Меню
Қашқадарё
ЭНГ ЯХШИ КУТУБХОНАЧИЛАР АНИҚЛАНДИ
- Танловнинг дастлабки босқичи вилоят халқ таълими, ўрта махсус олий таълим муассасалари тизимларида ўтказилиб, ғолиблар аниқлаб олинган эди, - дейди вилоят ахборот-кутубхона маркази бўлим мудири Ш.Исаева. – Улар энди танловнинг республика босқичига йўлланма берадиган бешта ўрин учун баҳс олиб боришди.
Танлов шартларига кўра, дастлаб иштирокчилар ўзлари фаолият олиб бораётган ахборот-кутубхона муассасаси ҳақида маълумот берувчи тақдимотни ўтказишди. Иккинчи шартда уларнинг ахборот-кутубхона соҳасининг турли йўналишларига оид билим даражаси тест саволлари асосида аниқланган бўлса, “Мутолаа қилувчи кутубхоначи” деб номланган учинчи шартда эса иштирокчиларнинг китобхонлик борасида эришаётган ютуқлари, ўқиган асарларини таҳлил қилиб бера олиш қобилияти синовдан ўтказилди.
Барча шартлар натижасига кўра, вилоят ахборот-кутубхона марказининг 1-тоифали кутубхоначиси Гўзал Ҳайдарова 1-ўрин, Қарши давлат университети ахборот-ресурс маркази ходими Гулҳаё Исақулова 2-ўрин, Китоб туманидаги 3-сонли умумтаълим мактаби ахборот-ресурс маркази кутубхоначиси Сабоҳат Дўстова 3-ўрин, Косон тумани кўзи ожизлар кутубхонаси кутубхоначиси Санобар Нурова 4-ўрин, Косон агробизнес касб-ҳунар коллежи ахборот-ресурс маркази раҳбари Сайёра Жумаева 5-ўринни эгаллаб, кейинги босқичга йўлланма олди.
Танлов низомига кўра, ушбу беш нафар ғолиб эндиликда ягона жамоага бирлашиб, танловнинг республика босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилишади.
Ж.БОЙМУРОДОВ