меню
Қашқадарё
ЕНГИЛ ҲАЖВНИНГ ЗАЛВОРЛИ ТЎҚМОҒИ
Бозорбойни мактабдош ўртоқлари “Овсар” деб аташарди. У бошланғич мактабда ўқиётганида дуч келган синфга кириб ўқийверар, унга қайси синфлиги, нечанчи синфлигининг аҳамияти йўқ эди. Бунақа қилиғига ўрганган ўқитувчилар дарсни тўхтатиб Бозорбойни етаклаб, ўз синфига опкириб қўйишарди.
* * *
Бозорбой Охунович бир йилдирки, газетага обуна бўлган. Унинг газета ўқишини ўқиш демаса ҳам бўлади. Қўлига оладию уёқ-буёғини бир қараб, хайрият, тинчлик экан, деб хотиржам ишига кетаверади.
* * *
Уни бир нарса эзарди. Умрида бировга бир тийин бермаган. Фақат олган. Қайтиб бериш деган тушунча унда мутлақо бўлганмас. Мабодо, қайтариб беришга тўғри келиб қолса, қай аҳволга тушаркин? Ўлиб қолмасмикан? Йўқ, ҳеч бўлмаганда жинни бўлади...
* * *
Бегижон базага қоровул бўлиб ишга келганида йигирма ёшлардаги бети қаттиққина йигит эди.
* * *
Бегижон шаҳардаги жамики бир оёғи протез ногиронларни танийди. Омборда қолиб кетган пойма-пой туфлиларни ўшаларга нархини туширмай сотади.
* * *
Бегижон омборни қабул қилгандан бир ярим ой ўтиб, тилла тиш қўйдирди. Ҳужжатларга электрон соатли ручкадан қўл қўядиган бўлди. Яқин-яқинларда - қоровул пайтларида махорка тутатиб ўтирадиган Бегижон тушмагур энди “БТ” сигарет чекади. Чекканда ҳам сигаретани гугурт билан эмас, “Ронсон” деган инглиз зажигалкасида тутатади. Столининг устида совун қутидек япон магнитофони пайдо бўлди.
* * *
Бегижон кўзи алақ-чалақ, оёғи суст, қўли чаққон одам. Бир қараган нарсаси кўзига муҳрланиб қолади. Вентилятор парраги айланганда шаклини йўқотгандек, Бегижон чўт қоқаётганида бармоқлари чўт устида тутунга ўхшаб бориб келаверади. Аммо оёқ масаласида омади келмаган. Югуришда тошбақа билан мусобақа ўйнаса, албатта ютқазади.
* * *
...ишига пишиқ одам. Керакли жойга, ғирчилламасин, деб мўлжалдан ортиқ мой чаплаб қўядиганлардан. У Бозорбой билан орани сира бузмайди. Пихи қайрилиб қўлтиғига кириб кетган бу одамни алдаб бўлмайди. Ўпқондек оғзига курак билан ташлаб турсанг ҳам тўймайдиган “Отахон”га бир меъёрида муомала қилиб турарди.
* * *
Эшмон Давлатов ўзи ҳам емай, бировга ҳам едирмайдиган қурумсоқлардан. Бутун умри савдо ишида ўтибдики, ҳалигача бири икки бўлмайди. Битта туфлини ўн йил кияди, чоғи. Унинг дўкони тўғрисида биронта шикоят тушмаган. Омбордагиларга ҳеч нарса бермайди. Шунинг учун ҳам уни ёмон кўришади. Бозорбой эллик ёшга кирганда база клубида юбилей кечаси бўлган эди. Ҳамма омбор мудирлари баҳоли қудрат, бири биллур ваза, бири гиламча, бири исми ёзилган тилла соат олиб келди. У бўлса “ўз ҳовлимиздан” деб, бир даста гул кўтариб келувди. Қақшамай ўлгур. Бола-чақалари ҳам дурустгина кийинмайди. Меҳмонни ҳам эплаб кутолмайди. Мажлисда бўлса тили бир қарич.
* * *
Эшмон Давлат ўттиз йилдан бери савдо соҳасида ишлайди. Йигирма йилдан ортиқ мана шу искалатларда ишлаган. Уйига битта пайпоқ ё бўлмасам битта дастрўмол олиб кетмаган. Қизини узатганда ёрдам кассасидан беш юз сўм олган. Ўзим санаб кўрганман. Курорт деган нарсани билмайди. Отпускасида икки ўғлини ёнига олиб том сувайди. Ойлигига қаноат қиладиган одам.
* * *
База мудири Мирдадаев ёши бир жойга бориб қолган ветеран кооператорлардан эди. Кейинги пайтларда астмаси тутиб ойнинг ярмидан кўпини бюллетенда ўтказарди. Инсофли одам бўлганидан матлубот жамиятига ариза ёзиб пенсияга узатишларини сўради. Илтимоси инобатга ўтди.
ЖАҲОНГИР тўплади.