Меню
Қашқадарё
ЭНГ ФИДОЙИ УСТОЗЛАР ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ
Танлов
Ўқитувчилар ва мураббийлар куни арафасида “Uzbekistan GTL” МЧЖ томонидан олий таълим муассасаларининг илмий-педагог ходимлари учун ўтказилган “Энг фидойи устоз” танлови ғолиблари эълон қилинди.
Қувонарлиси, мазкур танловда эътироф этилган 9 нафар педагогдан 3 нафари вилоятимиздаги олий таълим муассасалари вакилидир.
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти кафедра мудирлари Фирдавсий Бўронов ва Эркин Раҳматов ҳамда Қарши давлат университетидан ўқитувчиси Нурбек Умиров танловнинг биринчи ва иккинчи даражали совринлари соҳиби бўлдилар.
Илк бор ташкил этилган мазкур танловнинг асосий мақсади олий таълим муассасаларида ўзининг фидойи меҳнати билан кадрлар тайёрлашга катта ҳисса қўшаётган профессор-ўқитувчиларни тақдирлашдан иборатдир. Ғолиблар жорий йилнинг июль-сентябрь ойларида мингдан зиёд талабалар ҳамда 500 нафарга яқин компания ходими ўртасида ўтказилган сўровнома ва улар томонидан тавсия этилган 200 дан ортиқ ўқитувчиларга берилган таъриф, фикр-мулоҳазалар асосида аниқланди.
- Очиғи, танловда ғолиб бўламан деб ўйламаган эдим, - дейди ҚарМИИ нефть ва газни қайта ишлаш технологияси кафедраси мудири Эркин Раҳматов. – Байрамда ажойиб хушхабар бўлди. Шогирдларнинг шундай эътирофи ва эътиборига сазовор бўлиш кишининг ўз ишидан, меҳнатидан розилик, миннатдорлик ҳиссини, энг муҳими, масъулиятини янада оширади.
Сўровномада асосий эътибор илмий-педагог ходимларнинг касбий фаолияти, шахсий сифатлари ва фазилатларини аниқлашга қаратилди. Сўровнома қатнашчиларининг ўз устозларининг таълим бериш услуби, дарс жараёнини самарали ташкил этиши, талаба-ўқитувчи муносабатлари, ҳалоллик принципларига риоя қилиши ҳақидаги фикрлари инобатга олинди.
Танловнинг ҳар бир ғолиби 30 миллион сўмдан 70 миллион сўмгача миқдорда рағбатлантирилади ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланади. Ғолибларни тантанали равишда тақдирлаш маросими шу йилнинг октябрь ойида “Uzbekistan GTL” заводида бўлиб ўтади.
Абдураззоқ МУРОДОВ