Меню

Қашқадарё

15.05.2020 1857

ЭНГ МУҲИМИ - ИЛК ОДИМ ТАШЛАНГАНИ

Ушбу жараёнда кимдир масъулиятли, кимдир томошабин бўлаётгани ҳам бор гап

Шу куннинг мавзуси

1

Яқин-яқингача масофадан туриб олинадиган таълим ҳақида сўз очилса ишониш қийин эди, кўпчилик:

- Ҳали бу тизимга ўтишга анча-мунча қовун пишиғи бор, - дея мулоҳаза билдирарди қатъий қилиб. Малака ошириш тизимида ўтказилган бир-икки синовлар ҳам етарли натижани бермагандек эди гўё.

Отам раҳматли бирор ишга қўл уришдан чўчиб турсак, бир ибратли мақолни кўп такрорлар эди:

- Болам, "кўз - қўрқоқ, қўл - ботир" дейишибди. Чўчимай ишни бошлаш керак, йўлини Яратганнинг ўзи кўрсатади.

Донишманд халқ бир нарсани билмаса айтмайди. Кейинги йилларда таълим соҳасида қўл урилган янгиликларни бирма-бир санаб ўтишнинг ўзи, излаган имкон топишига ёрқин мисол бўла олади:

- мактабгача тарбия муассасалари алоҳида вазирликка бириктирилди;

- бошланғич таълим беш кунлик иш тартибига ўтказилди;

- ўқувчилар табақаланишини бартараф этиш мақсадида ягона мактаб формаси жорий этиш йўллари изланаяпти;

- 11 йиллик мактаб таълими тизими йўлга қўйилди;

- малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида педагогика йўналишидаги олийгоҳларда махсус сиртқи бўлимлар очилди;

- ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш босқичма-босқич оширилаяпти;

- умумий ўрта таълимга касб-ҳунар таълими қўшиб олиб борилаяпти;

- мактаблар моддий-техника базаси кун сайин такомиллаштирилмоқда;

- мажбурий меҳнат, шу жумладан, ўқитувчининг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этилиши тақиқланди;

- халқ таълими тизимини бошқариш янгиланаяпти...

Президентимизнинг 2018 йил 5 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган 2018-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури исталган бандини мутолаа этсак, яна кўплаб ислоҳот қирраларини кашф этаверамиз. Қисқача таъриф берилса, мактаб таълими, умуман, таълим тизими шаклан янгиланаяпти, эндиги вазифа мазмунан ўзгаришга келиб тақалади. Мазмун ўзгариши эса ўқитувчи кадрлар салоҳиятига боғлиқ.

Гарчи мактаблар энг сўнгги русумдаги ахборот технология воситалари билан қуроллантирилган бўлса-да, уни таълимга жорий этиш зиммасига тушадиган ўқитувчи "эски ҳаммом, эски тос" қабилида иш юритар экан, шакл ўзгаришлари қай даражада фойда келтирарди?

Замонавий ўқувчи бошқача, у интернет оламида яшаяпти, биз йиллар давомида излаб келаётган воқеа, хабар ва янгиликлардан у "Гугл" қидирув тизими тугмасини биргина босиш билан танишаяпти. Ишонмасангиз оддийгина қўл телефонини боғча боласининг қўлига бериб кўринг, у сиз оддийгина алоқа воситаси деб қараётган телефоннинг ўнлаб ҳайратангиз функцияларини кашф этиб беради. Шундай экан, "ўз жойимизда қолиш" учун биз ташлайдиган илк қадам эски услублардан воз кечиб, фаолият мезонларимизни янгилашга қаратилиши керак. Акс ҳолда тезкор тараққиёт суръатлари бизни бир зумда ўз оқимидан четга суриб ташлайди. Оқимдан четда қолиш эса давр шиддаткор кемасидан тушишимизни тақозо қилади. Ўз навбатида кемани эрта тарк этиш неча йиллардирки ардоқлаб келган, меҳр қўйган муаллимлик фаолиятимиз интиҳосига йирик нуқта қўйиш билан якун топади.

2

Кўпинча ҳамкасбларим билан фаолиятимиз уфқлари юзасидан баҳсга қиришсак, инглиз адиби Льюис    Кэроллнинг "Алиса кўзгу орти мамлакатида" асаридаги персонажлардан бири Қора Қироличанинг "Ўз жойида қолиш учун оёқни қўлга олиб югуриш керак" деган сўзларини мисол келтираман.

Қизиқ, модомики мақсад "ўз жойида қолиш" бўлар экан, югуришга, тағин "оёқни қўлга олиб югуриш"га нима ҳожат бор, деган мулоҳаза туғилиши шубҳасиз. Бу ўринда "ўз жойида қолиш" иборасининг таг замини биз учун муҳим. Таг замин шундаки "ўз жойи" бу - бизнинг иш ўрнимиз, яъни чекимизга тушган ўқитувчилик касби.

Мамлакатимизда таълим тизимини тўла ислоҳ қилиш вазифаси олға сурилаяпти, бу борада дастуриламал бўлиб хизмат қиладиган қарор ва  дастурлар ишлаб чиқилаяпти. Табиийки, ҳар қанча ҳужжат қабул қилинмасин ислоҳот ўз ижрочиси саъй-ҳаракатлари эвазига рўёбга чиқиши айни ҳақиқат. Айнан ўша ижрочи - бошқа биров эмас, Сиз билан биз. Тўғри, буюртмачи ижрочига вазифани амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш тўғрисида қайғуради. Комил инсонни тарбиялаш, камолга етказиш, шу йўл билан тараққиёт сари интилиш - давлатимиз мақсади. Мақсад эса пировард натижани кўзлаб ташланадиган ҳар бир одимда ўз аксини топиши лозим.

Дунёни ларзага келтирган коронавирус пандемияси бир оқимга тушиб олган турмуш тарзимизга ўзимизга боғлиқ бўлмаган ўзгариш ва йўналишлар киритди. Айни таълим тизимида йил давомида эгалланган билимларни сарҳисоб қилиш босқичига ўтилганида карантин шароити жорий этилди. Тизим ижрочилари ва истеъмолчиларини бир савол қамраб олди:

- Энди қандай йўл тутилади, ўқув йили якунланмай қоладими?

Таълим-тарбия тизими таътил билмайдиган жараён, йўл қўйилган озгина сусткашлик барча саъй-ҳаракатлар зое кетишига туртки бериши муқаррар. Шундай шароитда давлат раҳбарининг ҳар бир тизим вакиллари зиммасидаги вазифаларни аниқ-равшан белгилашдаги қатъияти, Халқ таълими вазирлигининг бу борадаги ҳозиржавоблиги самараси ўлароқ юзага келган вазиятдан чиқиб кетиш омиллари топилди. Март ойининг сўнгги икки кунидан бошлаб "уйда қолиш" ва телевизион дарслар ўтиш йўлга қўйилди. Зарурият туфайли онлайн таълимга ўтилиши фаолият мезонларимизда нафақат бурилиш ясаб берди, балки айрим кемтикларни ҳам рўй-рост кўрсатди.

3

Бу кемтиклар нималардан иборат эди:

- айрим ҳудудларда, айниқса қишлоқ шароитида интернет тизими паст тезликда ишлаши;

- ҳамма ўқувчилар ёки уларнинг ота-оналарида бирдек замонавий алоқа воситаси мавжуд эмаслиги;

- дарс жараёнида кўргазмалиликка етарлича эътибор берилмагани;

- энг асосийси, нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчилар орасида ҳам замонавий алоқа воситаларини қўллай билиш малакаси етарли эмаслиги.

Шу ўринда яна бир бор "ўз жойида қолиш учун оёқни қўлга олиб югуриш" эффекти ўзини намоён этди. Халқ таълими вазирининг 1 апрелдан барча таълим муассасалари ва уларда фаолият олиб бораётган ўқитувчилар масофадан ишлаш тизимига ўтказилиши тўғрисида чиқарган буйруғи тизимнинг замонавий талаблар даражасида қуролланмаган, яъни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш  малакасини эгаллаш ишига панжа орасидан қараб келаётган ҳодимлари олдига қисқа фурсатда янгиланиш сари йўл тутиш вазифасини юклади.

Янгича тизимда ишлашга ўтилган илк кунларда энг кўп такрорланган савол қуйидагича кўриниш олди:

- Биз нима қилишимиз керак?

Жавоб эса бир қарашда оддий:

- Ўзингиз раҳбарлик қиладиган синф ёки фан бўйича Telegram канали очиб, унга ўқитувчилар, ўқувчилар ва ота-оналарни бириктиринг. Телевизион дарслар ўқувчилар томонидан қандай ўзлаштирилаётганини назоратга олинг.

Аммо бу ишни бажаришнинг ўзи бўладими? Юқорида таъкидлаганимиздек, ҳамма ўқувчилар ёки уларнинг ота-оналарида замонавий алоқа воситалари мавжудми, бор бўлса, унда ишлаш малакасини эгаллаганми?

- Бошда анча қийин бўлди, - дейди халқ депутатлари Миришкор тумани Кенгаши депутати, мактабимизнинг 4-"б" синф раҳбари Ўғилжаҳон Қурбонназарова. - Рости, замонавий, кенг профилли қўл телефони ишлатсам-да, унда мавжуд кўпгина хизмат турларидан фойдаланишни билмас эдим. "Бир аср яшасанг, бир аср ўрган" деганлари бежиз эмас экан. Педагогика олийгоҳида таҳсил олаётган кенжа фарзандимдан ўргандим. Ўқув йили бошида ҳамма  ўқувчиларимнинг ота-оналари телефон рақамларини синф журналига қайд этганим асқатди. Мавжуд 32 ўқувчининг 20 нафари бевосита онлайн гуруҳимизга аъзо. 9 нафарини ота-онасининг, 3 нафарини қўшнисининг телефон рақами орқали назорат қилиб бораяпман. Онлайн дарс синфимизда аъло баҳоларга ўқиш бўйича  рақобат муҳитини янада  кучайтирди, нафақат ўқувчилар, ота-оналар қизиқишини ҳам оширди. Негаки улар бугун ўзларини муаллим сифатида ҳам синовдан ўтказишаяпти.

Шу ўринда яқиндагина собиқ ўқувчиларимдан бири қўнғироқ қилиб айтган гаплар эсимга тушди:

- Домла, гапнинг очиғи, болани мактаб тежар экан. Карантин бўлдию, болаларимиз уйда ўтириб қолганларидан кейин улар билан муросаю мадора қилишнинг нақадар қийинлигини ҳис қилдик. Куни кеча телевизион дарс жараёнида қанча ўргатмай мисолни нотўғри ечган ўғлимнинг юзига шапалоқ тортиб юбордим. Баракалла сизларнинг жонингизга, ҳаммасига дош берасизлар...

- Ўқишни тугатиб, ўқитувчилик фаолиятимни бошлаган илк йилдаёқ бундай синовга дуч келишимни кутмагандим, - дейди ўқитувчи Ҳилола Мактимова.- Яхшиямки, олийгоҳда АКТ билан ишлаш малакасини пухта ўрганган эканман. Онлайн дарсларда ўқувчиларга биргина эшитиш билан чегараланиб қолиш эмас, балки кўриб хулоса чиқариш имкони тақдим этилаяпти.

Масофадан берилаётган таълимнинг ижобий ва салбий томонлари ҳақида ҳали баҳслар кўп бўлади. Бу табиий жараён, ҳар бир янгилик ўзига осонгина йўл топиб кетавермайди. Биз учун энг муҳими илк одим зарурият туфайли бўлса-да ташлангани. Яна бир муҳим жиҳати, бу жараёнга кимдир масъулият билан ёндашиб, ўзидаги ютуқ ва камчиликларни ўзи учун сарҳисоб қилиб олган бўлса, кимдир четдан томошабин бўлиб турди, боиси, янгиланиш сари йўл тутишга камчиликни ташкил этган иккинчи тоифадагиларнинг билим ва кўникмаси етишмади.

Абдунаби АБДИЕВ,

Миришкор туманидаги 22-мактаб директори

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!