Меню
Қашқадарё
"ЭНГ ЯҚИН ДЎСТ" ДЎКОНИ Унга кириб турибсизми?
Айниқса, истиқлолнинг илк йилларидан Президентимиз раҳнамолигида инсон маънавиятини юксалтиришда, унинг эътиқодини мустаҳкамлашда катта ўрин тутадиган адабиёт ва санъатни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинаяпти. Шоиру ёзувчиларнинг ижодий фаолияти муносиб рағбатлантирилиб, халқимиз онгу тафаккурини юксалтириш, ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида камол топтириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.
- Баъзан айрим давраларда ёки кишилар билан мулоқотда "одамлар, айниқса, ёшлар китоб ўқимай қўйди", деган гап-сўзлар қулоққа тез-тез чалиниб туради, - дейди Ғузор туманидаги 8-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Дилфуза Аҳмедова. - Фикримча, бугун, яъни XXI асрда илм-фан ва техника қанчалик ривож топмасин, китоб мутолаасига эҳтиёж сира камайгани йўқ. Чунки китобнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Мисол учун, кутубхоналар, китоб дўконлари, театрлар, бадиий кўргазма залларига бир разм солинг. Айниқса, ёшларимизда санъатга, маърифатга ўзгача бир ташналик, иштиёқни кўрасиз.
Дарҳақиқат, юртимизда бадиий адабиётга, илм-маърифатга қизиқиш асло сусайгани йўқ. Аксинча, китобхонлик даражаси янада ўсаяпти. Ҳар йили анъанавий тарзда китоб байрамлари ташкил этилаётгани, юртимиздаги бир қатор нашриётлар халқаро китоб ярмаркаларида муносиб иштирок этаётгани одамларда китоб ўқишга янада кўпроқ рағбат уйғотаяпти. Биргина вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, турли жойларда кўплаб янги ва замонавий китоб дўконлари фаолияти йўлга қўйилаяпти.
Тан олиш керак, яқин-яқингача вилоят маркази - Қарши шаҳрида ҳам китоб дўконлари кам эди. Уларнинг сони икки ёки учтадан ошмасди. Бироқ сўнгги йилларда вилоят марказида ҳам бирин-кетин янги китоб дўконлари ташкил этилди. Бугун мазкур дўконлар китобсеварлар билан гавжум.
Яқинда "Узоқ бобо" хусусий корхонаси ҳам янги қурилган кўп қаватли уйлардан бирининг биринчи қаватида янги китоб дўконини очди.
- Олдиндан замонавий ва шинам китоб дўконини очишни ўйлаб юрардик, - дейди корхона директорининг ўринбосари Бекзод Узоқов. - Шу мақсадда ўтган йили мазкур дўкон фаолиятини йўлга қўйдик. Бадиий адабиётга қизиқувчиларнинг талабидан келиб чиқиб, дўконимизга республикада нашр этилган сара бадиий асар ва ўқув қўлланмаларини келтиришга ҳаракат қилаяпмиз.
Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг ўзида Қарши шаҳрида яна 2 та китоб дўкони ишга туширилиши режалаштирилган.
Авваллари қатор туман марказларида китоб дўкони йўқлиги сабабли адабиёт ихлосманди ўзи ўқишни истаган китобни топаман деб ҳалак бўларди. Эндиликда эса туман марказларида ҳам кетма-кет китоб дўконлари очилаяпти. Бу ушбу ҳудудлар аҳолиси учун ажойиб янгилик бўлмоқда. Энди улар ўзлари истаган асарни ўз туманидан топаяпти.
Мубораклик тадбиркор Алишер Қувватов ҳам китобхонларнинг талабидан келиб чиқиб, туман марказида янги ва замонавий китоб дўкони фаолиятини йўлга қўйди.
- Китоб инсоннинг ақлини чархлаб, уни яхшиликка етаклайди, - дейди у. - Ўғил-қизларимизнинг одобли, маънан етук инсонлар бўлиб етишишида унинг ўрни беқиёс. 2015 йилнинг учинчи чорагида китоб дўконини ишга туширдик. Китобларни пойтахтдан олиб келамиз. Мабодо дўконимизда харидор излаган китоб топилмаса, уни маълум вақт ичида буюртма асосида етказамиз.
Яккабоғ тумани марказида ҳам ана шундай 4 та китоб дўкони фаолият кўрсатаяпти. Шу туманлик Ҳусниддин Райимов мазкур дўконларга тез-тез ташриф буюриб туради.
- Инсоният пайдо бўлибдики, у яратган энг ноёб ва бебаҳо бойликлардан бири бу китобдир, - дейди китобхон. - Китоб билан дўстлашган инсоннинг фикри теран, иродаси мустаҳкам бўлади. Ҳаётнинг маъно-мазмунини чуқур англайди. Ёшлигимдан китобга меҳрим баланд. Айниқса, туманимиз марказида китоб дўконлари сони ортаётгани қувонарли бўлди. Чунки бир дўкондан излаган асаримни тополмасам, уни бошқасидан топишим мумкин.
Эътиборлиси, вилоятимиздаги мазкур янги китоб дўконларида жаҳон ва ўзбек адабиётининг дурдона асарларини саралаб сотиб олиш имконияти кенг. Шу билан бирга, уларда янги-янги адабиётлар, айниқса, болалар учун мўлжалланган шеърий, суратли ва эртак китобларнинг сони кўплиги аҳамиятли. Қолаверса, китоблар жавонларга мавзуларига қараб тартиб билан териб қўйилган: бадиий, илмий адабиётлар, болалар адабиёти, чет тиллардаги нашрлар... Энг муҳими, китоб дўконида сиз излаган асар топилмаса, уни буюртма қилиб, маълум муддатда қўлга киритасиз. Бу эса китобхонлар учун қулайлик туғдираяпти.
Маълумотларга кўра, жорий йилда Миришкор туманида ҳам замонавий китоб дўкони очилади. Бундан айниқса туманнинг китобсевар ёшлари хурсанд.
- Туманимиз марказида китоб дўкони йўқ эди, - дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Отабек Ҳамроев. - Бироқ жорий йилда тадбиркор Сафарали Мирзаев янги замонавий кўринишдаги китоб дўконини бунёд этаяпти. Унда энг сара китоблар сотуви йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Охирги пайтларда баъзи ота-оналар болалари китоб ўқишдан совигани, устига-устак, жойларда яхшироқ китоб дўкони йўқлиги, натижада улар компьютер ўйинларига муккасидан кетаётганини айтишади. Бироқ халқимизда "қуш уясида кўрганини қилади", деган нақл бор. Фарзанд китобга меҳр қўйиши учун, аввало, ота-онанинг мутолаага меҳри баланд, хонадонида маълум мазмун-моҳиятга эга китоб бўлиши, уни харид қилиш учун эса жойларда китоб дўконлари янада кўпаймоғи керак. Болаларда ёшликдан китобга меҳр уйғонса, умр бўйи китобсиз яшолмайди. Китоб бор уйнинг файзи эса бўлакча.
Айниқса, бугунги кунда дунёда турли хил ёт ғоялар ёшлар онгу тафаккурига жиддий хавф солаётган бир вақтда келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг эътиқодини мустаҳкамлаш, уларнинг маънавий баркамоллигини таъминлашда адабиётга суяниш ғоят самарали. Шу маънода бугун шаҳару қишлоқларимизда очилаётган янги китоб дўконлари баркамол авлод тарбиясида ҳам муносиб ўрин тутиши шубҳасиз.
Азизбек НОРОВ