Меню
Қашқадарё
ЭНГ ЯХШИ ҚЎШИҚЛАР ВАТАН ҲАҚИДА БЎЛАДИ
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу анъанавий танлов ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, она юртни мадҳ этувчи юксак бадиий қўшиқлар яратилишини рағбатлантириш, янги истеъдодларни кашф этиш ва уларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Ҳудудий саралаш босқичида 300 нафарга яқин иштирокчи ўз ижод намуналари билан қатнашгани кўрик-танловга бўлган қизиқиш ва қамровнинг кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Танловнинг вилоят босқичида 40 нафар истеъдод эгаси Ватан ва истиқлол мавзуларидаги қўшиқлари билан иштирок этди. Ижод намуналари матн ва оҳанг уйғунлиги, ижро маҳоратига кўра баҳолаб борилди.
Қарши маданият ва туризм коллежи анъанавий қўшиқчилик йўналиши ўқитувчиси Олимжон Исмоилов "Тасаддуқ" қўшиғи билан ғолиб деб топилди. Қамаши туманидаги Лангар маданият ва аҳоли дам олиш маркази бадиий раҳбари Азамат Равшанов, Чироқчи транспорт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Миржаҳон Тожимуродов иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади.
Ғолиблар танловнинг мамлакат босқичида иштирок этади.
Н.ХЎЖАЕВ
Суратда: кўрик-танловдан лавҳа.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган сурат.