Меню
Қашқадарё
Энг кўп аҳолига эга мамлакатда камайиш тенденцияси кутилаяпти
Хитой аҳолиси яқин уч йил давомида камайишни бошлайди, дея хабар қилади The Global Times манбаси мамлакат Миллий соғлиқни сақлаш комиссиясининг аҳоли ва оила масалалари бўлими бошлиғи Ян Вэньчжуан берган маълумотларга таяниб.
Экспертлар фикрича, туғилиш кўрсаткичларининг пастлиги сабаб, ушбу тенденция камида кейинги юз йил давомида устунлик қилади.
"Учинчи фарзанд кўришга рухсат бериш сиёсати бу борадаги айрим муаммоларни юмшатиши мумкин, бироқ юзага келаётган тенденцияни қисқа муддатларда тескари буриб юбориши даргумон", дейди Хитой ва глобаллашув таҳлил маркази демографи Хуан Вэньчжэн.
Хитойда 1979 йилдан то 2015 йилгача "бир оила - бир фарзанд" тамойили амал қилган. Унга риоя қилмаганлик учун ота-оналарга катта миқдордаги жарима солинган. Ушбу сиёсат бекор қилингач, мамлакат ҳукумати эр-хотинларга икки нафар, ўтган йили май ойида эса уч фарзанд кўришга рухсат берган эди.
Расмий маълумотларга кўра, айни вақтда Хитой аҳолиси сони 1,4 миллиард кишидан ошган.
Аввалроқ тахминан 2027 йилга келиб Ҳиндистон Хитойни ортда қолдирган ҳолда дунёнинг энг кўп аҳолига эга мамлакатига айланиши башорат қилинганди.