Меню
Қашқадарё
ЭНГ ЯХШИ ЎН КИТОБХОН АНИҚЛАНДИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур танловда университет талабалари, ўрта махсус, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ва ёш китобхонлар қатнашишди.
Танлов аввалида ўтказилган тадбирда таъкидланганидек, китоб барча даврларда ҳам инсонларнинг дунёни англаши, дўст орттириши ва ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиб келган. Чунки у олам калити бўлиб, жамият тараққиётини белгилайди. Шу боис ҳам ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини янада ошириш муҳим масала саналади.
- Эндиликда мазкур танлов ҳар йили 30 март санасида анъанавий тарзда ўтказиб борилади, - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Ўроз Ҳайдаров. – Бу танлов ёшлар орасида китоб ва китобхонликни янада юксалтириш, ёш ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди. Кейинги танловларда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан китобхонларни қамраб олишни ният қилганмиз.
Танлов ғолиблари икки мезонга кўра, яъни китобхоннинг мутолаа қилган асарлари юзасидан таассуротларининг ёзма ва оғзаки баёни бўйича баҳоланди.
Тадбир сўнгида энг яхши ўн нафар китобхон аниқланиб, улар ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара китоблар тўплами билан тақдирланди.
Азизбек НОРОВ