Меню
Қашқадарё
ЭНГ ЯХШИЛАР АНИҚЛАНДИ
Танлов натижаларига кўра, “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖга қарашли “Лочин” болалар оромгоҳи “Энг намунали болалар оромгоҳлари” қаторидан ўрин олди. Шунингдек, вилоятимиз вакиллари яна 9 та номинация бўйича алоҳида эътироф этилдилар. Жумладан, “Муборакнефтгаз” МЧЖ раиси Шермат Шамсиев болаларни ёзги соғломлаштиришнинг энг яхши ташкилотчиси, Китоб тумани ҳокими Узоқ Худойқулов энг жонкуяр ҳоким, “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ раиси Одил Темиров энг ғамхўр ҳомий, вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Зокир Қаюмов энг яхши ҳамкор деб топилдилар.
Энг яхши оромгоҳ бошлиғи номинациясида Шаҳрисабздаги “Беруний” оромгоҳи директори Лутфулла Каримов, энг яхши тўгарак раҳбари номинациясида Китобдаги “Нурафшон” оромгоҳи вакили Марҳабо Маҳмадиева, Энг яхши тиббиёт ходими йўналишида Яккабоғдаги “Соҳибқирон” оромгоҳи тиббиёт ходими Дилфуза Равшанова ҳамда энг яхши ошпаз номинациясида шу туманда жойлашган “Ниҳол” оромгоҳи вакили Норбўта Санаев ғолиблар қаторидан ўрин эгаллашди.
Маълумки, жорий йилда республикамизнинг турли ҳудудларида фаолияти йўлга қўйилган 140 та “Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳларида академик лицейлар ҳамда касб-ҳунар коллежларининг 6 минг нафарга яқин ўқувчилари дам олдирилди. Бу каби оромгоҳларда лицей ўқувчилари ҳордиқ билан бирга дастлабки ижтимоий-фойдали меҳнат кўникмаларига эга бўлган бўлса, коллеж ўқувчилари ишлаб чиқариш амалиётини ўтадилар. Улар учун маданий-маърифий тадбирлар ҳамда спорт мусобақалари уюштирилди. Танловда “Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳлари йўналишида Ғузор нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежи жамоаси энг яхшилар қаторидан ўрин олди.
Форумда барча ғолибларга Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш бўйича республика мувофиқлаштирувчи гуруҳи дипломлари, “Бахтиёр болалар мамлакати” статуэткаси, касаба уюшмалари ҳамда вазирлик ва идораларнинг қимматбаҳо совғалари, шунингдек, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга бепул йўлланмалар топширилди.
Б.ЖОНИМОВ