Меню
Қашқадарё
Энг юқори ўсиш суръатлари - таълим соҳасидаги хизматлар секторида
Долзарб статистика
Вилоятимизда жорий йилнинг биринчи чорагида кўрсатилган бозор хизматларининг деярли барча турлари бўйича ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан ўсиш кузатилган. Энг сезиларли даражадаги юксалиш эса таълим соҳасидаги хизматлар секторида қайд этилган.
Дастлабки статистика маълумотларига кўра, шу йил январь-март ойларида Қашқадарёда таълим соҳасидаги хизматлар ҳажми 139,7 миллиард сўмни ташкил этган ва 2022 йилнинг биринчи чораги натижалари (101,4 миллиард сўм) билан таққослаганда ўсиш суръати 132,1 фоизга етган. Ҳудудлар кесимида бу жабҳадаги сервис ҳажмининг ошиши, айниқса, Шаҳрисабз (208 фоиз) ва Қарши (162,2 фоиз) шаҳарлари ҳамда Шаҳрисабз туманида (154,4 фоиз) яққол кўзга ташланмоқда. Қолган туманларда эса таълим соҳасидаги хизматларнинг айнан шу даврдаги ўсиши 106,2 фоиз (Яккабоғда) ва 145,3 фоиз (Муборакда) оралиғида бўлган. Бу эса пуллик хизматлар кўрсатувчи таълим масканлари, шу жумладан, нодавлат ўқув марказларининг сони нафақат вилоят марказида, балки кичик шаҳарлар ва қишлоқ жойларда ҳам кўпайиб бораётганидан далолат беради.
Жами бозор хизматлари ҳажмини оладиган бўлсак, жорий йилнинг январь-март ойларида вилоятимизда мазкур кўрсаткичнинг салмоғи 4 триллион 184,3 миллиард сўм даражасигача (105,7 фоизга) кўтарилган. Иқтисодий фаолият турлари бўйича энг юқори ўсиш суръатлари (таълимдан ташқари) алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари (126,2 фоиз), меъморчилик, муҳандислик изланишлари, техник синовлар ва таҳлил соҳасидаги хизматлар (111,5 фоиз), молиявий хизматлар (108,3 фоиз) жабҳаларида қайд этилган. Биргина ижара хизматлари ҳажмида 2,4 фоизлик пасайиш кузатилган.
Ўз мухбиримиз